Блогерлар мусобақасига: Фойдаланувчи, унутма!

Ҳозирги кунда ойнаи жаҳон, радио ва бошқа ахборот воситалари орқали тез-тез «Виртуал ҳаёт» ва «Реал ҳаёт» ҳақида сўз борганини гувоҳи бўляпмиз. Хўш, ўзи асли «Виртуал ҳаёт», «Виртуал олам» дегани нима ўзи?

«Виртуал» сўзи инглиз тилидаги сўз бўлиб, унинг бир маъноси «кўринмас» демакдир. Бундан келиб чиқиб юқоридаги жумлаларни «Кўринмас ҳаёт», «Кўринмас олам» деб аташимиз мумкин. Дарҳақиқат, бу жумлалар интернет тармоғи, ўйинлар учун ишлатилади. Улар эса кўринмас ҳаётдир.

«Реал ҳаёт» жумласи эса ҳақиқий ҳаётга нисбатан ишлатилади. «Реал» сўзи ҳам инглиз тилидаги сўз бўлиб «ҳақиқий» деган маънони билдиради.

Биз юқорида битган ахборот воситаларида реал ҳаёт ва виртуал ҳаётнинг бир-биридан фарқ қилиши ҳақида кўп гапирилади. Камина эса бугун бу икки ҳаётнинг бир-биридан фарқ қилмайдиган асосий жиҳати ҳақида сўз юритмоқчиман.

Биз маълум бир жиҳозда интернетни фаоллаштириб, керакли дастурга кириш орқали виртуал ҳаётда мавжуд бўламиз. Ҳақиқий ҳаёт эса бундай эмас, биз ҳаётда доим мавжудмиз. Ҳақиқий ҳаётда вақтинча тўхталиш (пауза) бўлмайди. Ҳатто виртуал ҳаётда фаол бўлганимизда ҳам.

Аслида, виртуал ҳаёт билан ҳақиқий ҳаёт ўртасида бошқа фарқ йўқ. Лекин бор. Яъни, мана шу фарқни виртуал ҳаёт билан реал ҳаётнинг орасида фарқ бор деган кишилар юзага келтирган.

Биз кўринмас ҳаётда фаол бўлганимиздан сўнг ҳақиқий ҳаёт билан унинг ўртасида фарқ қолмайди. Чунки биз виртуал ҳаётда айтган сўзларимиз, қилган ҳаракатларимиз учун ҳам, худди ҳақиқий ҳаётда жавобгар бўлганимиз каби дунёда қонун олдида, охиратда Парвардигор олдида жавобгар бўламиз. Менимча, кўринмас ҳаёт ва ҳақиқий ҳаёт ўртасидаги энг муҳим фарқсиз жиҳат шу ерда. Биз шуни унутмасак виртуал ҳаётда фаол бўлганимизда ҳам ҳаракатларимизни назорат қиламиз. Қўполроқ қилиб айтганда, виртуал ҳаётга ўтиб олганимиздан сўнг босар-тусаримизни билмай қолмаймиз.

Дарҳақиқат, шундай ҳам. Баъзи кишилар интернетга, хусусан, ижтимоий тармоқларга кирганда шароб ичиб ботир бўлиб қолган қўрқоқ киши каби ўзгариб қоладилар: оғзига келганини қайтармай ёзаверадилар, бировни хафа қиладилар, кимнинг опасига, синглига, жуфтига гап отишдан ҳам тоймайдилар, баъзилар ҳукуматга, сиёсатга қарши сўз айтишгача журъат этадилар…

Хуллас, ҳақиқий ҳаётда пичирлаб айтишга ҳам чўчийдиган сўзингизни ижтимоий тармоққа кириб олиб ҳайқиришга ошиқманг! Жавобгарликни унутманг!

Катта йўлларда кетаётганимизда «Ҳайдовчи, унутма, сени оиланг кутмоқда!» номли ёзувни учратамиз. Мен истардимки, виртуал ҳаёт билан мулоқот қилувчи восита бўлган ҳар бир дастурда «Фойдаланувчи, унутма, сени оиланг кутмоқда!» дейилган ёзув бўлса…

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.