Болангизга қўй деманг

Илтимос, ота-оналар, болангизга қўй деманг. Майли шўхлик қилсин, эҳтимол безорилик қилар, гапингизга кирмас, нотўғри йўлдан кетаётгандир, аммо, нима бўлганда ҳам унга қўй деманг. Ундай қилма, у билан дўстлашма, бу йўлдан борма, денг, майли, бироқ «қўй» деган сўзни ишлатманг, илтимос. Одам бир сўзни ҳадеб эшитаверса у бутун вужудига сингиб, ҳатто ҳужайраларида ҳам у акс-садо бераркан. Болага ҳадеб қўй дейвериб уни қўйга ўхшатиб қўйманг, илтимос!

Ҳурматли ота-оналар! Сизлардан илтимос, фарзандингизни қўзичоғим деб эркаламанг, қўчқорим деб мақтаманг! Арслоним, денг, қоплоним, денг, майли, айиқ полвоним, денг, аммо қўзичоғим деб уни қўй қилиб тарбияламанг, келажакда қўймижоз бўлишига изн берманг.

Азиз ота-оналар, болангизга ҳадеб қўй дейверманг, илтимос! Уни ўз фикри, ўз сўзи, ўз қарорига эга бўлмаган «латта» қилиб тарбияламанг! Эртага кимдир унинг ҳақини еса «қўй» деб жим туравермасин, ҳақини талаб қилишни билсин, оғзидагини олдириб қўймасликка ўргатинг.

Андишанинг отини қўрқоқ дейишади. Ҳаётимиздаги кўплаб муаммоларимиз аслида «қўй» деб қўл силтаб кетишимиз, «қўй» деб кўз юмишимиз, «қўй» деб тилимизни тийишимиз, «қўй» деб масъулият, жавобгарликни зиммамизга олишдан қочишимиздан бўлмаяптими? Нега ноҳақ, номуносиб одам сиз ёки фарзандингизнинг ўрнини эгалласа жим тураверасиз, нега золим қўлингиздаги аслида сизга тегишли нарсани олса бер деб курашмайсиз?

Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизни қўйдек ювош, қўйдек калтабин, қўй каби фаросатсиз қилиб тарбияламанг, илтимос! Калта фикрлайдиган, фақат ўз жони, ўз тинчлиги, ўз манфаатини ўйлайдиганлар «подаси»да на миллат, на дин, на Ватан қайғуси бўлади. Улар ўз оиласига ҳам аслида хиёнат қилаётган бўлади. Қўшниси, ҳамкасби, юртдоши дуч келган муаммога кўз юмган «қўймижоз» бир кун ўша ташвиш унинг ҳам бошига келишини ўйлаб кўрмайди. Пул бер деса беради, обуна бўласан дейди, обуна бўлади, темир олиб кел деса уйидаги яроқли матоҳларни бўлса ҳам олиб боради, оёқ кийимимни арт деса артади, пайпоғимни юв деса ювади, ўл деса ўлади…

Санжар Саид

2 комментария

  1. ЖААА ОШИРВОРИБСИЛА, ҚЎЙ ДЕГАНИ ХАЙВОН МАЪНОСИДАМАСКУ, УНАК КИЛМА ДЕГАНИ БУ. КОЛАВЕРСА ҚЎЙ БЕФАРОСАТ ХАМ ЭМАС, ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙХИССАЛОМ ЮМШОК КЎНГИЛ БУЛИШГА ЧАКИРГАНЛАР.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *