Блогерлар танлови: Шошқалоқ терговчилар

Бирор бир шахс агар жиноятга қўл урса, албатта, қилмишига яраша жазо олиши лозим. Аммо тайинланадиган жазони тайинланишида терговчилар суриштирув ва тергов жараёнида холисликка ва синчковликка панжа орқасидан қараб шошма-шошарликка йўл қўйсалар адолатли қарордан умид қилмаса ҳам бўлади. Мен ўзим бевосита иштирок қилган суд жараёнида амин бўлдимки, адолат торозисини қўлида ушлаган судъялар дастлабки тергов жараёнидаги камчиликларга баҳо беришдан қайсидир сабабларга кўра тийилар эканлар. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган жиноят иши 2016 йил 21 сентябрда Қўшкўпир туман прокуратурасининг терговчиси А. Якубов тамонидан Ш. Рўзметовга нисбатан ЖКсининг 25, 97 моддаси 1 қисми билан 5422 сон билан қўзғатилган. Ушбу жиноят ишидаги айрим ҳужжатларни адвокатдан олиб танишиб чиқиб амин бўлдимки, жиноят ишини на адвокат ҳам, терговчи ҳам , прокурор ҳам , ҳаттоки одил судловни амалга ошириши лозим бўлган судья жаноблари ҳам умуман ўқиб кўрмас эканю

Бундай хулосага келишимга қуйидаги фактлар сабаб бўлди.

1. Қўшкўпир туман прокуратурасининг терговчиси, 3 даражали юрист А. Х. Якубов тамонидан 2016 йил 21 сентябрда ҳимоячи Р. Хайитов иштирокидаги “гумон қилинувчини сўроқ қилиш баённомаси” нинг биринчи бандида гумонланувчи Ш. Рўзметов деб кўрсатилиши ўрнига негадир Д. Р. Сапаев деб ёзади.

2. Менимча ушбу терговчи нафақат эътиборсиз балки сеҳргар ҳам экан. Бу терговчи жанобнинг сехр жодуси шу қадар кучлигидан бир вақтнинг ўзида ҳам хизмат хонасида сўроқ ўтказиш, ва ўша вақтнинг ўзида сўроқ жараёнида берилган кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш билан боғлиқ тергов ҳаракатини ўтказиш қобилиятига эга экан. Айтганларимизни Қўшкўпир туман прокуратурасининг терговчиси, 3 даражали юрист А. Х. Якубов тамонидан 2016 йил 22 сентябрда тузилган “Айбланувчини сўроқ қилиш баённомаси”да кўрсатилишича Ш. Рўзметовни ўз хизмат хонасида сўроқ қилишни 22 сентябрт куни соат 15дан 45 дақиқа ўтганда бошлаб, 16 дан 20 дақиқа ўтганда тамомлайди. Ҳолбуки, худди ўша куни яъни 22 сентябрь 2016 йил соат 15 .30дан то 16. 25 га қадар сўроқ жараёнида иштирок этиши лозим бўлганларнинг барчаси жиноят содир бўлган жойда ўтказилган тергов ҳаракатларини ўтказиш билан банд бўлганликларини ушбу терговчининг шахсан ўзи тамонидан тузилган “кўрсатувларни ҳодиса бўлган жойда текшириш тўғрисидаги баённома” тасдиқлаб беради.

3. 2016 йил 30 сентябрь куни 5422 сонли жиноят ишини Хоразм вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлимини бошлиғи 1 даражали юрист Ғайрат Султонов ўз юритувига олади. Бу жаноб терговчи агарда ушбу жиноят иши ҳужжатларга ҳеч бўлмаса кўз югиртириб чиққанида ўзидан олдин терговни олиб борган терговчи А. Яқубовнинг камчиликларини кўриб, тўғирлаган бўларди. Аммо бу терговчи ҳам кимнидир қистови билан терговни шошма шошарлик билан олиб боришга “мажбур” бўлди. Терговчи айбланувчи Ш. Рўзметовга қўлланилган ЖКнинг 25,97 моддасининг 1 қисмидан 2 қисмини “ж” ва “л” бандлари билан қайта квалификация этди ю, аммо айбланувчига нисбатан қачон “ қамоқ” чораси қўлланилгани эсидан чиқиб кетди.

Акс ҳолда 2016 йил 18 октябрь куни “Суд психатрия экспертизаси тайинлаш ҳақидаги қарор”ида (жноят ишининг 149 бети) охирги абзацда “Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2016 йил 10 март кунги ажрими билан Д. Яхшимуратовга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган” деб ёзмасди. Тепадаги “сирли” бировнинг шошилтиришиданми ёки бошқа сабабданми айбланувчининг исми шарифини чалкаштириб юборган жаноб терговчи Ғайрат Султоновнинг “суд психатрия экспертизаси ўтказиш учун тиббий муассага жойлаштириш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарор”ини ўз навбатида Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия маслаҳатчиси А. У. Мухаммадиев ҳам ўқиб кўрмасдан, кўзини юмганича “розиман” дея имзо чекиб беради. Агарда жаноб прокурор ўринбосари ушбу қарорга кўзининг қири билангина қараганда қарорнинг учинчи ва тўртинчи абзацларидаги “Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг 2016 йил 22 март кунги ажрими билан Ш. Рўзметовга “қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган .

Айбланувчи Ш. Рўзметовнинг руҳий ҳолатини, ақли роса ёки норасолигини ҳамда муомилага лаёқатлилигини аниқлаш, шунингдек жиноятни содир этган вақтида ўз ҳаракатларига жавоб бераоладиган ҳолатда бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаш мақсадида 07.10.2016 йилда суд психиатрия экспертизаси ўтказиш учун айбланувчи Д. Яхшимуратовни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги қошидаги руҳий касалликлар клиник шифохонасига бир ой муддатга жойлаштириш ҳақида қарор чиқарилган” деган жумлаларга кўзи тушиб, тўғирлаш учун терговчи Ғ. Султоновнинг афтига отган бўларди албатта.

Юқоридаги айтганларимиз балким прокуратура ходимлари, судья жаноблари учун “ ҳужжатлардаги арзимаган хато“ бўлиши мумкин, аммо ушбу хатолар орқасида гарчи жиноят содир қилган бўлсада бир инсоннинг тақдири ётгани терговчи ва судья учун бир пул эканлигига ишорамикан? Ахир мана шу арзимагандай туюлган хатолар терговчиларнинг ўз ишига бўлган ўта юзаки муносабатининг ўзига хос рамзи эмасмикан? Наҳотки терговчи ва прокурорлар учун ўзлари ёзган ҳужжатларни бир бора қайта ўқиш, терговни холисона олиб бориш шу қадар қийин бўлса?

Катта минбарда туриб ҳурматли Президентимиз нима учун прокурорларни ёмон кўришини айтиб, уларга ўта салбий баҳо берганлигини мен энди тушундим. Мен ҳам сизга 1000 фоиз қўшиламан муҳтарам Шавкат Миромонович!

PS. Ушбу сатрларни ёзиб тугатаётган пайтимда ушбу жиноят ишига оид яна баъзи ҳужжатлар қўлимга тушди. Демак кейинги мақолада жабрланувчига етказилган жароҳатнинг “енгил тан жароҳати” эканлиги, жиноят қуролида айбланувчининг бормақ излари топилмаганлиги ҳақидаги эксперт хулосалар, жабрланувчининг қонга беланган кўйлагининг йўқ қилиниши билан боғлиқ жумбоқ, ҳамда ишга бевосита алоқадор бўлган нейтрал гувоҳларнинг сўроқ қилинмаганлик сабаблари ва терговнинг шошма шошарлик билан, бир ёқлама олиб борилишини тезлаштирган юқори мансабли прокурор ходими ҳақдаги маълумотлар ва мулоҳазалар билан танишасиз.

(маълумот ўрнида маҳкум Ш. Рўзметов бугунги кунда 10 йиллик қамоқ жазосини ЖИЭМлардан бирида ўтамоқда)

Давоми бор…

Давлат Назар
Қўшкўпир тумани

2 комментария

  1. Мен хам бир вақтлар судланганман (ЖК 210-мода) ва қуйидаги «хатолик»ларни сезганман: 1. Холис гувохлар аслида гувох эмас, прокурорни «маҳсус одам»лари. (Мабода гумонланувчи билан келишиб қолинса «иш»ни осонгина йўқ қилиш ёки енгиллоғига алмаштири учун).
    2. Иш (хужжатлари) қўлма-қул судгача етиб келсада, аслида энг мухуми хужатлар эмас терговчини «флежкаси» экан. (Агар хар қандай судда этибор берилса судья хам ёнидаги (бир тийинга қимматли) «маслахатчи»лари хам беэътибор ўтирганинпи кузатиш мумкин). Суд котиби ўзича ниманидир ёзгандек ўтирсада у хам бир иш қилмай вақт ўтказади. Охир-оқибат хукм чиқаришда судья (тўғрироғи) суд котиби терговчи берган флежкадаги якуний хулосани осонгина суд хукмига ўзгаририб қўяди ва иш тамоми.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *