Болтабой Муҳаммад Қурбон:»Бир умрга айрилардинг эрингдан»

УМРБЕК ЛАҚҚИ ҲАНГОМАСИ

Тун яримда ҳожат учун Умрбек,
Фонус тутиб ташқарига йўл олди.
Ташқарида бир басавлат одамнинг,
Турганини кўрди-ю қотди қолди.

Ўғри дея гумон қилиб Умрбек,
Фонусини баланроққа кўтарди.
Ўғри бўлса жилмас эди жойидан,
На юрарди, на келарди, кетарди.

Ҳожати ҳам эсдан чиқиб шу топда,
Қўлда фонус қурққанидан қалтирар.
Дами чиқмас дод солмоққа мажол йўқ,
Ҳимояга таёқ -паёқ ахтарар.

Бирдан ақли иш бердию шу маҳал,
Ичкарига шошганича чопди у.
Сандиғига жойлаб қўйган, хув эски,
Занглаб қолган қўшоғизни топди у.

Милтиқ қўлда дадил бўлиб ўшқирди,
Энди сени сўроқ қила бошлайман.
Кимсан ўзинг, нега келдинг ярим тун,
Гар айтмасанг шарта отиб ташлайман.

Сўроқларга кўмиб ташлаб ўғрини,
Ўзи бўлса уёқ-буёқ юрарди.
Ўғри бўлса пинагини бузмасдан,
Умрбекка безрайганча турарди.

Сабри тугаб нишон олди Умрбек,
Отди .Ҳайхот ўғри қимир этмасди.
Умрбекнинг рангида қон қолмади,
Темир дейсиз унга ўқ ҳам ўтмасди.

Ўқ овози ола- тасир ғовғони,
Умрбекнинг қичқиргани додини.
Эшитганча ўқлов олиб қўлига,
Чиқиб келди Умрбекнинг хотини.

Нима бўлди, не гап, ахир ёшулли,
Ярим кеча сизни нима жин урди.
Деб хотини милтиқ тутган қўлида,
Қалтираган Умрбекка югурди.

Қариганда наҳот кўздан қолдингиз,
Рангингизда қон қолмабди сўлибсиз,
Айни ўзи қимматчилик замони,
Чакмонни ҳам илма тешик қилибсиз.

Чакмонини уёқ буёғин кўриб,
Бош чайқади,афсус қилди Умрбек.
Бирдан уни пешонаси тиришиб,
Юзи бўлди бирдан қора кўмирдек.

Хотин асли толелисан бахтлисан,
Шу сабабли севасан қалб қўрингдан.
Ичида гар ўзим бўлсам чакмонни,
Бир умрга айрилардинг эрингдан.

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *