Блогерлар мусобақасига: Буюклик соддаликда

Мен ишлагувчи Яйпан шаҳар 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб интернатида (ИДУМИ)нинг илмий муҳити ва потенциали доимо ҳавас қиладиган даражада. Ўқувчиларга билимни қанча берсангиз шунча оламан, дейдиган, ўрганишдан изланишдан тўхтамайдиган болалар. Хуллас келажак эгалари, ҳақиқий бўлғуси кадрларимиз, ўқитувчи ишлаб чарчамайдиган Интернат.

Ўқувчиларимиз ўз устида изланиб ажойиб кашфиётлар ўйлаб топадики, уларни таҳлил қилишдан маза қиласан киши.

Шундай ўқувчиларимиздан бири 7 «А» синф ўқувчимиз Рустамов Шоҳрух.

У 5- ва 6-синфларда математика фанидан вилоят босқичида жиндек омад етишмасдан 2-ўрин билан чекланиб қолди. Математик қобилиятини, масалаларга ноодатий, гўзал ечимларини фавқулодда топа олишига биз математик устозлари доимо тан берамиз. Ҳақиқий туғма талант!

Йилнинг бошиданоқ ўз синф курсини тугатади-да, юқори синфга ўтади, ҳеч қийналмайди, бемалол “ҳазм қилиб кетади”.

Яқинда тўгаракда 8-синф ўқувчиларимиз билан бир масалани кўрдик ва ечиш усулини топишни эртагаликка вазифа бериб юбордим. Шоҳрух ҳам ёзиб олди. Масала жуда жиддий эди. 8-синфнинг энг энг иқтидорли ўқувчилари ечиши мумкин бўлган типдаги масала эди. Мана масаланинг қисқача шарти:

Унгача мен ҳам ҳамкасб математиклар билан 8-синф учун бу масаланинг содда ечимини қандай тушунтириш мумкин, деб маслаҳатлашдим, барибир 9-синф мавзусидан чиқаверди ечим йўли… хўп иқтидорли ўқувчига-ку тушунтира оламиз, бўш ўзлаштирувчига-чи? Математиклар бир масалага берилса миясида ўша масала айланиб юраверишини ҳамма математик билади. Эртасига мактабга бордим, 8-синфлардан сўрадим, улар ўзига мос ечим топмабди. Шоҳрух келди, домла кечаги масалани ечдим, деб. Ҳайрон бўлдим, қани кўрсат-чи ечиб, дедим. Доскага ёзиб-ёзиб ташлади… ажойиб, ўта содда ечим топган эди Шоҳрух!

Билими, математик қобилиятидан тўлқинланиб кетдим, бошқатдан ёзгин, эсдаликка видеога олай, дедим-да видеога олдим. Математикадан хабардор киши ушбу ечимнинг гўзаллигидан албатта қойил қолишига ишонаман:

Куни кеча яна бир қувонарли ҳол бўлди.

Маълумки, бизнинг математикларимизда худди физиклардаги абадий двигател яратиш орзуси каби масала-фақат циркул ва чизғич ёрдамида ихтиёрий бурчакни тенг 3 га бўлиш масаласи бор бўлиб бу ишни уддалаш учун эрамиздан аввалги асрлардан буён жамики буюк математик олимлар шуғулланиб келишган ва охир оқибат…худди абадий двигател яратиш мумкин эмаслигини исботлагандек ихтиёрий бурчакни фақат циркул ва чизғич ёрдамида ясаб бўлмаслиги исботланди…

Хуллас бизнинг тиниб тинчимас Шоҳрух бу масалагаям буюк математиклар йўлидан қолмагандек, 3 га бўлиш мумкинлигини исботлаш ҳақида анчадан буён қизиқиб қолган эди, мен гарчи бунинг иложи йўқлигини билсам ҳам, майли бир ҳаракат қилчи, балки бирор йўли чиқиб қолар, дегандим, ҳар ҳолда изланади, шу баҳонада билими ва тажрибаси ошади, дедим.

Бугун домла, мен уддаладим Йўлини топдим, деб қолса. Бир бошдан тушунтирди, биргаликда таҳлил қилдик. Ажойиб усул, ўзидан юқори 8-синф геометриясидан усталик билан фойдаланган эди! Албатта, афсуски ушбу масаланинг ечими йўқ, унинг ечимида ҳам унча мунча математик кишилар ҳам эътибор бермайдиган даражадаги кичик хато мавжуд эди, хуллас янги математик софизм топган эди, десагам бўлаверарди. Унга хатосини тушунтириб бердим, лекин менга унинг дунёдаги энг классик масаланинг ечимига ўта яқин келганига, айниқса бу ечимни шу 14 ёшлигидаёқ ўзидан катта синф мавзусини қўллаб топганига қойил қолдим. Ушбу ютуғидан ҳайратланиб, келгусида укаларига намуна қилиб кўрсатишга арзигулик бу ишини ҳам тарихга муҳрлаб қўйдим. Мана ўша, мактаб ўқувчиси учун улкан ютуқ бўлган, нафақат бизнинг ИДУМИмиз ўқувчиларига, балки бутун Ўзбекистон ёшларига намуна қилиб кўрсатса арзийдиган, ёшларни илмий изланишга илҳом берадиган бизнинг ўқувчимизнинг масаласи:

Исроил Тиллабоев

Биринчи изоҳ

  1. Isroil aka, tabriklayman! Ajoyib post bo’libdi, o’qib zavqim oshib ketdi. Adashmasam postda ikkita video mavjud. Lekin menda shu ikki video hech qanaqasiga ochilmayapti. Balki chetda bo’lganim uchunmikan deb VPN ishlatib ham ko’rdim, foydasiz. Agar imkoni bo’lsa ushbu videolarning youtubedagi linkini bering, bir tomosha qilaylik. Shoxruxbekka esa chin dildan omad tilayman, hech bo’shashmasin! Vaqtingiz bo’lganida bu azamat yigitchamizga Abduqayum Yo’ldoshning «Puankare» hikoyasini o’qib bering.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *