Блогерлар мусобакаси: Адолат қарор топганда…

Бугун   негадир, жуда хушкайфият билан уйғондим. Ҳовлига чиқсам  ҳатто осмондаги энди ўзининг малоҳатини кўрсатаётган қуёш ҳам бошқачароқ бўлиб кўринди кўзимга. Ҳар куни пахта теримига олиб кетадиган автобусга кечикишдан хавотирланиб тез- тез уй юмушларини қилиб улгуриш учун  шошиладиган, ҳамшираликни вақтинча пахтакорликка алмаштирган  бебаҳо рафифам бугун негадир бамайлихотир қозон ўчоқ бошида  хиргойи қилганича  нималардир пиширяпти.

— Онаси, нима балолар қилиб юрибсан, пахтангга бормайсанми? Тунов кунгидай автобусингга кечикиб, машинангизда ташлаб қўйинг, дадажониси, десанг айтиб қўяй олдиндан, машинада бензин йўқ, бензин  “қўлда” беш мингга чиқиб кетди, так что то, энди заправкага бензин келмагунча машина юрмайди, тушундингми? –десам, оғзи кулоғида, менга қараб:

— Вой, адажониси, кеча ишдан кеч келганингизга айтиш эсимдан чиқибди.  Сизга айтсам, кеча пахтани ўлчатиб топшириётувдик, бир маҳал шахсан  вилоят ҳокимининг ўзлари ёнида казо-казолар билан ташриф буюрдилар. Ҳамма ҳашарчиларни йиғиб,  “эртадан бошлаб пахтага чиқиш йўқ, сизларни оввора қилиб, мажбурлаб далага олиб чиққанимиз учун  кечиринглар. Бундан кейин  ҳамма фақат ўз ишини бажарсин. Бажаргандаям  виждонан бажарсин. Кеча  ҳар бир туманимизга нақ элликтадан пахта териш машинаси келди. Бундан кейин пахтани фақат пахта териш машиналарида терамиз. Эртага пахтага кетган  барча  талабалар ҳам уйларига қайтиб келадилар” деб ҳаммани хурсанд қилдилар. Илоҳо, тани жони соғ бўлсин Ҳокимимизнинг. Энди ҳеч қачон  бизни далага ҳайдашмас экан. Шунақа гаплар. Қани  тезроқ чойингизни ичиб, машинангизга қанчадан  бўлсаям топиб бензин-пензинингизни қуйингда  қизингизни пахтадан келишини кутиб олиш тараддудини кўринг, дадажониси. Телефон қилувди ҳали замон  келиб қолишар, -деса бўладими, худди томдан тараша тушгандай.

— Нима бало, алаҳсираяпсанми ё ҳазиллашяпсанми?

  • Унисияммас,  бунисияммас!

Бу гапларга  ишонишимни ҳам, ишонмаслигимни ҳам билмай апил -тапил нонушта қилдим. Бензин топиб  келай, деб кўчага чиқсам,  17 йил мактабда  ўқитувчи бўлиб ишлаганидан сўнг олий маълумотинг йўқ, деб уч йил олдин бўшатилганидан бери бекор юрган ҳам қўшним, ҳам синфдошим  Шарифа  қаергадир шошиб кетаётган экан.

—  Ҳа,  йўл  бўлсин эрталабдан синфдош, -десам “ишга, синфдош“ деганича  кулиб ўтиб кетди…

Нариги кўчадаги Ҳамид бензинчиникига бориб, беш литр бензин сўрасам, тиржайганича “энди бензин йўқ заправкалар бизга бермай, очиқчасига сотадиган бўлибди, любой заправкага бориб 2000 дан қуйиб  кетаверасан, гапимга инонавер” деса бўладими… Нималар бўляпти ўзи, одам ишонгиси келмайдиган гаплар-а. Ишқилиб заправкагача бензин етсинда, дея  ўз- ўзимга минғирлаб уйга келиб машинани ўт олдираман деб турсам, “нима ўзингиз билан ўзингиз гаплашяпсизми  дадаси?” сўради хотин.

— Йўғ-е, — кейин бирдан эсимга тушиб кетиб, — Бу Шарифа қўшнинг бечора ниҳоят иш топибдими?

-Э, ҳа, дадажониси ишонаверинг маҳалламиз раиси Гулнора опа шахсан уйларига келиб “Шарифахон,  шунча йил мактабда ишлагансиз, иш қидиравериб чарчабам  кетдингиз, эртадан бошлаб маҳаллага котибаликка ишга чиқинг. Анча қийналибам  қолдингиз” деб тайинлаб кетибди.

— Ё алҳазар, Гулнора опанг маҳаллага раислик қилаётган 28 йилдан бери бу лавозим фақат  Бозоровлар династиясига тегишли эди-ку. Эр ҳам, хотин ҳам навбати билан  шу котибаликдан пенсияга чиққач бу лавозим уларнинг ўғилларига етганди-ку. Шамол қайси томондан эсибдики, маҳалланинг раисаси котибликни Бозоровлардан тортиб олибди. Худо инсоб бергани рост бўлсин. Майли мен кетдим қизингни кутиб олай.

Машинани ҳайдаб энди шаҳарчанинг марказий кўчасидаги ягона светофор бор чорраҳага етай дегандим ДАН ходими қаердандир пайдо бўлиб ҳуштак чалди.

Оббо шунча хушхабарлардан кейин энди дилхиралик бошланадиган бўлдида. Ҳозир хавфсизлик камари учун жарима ёзилади, ундан сўнг аптечка сўралади, уни кўрсатсанг ўт ўчириш мосламаси, кейин жакет ва  ҳоказо аксига олиб чўнтакдаям бензинга аталгандан бошқа ҳеч вақо йўқ, деган хаёл билан  йўлни чеккасига  ўтиб тўхтадим. Энди машинадан тушмоқчи эдим,  машинамни ёнига етиб келган  ДАН ходими “Тушманг. Тушманг ўртоқ ҳайдовчи, мен инспектор сержант Комиловман. Ҳужжатларингиз.”  Ҳужжатларимга текшириб,  ишонмайсиз менга қараб “Хавфсизлик камарини тақмабсиз, илтимос дарров тақиб олинг бу сафар сизни кечираман ва оғзаки огоҳлантираман. Оқ йўл сизга! “ деса бўладими. Бир лаҳза тилим калимага келмай  зўрға “раҳмат” сўзини топдим…

Ўғлим  қўнғироқ қиляпди. Нима бўлди экан деб машинани яна йўл чеккасида тўхтатиб гўшакни кўтардим. Ўғлим гапиряпти- ю қулоқларимга ишонмайман. Гап шундаки ота-бола иккаламиз ижарага жой  олиб кичкинагина дурадгорлик устахона очганмиз. Бинони эгаси ҳадеб ижара ҳақини оширавериши оқибатида торгина жойига ҳўкиздай ҳақ тўлаймиз. Уч йилдан бери туман ҳокимлигига устахона қўриш учун ер сўраб қатнайвериб ўнта ковуш  тўздирдиков. Ўғилчанинг айтишича эса ҳозиргина шахсан ҳоким бобомизнинг ўзлари устахонамизга келиб ер ажратиб беришга ваъда бериб кетибдилар. Тавба, бугун қуёш ғарбдан чиқдими ёки ниҳоят Президентимиз шарофати билан юртимизда бўлаётган ўзгаришлар шамоли биз тамонларга ҳам етиб келдими….

Шу пайт …. “эй, дадаси турмайсизми?” деган овоздан уйғониб кетдим.  Эсиз- а, хотин хар доимгидай энди адолат қарор топганда белига тепди-я . Ахир туяни ҳам ҳеч бўлмаса тушида ҳаммомни орзу қилишга ҳаққи борку!

Ширин тушлар кўрувчи Давлат Назар

Биринчи изоҳ

  1. ушбу мақола бундан уч кун олдин ёзилган эди, тасодифни қарангки, хушхабар тарқалди: пахтадан бюджет идораларининг ходимлари ва талабалар ҳақиқатдан ҳам қайтарилди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *