Блогерлар мусобақасига: Таълимда ислоҳотни нимадан бошлаш керак?

Инсоният жамияти ривожланиб борар экан, унинг тадрижий тараққиёти ўша жамиятда илм-фанга бўлган эътиборнинг қай даражада эканлиги билан бевосита боғлиқдир. Жамиятни ривожлантиришни кўзда тутган ҳар қандай ислоҳотлар асосида таълим тизимини ривожлантириш, уни қўллаб-қувватлаш, уни кенг оммага ёйиш мақсади ётмас экан, ушбу ислоҳотлар фақатгина қоғозларда қолиб кетаверади.

Олий таълим тизими ўқитувчиси ўлароқ “Блоггерлар танлови” учун ёзилаётган ушбу постимда мамлакатимиз таълим соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар, бугунги кунда биз йўл қўяётган айрим хато ва камчиликлар ҳақида сўз боради.

Мана абитурент талаба бўлди (абитуриентнинг талаба бўлиш жараёни аҳолида мавзу ва у келажакда алоҳида пост бўлади), уларнинг қалбида мана университетга ўқишга кирдим, энди мен талаба бўлдим деган юксак инсоний туйғулар жўш уради. Уларнинг аксарияти университетдаги ўқитиш жараёнини коллеж ва мактабникидан буткул бошқача деб тасаввур қилади. Кенг аудиториялар, билимли устозлар ва ҳоказо. Шахсан ўзимда ҳам шундай бўлган, лекин дарсга кирган айрим устозларнинг билими саёзлиги, ўзи ўтаётган мавзунинг моҳияти ўзи чуқур англаб етмаганлиги илм осмонига кенг қанот ёзиб парвоз қилаётган талабанинг алдамчи хаёлларини бир зумда барбод қилади. Нега?

Чунки бизда билим бирламчи эмас, ишонаверинг, Ўзбекистондаги аксарият олий ўқув юртларини кузатсангиз мен постда тилга олган жиҳатларни кўришингиз мумкин бўлади. Аввали университет кириш эшиги олдида дресс кодга учрайсиз, яъни сиздан форма талаб қилишади. Ҳа, бу тўғрида дейишингиз мумкин, мен ҳам буни ёмон ёки хато демайман. Лекин илм оладиган одам учун айнан форма бўлишининг у қадар аҳамияти йўқ эканлигини дунёнинг энг ривожланган университетлари мисолида бемалол кўриш мумкин. Бизда ҳар куни биринчи пара бошланганлигига қарамасдан кириш эшиги олдида тўпланиб турган талабалар оломонига кўзингиз тушади. Улар кеч қолишмаган, балки формасиз келган. Яна сиз уларни очиқ-сочиқ кейиниб келибди деб ўйламанг, асло ундай эмас, айрим йигитлар кўйлагининг ранги оқ эмас, кимнингдир галстуги йўқ, айрим қизларнинг кофтаси гулли ва ҳоказо. Ундан четлаб ўтиб дарс жараёнига кирамиз. Ўқитувчи ҳали дарсни бошлаб улгурдими ёки йўқми давоматчилар кириб келади, на салом бор, на алик бор қўрадаги қўйларни санагандек талабаларни санаб рўйхат қилишни бошлашади. Шахсан ўзим дарсимдан неча маротаба шунақа давоматчиларни ҳайдаб солганман. Дарсимни ўзимга қўйиб берсангиз, мен талабани олиб келиб ўтказиб қўйишни жуда яхши биламан дердим. Давоматчидан энди қутулсангиз, бироз ўтиб факултет хотин- қизлар қўмитаси раисаси кириб келадилар, ўқитувчидан рухсат сўрамасдан, талаба қизларнинг муҳокамаси бошланади.

  • Сиз туринг, нега рўмол ўраб олгансиз?
  • Мен келинман, — дейди талаба қиз аста.
  • Уйингизда келинсиз, бу ер олий даргоҳ, рўмолингизни тезда ечинг.

Бечора келин уялиброқ бошидаги рўмолини олади.

  • Сизни нега кийимингиз бунақа рангда, эртадан оқ форма киясиз бўлмасам дарсга қўймаймиз. “Нб” олиб кейин уни қайта ишлашингизга тўғри келади.
  • Сиз нега бунақа бўяниб келдингиз…

У кетгач манавият буйича декан ўринбосари кириб худди юқоридаги сценарий бўйича йигитларни савол-жавоб қилиб чиқиб кетади.

Хуллас, дарснинг 10-15 минути мана шунақа томошалар билан ўтади. Энди мен тўхталмоқчи бўлган асосий жиҳатга етиб келдик. Бу дарс ўтадиган ўқитувчининг педагогик маҳорати, билими, аудиторияни бошқара олиш қобилияти ҳақида. Минг афсуслар бўлсинки, таълим тизимида бугунги кунга келиб таълимга умуман алоқаси бўлмаган, ўқитувчилик касби моҳиятини ҳам тушунмайдиган ёки талаба билан ишлаш кўникмаси умуман мавжуд бўлмаганлар тўлиб тошиб ётибди. Бундай ўқитувчиларни таниб олиш жуда ҳам осон. Буни постни ўқиётган ҳар қандай талаба тасдиқлаши мумкин. Уларнинг тоифасини бирма-бир санаб ўтаман;

Биринчи тоифа; ўзи билими бўлмасдан туриб талабадан талаб қилади. Дарсни етарлича ўтмайди-да, талабани сессиядан қандай ўтиб олишини эслатиб таҳдид қилиб қўяди. Одатда билими паст бўлган ўқитувчилар сиёсат қилишни дўндириб ташлашади.

Иккинчи тоифа; дарсга бир дунё нарсани олиб кирадида, улар ичидан битта китобни секин очиб қани бошладик деб бир хил темпда маъруза ўқишни бошлайди, сиз эса уни дафтарингизга ёзишингиз керак бўлади. Нимани ёзяпсиз, нимага керак аслида бу маъруза, бу муҳим эмас, лекин талабани қандай бўлса ҳам 80 минут банд қилиш керак! Бўлмасам мана шу ёзаётган маърузанинг китоби ҳар бир талабада бор.

Учинчи тоифа; ҳозир бундай ўқитувчилар орасида ўзининг билимсизлигини замонавий мултимедиа, ахборот технологиялари орқали дарс ўтиши билан хаспўшлайдиганлари анчагинани ташкил этади. Улар аудиториядаги мониторга дарсга оид филм ёки слайдни қўйиб бериб ўзлари дам олиб ўтиришади. Слайд ёки филмни изоҳлаш эса талабалар ҳукмига ҳавола қилинади.

Тўртинчи тоифа; айрим учига чиққан дангасалари эса мавзуларни талабаларга бўлиб беради-да, сизлар дарс ўтасизлар дейишади. Ҳа, десангиз, замонавий таълим технологиясидан фойдаланмоқдамиз деб қўйишади. Ўргилдим, сенинг замонавий таълим технологиянгдан, ўзи таълим технологияси билан таълим методи орасидаги фарқни билмайди, яна оғзини тўлдириб технология дейишига бало борми? Дарсни талабанинг ўзи ўтар экан, унда ўқитувчининг нима кераги бор? Илм бериш бу жиддий масала, уни ўйин тарзида ташкиллаш мумкин эмас, ҳар ҳолда мен бунга умуман қаршиман, айниқса олий даргоҳларда. Маъруза дарсида албатта ,Устоз деган, дарс ўтаётгани учун ойлик олаётган зот талабага янги мавзуни ўзи очиб бериши, мавзу моҳиятини англатиши шарт.

Бешинчи тоифа; лаборатория, амалий машғулотлар номигагина ўтказилади. Уни ташкил этиш, дарс жараёнини ўтказиш тўғрисида ўша айрим ўқитувчиларнинг ўзи умуман тушунчага эмас. Мана шу ерда биолог сифатида бир воқеани айтиб бераман, хулоса ўзингиздан. Иккинчи ёки учинчи курсда ўқиётган вақтим эди. Иш билан ўқитувчилар хонасида эдим. Шу вақт хонага кимё кафедрасида ишлайдиган  ёши катта аёл ўқитувчи шиша пробиркага солинган бир арини олиб кирди. Унинг айтиши бўйича уйида шу ари кўп учраётган экан. Бу қанақа тур деб сўради. Кафедрада адашмасам ўша вақтда 11 та энтомолог (ҳашаротшунос олим) ишларди. Буни қарангки, уларнинг бирортаси мана шу арини қайси турга мансуб эканлигини айтиб бера олмади, ваҳоланки Ўзбекистонда ариларнинг жуда борса 8 ёки 10 тури учрайди холос. Мана олий таълим ўқитувчисининг аҳволи… Ботаникани битирган талабага кўчадаги ўсимликни кўрсатсангиз умуман танимайди, бегона ўсимликларнику гапирмай қўя қоламан. Бунга ўша талаба айбдор деб ўйлайсизми? Асло йўқ! Унга ўргатадиган устози ўзи билмаганидан кейин бу талабадан хафа бўлишга ҳаққимиз бормикан?

Мана энди ҳақли савол туғилади, хўш, олий таълимга мана шундай, билими мактаб ўқитувчисиникидан ҳам паст бўлган “ўқитувчилар” қаердан келиб қоляпти? Мен бу савол билан ҳар бир кафедра мудири, факултет декани, университет ректорига юзланишни истар эдим. Рус гуруҳидаги талабаларга русча дарс беришни, русча қўя туринг ўзбекчада ҳам мондали дарс беришни бимайдиган ўқитувчиларни қаердан топишади булар одам ҳайрон қолади. Бунақа кадрларни қидириб ҳам топиб бўлмайди, лекин бизнинг раҳбарлар бунақаларни доимо топишади.

Менга ёқмайдиган энг ёмон жиҳатлардан яна бири, мана шунақа ўқитувчилар ҳақида гапирсангиз, раҳбарлар “… ҳа бу ташкилотчи, сиз дарс ўтишни биласиз холос, иккита болани тўплаб сносга бор деса бурнингизни жийирасиз, пахтага талабаларни йиғ, деса энсангиз қотади, талабалар контрактини тўлатиб келинг деса нима мен уларни ўқишга олибманми дейсиз, лекин улар ташкилий ишларни жуда яхши бажаради, мана шунинг учун улар бизга керак!” Жавобни қаранг, э отангга раҳмат, сендек раҳбарнинг деб юборасиз. Ҳа барака топгур, бутун бошли таълим тизимини шунақа ташкилотчилар босиб кетдику, дарс ўтаман дейдигани бармоқ билан санарли, қолаверса қачондан бери олий даргоҳлар фақат ташкилий ишлар билан шуғулланадиган бўлиб қолди? Олий даргоҳнинг иши талабаларга билим бериш эмасми, аслида? Афсуски бундай ўйлайдиганлар жуда жуда кам!

Айрим ҳолатларда кафедра таркибига келадиган янги ўқитувчи қандай пайдо бўлиб қолганини кафедра мудирининг ўзи ҳам сезмай қолади. Университетни шахсий мулкидек тасарруф этадиган айрим ректорлар ишлаётган муассасаларда мана шунақа ҳолатлар тез-тез кузатилиб туради. Бундай ўқитувчиларнинг ишга кириш аризалари пастдан тепага эмас, аксинча тепадан пастга тушади. Мана шундай ўқитувчилардан бири билан танишинг. Иш билан бир йиллик хориж сафарида эканлигимда ижтимоий тармоқдан талабаларим ёзишмоқда, айтишларича кафедрага янги устоз келибди. Гистология (тўқималарни ўрганувчи фан) фанидан дарсга кирибди. Биринчи дарсиданоқ талабаларга қарата, “… менга ортиқча савол берманглар, мен положениядаман (ҳомиладорман), менга асабийлашиш умуман мумкин эмас. Ўзларинг билиб ўқинглар, мен ҳам савол бермайман, чунки мен савол берсам барибир билмайсизлар”. Ўзингиз айтингчи, соғлом ақлга эга бўлган бирорта ўқитувчи биринчи дарсга кирганда талабага шундай дейиши мумкинми? Ҳомиладор экансан, нега ишга кирдинг унда? Унақалар “орқасидаги” одамга шунчалик ишонадики, кафедра мудири ёки деканни ҳам писанд қилмайди. Дарс ўтиш ёки ҳужжат юритиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

Таълимдаги ислоҳотнинг энг аввалини таълимни мана шунақа “устоз”лардан тозалашдан бошлаш керак! Таълим тизими айрим университет раҳбарлари онасининг маҳрига тушгани йўқки, бу ерга дарс ўтиш қобилияти туғма ногирон бўлган ташкилотчи “ўқитувчилар”ни йиғса. Олий даргоҳга ишга кириш системасини бутунлай янгилаш лозим. Соғлом рақобатни шакллантириш керак. Кадрларни аввало мана шу олий даргоҳни битираётган мутахассисларни ишга жалб қилишдан бошлаш керак. Раҳбар деган чўнтагининг туби йўқ, қизилўнгачида тешиги бор бўлиши асло керак эмас, илм деган муқаддас нарсага пул, таъма, таниш-билиш аралаштирилдими, тамом, бу худдики экишдан олдин уруғни қайноқ сувга солиб олгандек гап! Керак бўлса ҳар йили ўқитувчилар билимини аттестациядан холис ўтказиш, лойиқ бўлмаганларни тегишли тартибда ишдан олиб ташлаш ва муносибларни жалб қилиш чораларини кўриш керак.

Таълим тизимидаги мана шундай кўнгилчанликка йўл берар эканмиз, олий даргоҳларни битириб чиқаётган кадрлар ва улар келажакда фаолият олиб борадиган соҳаларни ўз-ўзидан хавф остида қолдирамиз. Шу ўринда фарзанди, ака-укаси ёки жияни талаба бўлган кишиларга бир-икки оғиз гап айтмоқчиман.

Ҳурматли ота-оналар, акалар, тоғаю амакилар, Сизлар ердан пул супуриб контракт тўлаётганингиз йўқ! Шунча меҳнат қилиб, ўзингиз емай, ичмай, киймай болангизни ўқитяпсизми, албатта университет, институтларга бориб уларнинг шароити, ўқитиш жараёнлари билан қизиқинг, вақт ажратиб болангизнинг дарсларига кириб ўтиринг. Чунки келажагидан катта умид қилаётган фарзандингизнинг келажагига бу ерда болта урилмаяпти деб ҳеч ким Сизга кафолат бера олмайди. Сизлар жамоат назоратини шакллантирмас экансиз, таълим тизимининг тепасидаги айрим мазахўрак раҳбарлар ҳали бери ўз ўзича ислоҳотларга қўл урмайди. Сиз индамай уларга топган тутганингизни тутқазсангиз, камига индамай юрсангиз, қолаверса болангизнинг 4 йилда олгани бўм-бўш каллаю, бир парча қоғоз бўлса, ишонаверинг, бу хурсандчилигингиз кўпга бормайди.

Бахтиёр Шералиев

2 комментария

    1. Odamzod toki tanda joni bor ekan, oxirigacha kurashmog’i lozim deb o’ylayman. Endi kech deb qo’l siltasak bundan ham battar bo’lib boraveradi.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.