Блогерлар мусобакаси: Тириклик куни

Ассалому алайкум, ушбу сўзларимни ўқиётган, ЁШ ДЎСТИМ!

Бу сўзларим эҳтимол сизга шахсий ҳаётингизда ибрат ўлароқ фойда бериб қолар. Мен журналист эмасман, оддийгина онаман. Эҳтимол, сизга айтар фикрларимни моҳирона етказолмасман. Балки, бу ёзганларимни мақола ҳам, деб бўлмас. Ҳарқандай ҳолатдаям ёзганларим сизга зарар бермаслигига ишонаман.

Шу боис, шошмасдан ўқиб, озгина ҳаёт тарзингизга эътибор беринг.

Ҳаммаси рисоладагидекми? Сиз айнан бугунни яшаябсизми?

Нима деб ўйлайсиз, саодат асрида яшаганингизда сизнинг ҳозирги ҳаёт тарзингиздан инсонларнинг энг комили пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи вассалам рози бўлармиди?! Бу саволни мен тез -тез ўзимга беришга одатланганман…!

Узоқ йиллар олдин, яъни фарзандларим ҳали гўдаклик пайтиданоқ атрофимдаги жонкуярларим (аёллар отряди) болаларимга ҳозирданоқ сеп йиғиб боришимни бот-бот такрорлар, ҳатто айримлари мени эртанги кунини ўйламайдиган лоқайдга ҳам тенглаштириб қўярди. Албатта, бу масалада кимнидир айблашдан йироқман. Начора, уларни бундай «келажак ташвиши»ни шу маслакни сингдирганларни аҳволи билан менгзасак, «болангни бешикка сол, сепини сандиққа сол» деб улуғланувчи мақолимиз кифоя!

Мен уларни айтганига амал қилмасдим, негаки сандиқ тўлдириб латта путта, ашқол-дашқол йиғишни ўзимга нисбатан ҳурматсизлик деб ҳисоблардим. Оиламизни даромадини кераксиз матоҳларга сарф этишни ноҳақлик, деб ўйлардим.

Болаларимнинг бугунига етарли ҳамма нарса борку, вақт ўтиб менинг танловим уларга ёқмаслиги мумкин. Уларни ҳозирданоқ ўз шахсиятлари борку, катта бўлган сари танловлари ўзгариб, қарор қабул қиладиган, ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб фикр мулоҳаза юритадиган даражага етганда, мен уларга сандиқ тўла латта путтани кўрсатсам жоҳил «молпараст она» мақомида бўлиб намоён бўлмайманми, Худо кўрсатмасин, бу одат яна давом этса, фарзандларим ўз эстетик дид танловини йўқотиб қўядику, кейин нима бўлади, деган саволлар билан бошим қотганди. Авлоддан авлодга ўтиб келадиган шу ёқимсиз одатга мен амал қилмасам нима бўлади? Ҳеч нарса! Сиз амал қилмасангиз ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Бугунингиз учун яшаганингиздан рози бўласиз, молпарастлик балосидан қутулиб, «кўзи очлик», деган бало сизни мутлақо безовта қилмайди. Ишонаверинг, бугунга келиб, йиллар олдин ана шу кенг маънодаги сандиқни тўлдириш балосининг чиғириғидан чиқиб, ўз йўлимни танлаганим бугун оиламизга, фарзандларимга фойдадан бошқа нарса бергани йўқ! Оилада аёл киши тутумли бўлса, ҳамма нарсага эришиш мумкин. Оиласини иқтисодий жар ёқасига олиб бориб қўювчи ҳам аксарият ҳолатларда аёл киши бўлади. Сабр қилган, бугунини чиройли яшаган инсон албатта Аллоҳимнинг фазли билан ҳамма мақсадларига бирма-бир етади. Энг муҳими, бугун ўқиган битта китобингиз, бугун шуғулланган жисмоний ҳаракатингиз, бугун ўрганган ҳунарингиз эртанги кунингиз учун албатта фойда беришига ишониб ҳаракат қила олсангиз эртанги кунингизни ҳам бугуни билан яшай оласиз.

Муҳими, бугун билан яшашни тўғри ирода қила билишни ўзи кифоя.

Бугун «бугун»ни яшай олиш ҳам санъат экан, деган хулосага келишим ўшанда менга руҳий босим, иккиланиш эди. Руҳий-ҳиссий туғёнларим ҳар қандай моддий эҳтиёжларнинг чегараси бўлиши керак, деган ғояни илдам сурар, атрофимдагилар эса пулимизни ҳавога совураётганимни уқтиришдан чарчамасди.Охирги сўзим «мени яшашимга аралашманг», бўлди. Ўзбекчиликда катталарга бу гапни ёш бўла туриб айта олиш жасорат ҳисобланишини ўшанда ҳис этганман))

Мен қандай йўл тутдим?

Ортган пулимизга тренажор, китоблар сотиб олардим. Китоб оилавий даромадимизга унчалик оғирлик қилмасди, лекин тренажорлар учун сабр билан пул йиғишга тўғри келарди. Ўзимга ўзим мен тўғри иш қилаябман, бир йилда бир марта ишлатилмайдиган идишлардан кўра, тренажор ва китоб оиламиз учун фойдали деб уқтирардим. У пайтларда спорт дўконлари ўта даражада кам эди, интернет деганни нималигиниям билмасдик. Тренажорлар ҳам соддагина тузилишда бўларди. Электрон китобларку тушга ҳам кирган йўқ пайтлар эди. Суннат тўйни ҳам ўта даражада ихчам ўтказганмиз. Одамлар гапирмадими, ҳа, албатта, гапирди. Лекин ана шу «одамлар нима дейди» деган нормал бўлмаган комплекс менда ва турмуш ўртоғимда умуман йўқ эканига ўшанда илк бора амин бўлганмиз.

Оилавий маслаҳатда менинг фикрларимни кўп ҳолатларда қўлловчи турмуш ўртоғим ўшанда, китоб ва тренажор танловим тўғри эканига ҳам иқрор бўлганди.

Орада, бирга ишлаб маблағ орттириб ҳовли жой қилдик, оилавий саёҳатлар бир олам таассуротлар берарди. Суннатга риоя қилиб яшаш, роҳат! Қачонки, буни ўз ҳаётий тарзингизга айлантирсангиз, сизда ҳеч қандай муаммо қолмаслигига гувоҳ бўласиз. Муаммо бўлган тақдирда ҳам яна суннатга мувофиқ ҳаракат қиласиз ва осонгина ҳал бўлади. Болаларим бахтли болаликни ҳис этиб улғайиши учун оилавий эҳтиёжимиз етса-етмаса, бор имкониятдан фойдаланиб оилавий байрамлар уюштирардик. Айнан кимларнидир чақириш ҳам шартмас. Болалар учун эътибор ва озгина вақт ажратиб қизиқарли ўйинлар, байрамона дастурхон, шарлар, хазиналар оролидаги совғани топиш ва ҳакоза оддийгина усуллар билан болани хотирасига улкан ва қимматбаҳо бисот йиғиш мумкин.

Қариндошларга «камбағал»лигимиз бизга сезилмаган, кимгадир эмас Аллоҳга боғланиб яшаш ана шундай кўнгли тўқликни беришини ҳам ёшим улғайиб англаб етганман.

Айниқса, болаларим ҳозир ўша ёрқин хотираларни севинч билан эслашади. Қоғозлардан ўйинчоқлар ясашимиздан тортиб, кал бўлиш маросимигача ҳамма ҳаммаси ўйин тарзда туюлганини айтишади. Биз моддий тарафлама ўта бой эмасмиз, Ўзбекистон шароитида ўртаҳол оила ҳисоблансак керак. Бой бўлганимда ҳам ҳеч қачон инсон онги тараққий этишига ҳалал берадиган ортиқча матоҳларни йиғмасдим. У дунёда савол сўроғи бор юкнинг бизга кераги ҳам йўқ.

Бугунги кун нимадир янгилик қилиш иштиёқи кейинчалик жамият ҳаётига ҳам кўчаркан. Бугун биттагина ишим ёки фикрим билан бўлсаям кимгадир озгина фойдам тегишига ҳаракат қиламан. Иллатларга кескин нуқтаи назар билан ёндошув табиатимда аслан бор. Инсонларнинг ўз устида ишлашини, ақлан маънавий-руҳий, соғлом жисмоний ривожланишга интилишини ҳурмат қиламан. Инсон эмин-эркин, ҳеч қандай руҳий-жисмоний босимларсиз яшаши керак, деб ҳисоблайман. Кимгадир ғалати туюлган орзу мақсадларингиз ўзингиз учун тўғри эканига ишонсангиз ва энг муҳими Аллоҳнинг буюрганларига зид келмаса кифоя. Ҳозир маслаҳат бераётганлар сиз учун қарор қабул қилётганларингиз эртага хато қилсангиз ёнингизда бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун қалбингизга ва ақлингизнинг маслаҳатига кўра ҳаракат қилинг. Бугун сиз учун нима фойдали деб ўйлайсиз, иккиланмасдан бажаринг. Эртанги «бугун»ингиз учун заҳира вазифасини ўтасада, бугунги жараённи ҳис этишингиз сиз учун энг муҳими ҳисобланади.

Буни англаб етганим учун ҳам сизга тавсия этаябман.

Вақт ўтиб, фарзандларим улғайгач ҳаммаси ўз шахсий орзу ниятларини амалга оширишга бел боғлашганда уларнинг қарорларини ҳурмат қилишни, уларга шахсий ҳаётларига аралашмаган ҳолатда ёрдам беришни асосий бурчим деб ҳисоблай бошладим.

Ҳа, айнан ўша эркинлик ва индивидуаллик хусусиятини ривожлантиришни инсоннинг ўзига қўйиб бериш керак.

Ҳаётда узоқ йиллар давомида шаклантириб боришни самараси бўлса руҳий камолатдан бошқа нарса бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Хато кимда йўқ ҳаммада бор, Аллоҳимнинг ожиз гуноҳкор бандаларимиз. Бировнинг нуқтаи назарини, орзу ниятларни ўзгартиришга урунишдан кўра бачканароқ ҳодиса йўқ. Аллоҳнинг амридан ташқари ҳолатда бўлмаса, яқинларимизнинг ҳаётига ўз нуқтаи назаримизни тиқиштиришимиз калтабинлик. Сизнинг касбингизни болангиз танламаса ҳеч нарса қилмайди. Сиз ёқтирган овқатни бошқа одам ёқтирмаса зарари йўқ. Сиз тўлдирган латта путта ё сиз зарур деб ҳисоблайдиган матоҳлар бошқалар учун қизиқ эмаслиги ҳам сизга ҳеч қандай кулфат келтирмайди. Қачонки юқорида ёзган чиғириқдан ўтиб, ўзингизни ривожлантиришни бошлар экансиз, дунёга нима учун келганингизни англаб етасиз.
Бунинг учун инсон яқинларининг шахсий ўлчовларига даҳл қилмаслик ва бугун яшаш санъатини ўрганиб бориш кифоя. Имкон қадар енгил ва осон яшаш тарзи ҳам, бировларнинг ҳаётига даҳл қилмаслик ва керак жойда муроса йўлини танлаш услубида иш тутиш ҳисобига вужудга келади.
Ҳар куни ишлатиладиган эҳтиёждан ташқари бўлган матоҳларни «керакли тошни оғири йўқ», деб йиғишингиз умрингизнинг олтин вақтини ўғирлашдан бошқасига ярамайди…!

Болангизни бешикка солингу,сандиқни қулфлаб қўйинг))

Хулоса чиқариш ё ибратга арзиш, ё арзимаслигини ҳал қилишни эса албатта сизнинг ихтиёрингизга ҳавола қиламан.Чунки, сизнинг ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган ўз «мен»ингиз, дунёқарашингиз, шахсий ўлчовларингиз бор!

Ўзимнинг хулосам эса шундай. Биз катталар, Аллоҳнинг фарзларига итоат қилишни фарзандларимизга буюришга ҳаққимиз бор, суннатларга риоя қилишга ҳам шахсий ибрат билан намуна бўлишга асосимиз бор. Лекин, ёшларнинг индивидуаллигига, шахсий қизиқишлари, орзу ниятларига, танловига босим ўтказишга, ҳалал беришга ҳаққимиз йўқ!

Ҳар бир бола бахтли хотиралар бисотини йиғиши учун катталар маъсул. Боламизнинг ҳақ ҳуқуқлари бузилиши эвазига тўплаётган бисотимиз бўлса, унда хайр барака йўқ.

Бугун яшайлик ҳар кунги «бугун» билан Аллоҳга таваккул қилиб яшаш бахт!

Мен моддий бойликка қарши эмасман, маънавий камбағалликка қаршиман! Ҳар бир мусулмон мўмин бой бўлишини Аллоҳимдан сўрайман! Зотан, мўмин бойлик маънавий юксаклик, деб ҳисоблайман.
Орзунгиздаги уйингиз, машина ёки бошқа ҳаётий эҳтиёжларингиз маънавий инқирозингиз, нафсингизга қул бўлиш эвазига келишини тиламайман. Аллоҳ сўраган нарсаларингизни ҳаммасини беради, бу дунёда бермаса абадий ҳаётда беради иншаллоҳ.

Муҳими ҳалолликни байроқ қилиб руҳингизнинг тарбиясини ҳаётингизнинг низомига айлантира олсангиз кифоя. Сиз бугун яшаётган инсонга айланиб бораверасиз.

Ҳурматли ёш дўстим, энди атрофингизга назар ташлаб мулоҳаза қилиб кўринг. Сиз учун нима муҳимлигини англаб етасиз. Ҳаёт ҳаракатдир!

Биз дунёга Аллоҳнинг розилигини топиш ва Унинг буюрганларини ижро қилиш учун келганмиз. Қазои қадардан ўзиш йўқ, харом ё ҳалолни танлаш имконимиз бор экан, бугунимизни унумли яшайлик!
Ўзингизга савол бериб кўринг, бугунги кун тартибингизга бутун инсониятнинг дўсти, Аллоҳнинг энг севимли бандаси Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи вассалам рози бўлармиди?

Сизга бугунги кунингиз билан файзли яшашингизни тилаб, ўз эрки ва ўзига хослиги билан мамнун яшаётган оддий инсон — Муслима — сокин қалб!

П.с.Қуйида «сандиғим»даги бисотимни расмларини илова қилаябман. Китоб жавонимизни яна битта ярими тўлгани бор, уни расмга олмадим.

Турниклар, тош ва бокс халтани ҳам ҳовлини ҳар жойига жойлаганимиз учун расмини олмадим.

7 комментариев

  1. Shu maqolani o’qib o’ylanib qoldim .
    Hayotimga qarasam nato’g’ri yashayotgan ekanman. Maqsadimga yetish uchun huddi robotga o’xshab harakat qilayotgan ekanman . Sizga katta raxmat

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *