БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

Кекса қўшни момо пойтахтдан жиянимга олиб берган «Шум бола» китобидан неварасига ҳам олиб келишимни илтимос қилиб, қўлимга пул тутқазди. Унинг айтишича, бутун бошли туманимиздаги биттаю-битта китоб дўконида у ниҳоятда қиммат экан. Ёлғиз набираси билан ўртамиёна кун кечираётган онахон учун набираси айтган китобни бироз арзонга харид қилиш ҳарна-да!..

БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН МАЪНАВИЯТ

Ҳа, бугун оиладан, рўзғордан орттириб қимматроқ китобни сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Бунинг устига, китоб дўконлари жуда оз. Ҳолбуки, китоб мутолаасига давлат сиёсати даражасида ­эътибор қаратилаётган бир пайтда китоб дўконлари камлиги киши дилини хира қилади. Ҳозир қаерга қараманг, кўзингиз биринчи бўлиб кафе, ресторан, «Paynet» ёки дорихонага тушади. Аммо таҳлилимиз бу ҳақда эмас.

Китоб дўконлари ҳам қачондир ўзимиз истагандек кўпайиб кетар. Биз эса, одамларга дўконлар сонидан ҳам кўпроқ қизиқ бўлган жиҳат — улардаги китоблар нарх-навоси билан қизиқдик. Айни шу масала юзасидан пойтахтимиздаги китоб савдоси билан шуғулланаётган айрим шохобчаларни ўргандик.

Биржа савдосими бу?

Кўпчиликка маълум ва машҳур «Эски Жўва» бозори атрофидаги китоб дўконлари. Бир қатор тизилиб турган шохобчаларнинг ичи тўла китоб. Кўрсанг, кўзинг қувнайди. Бир-биридан чиройли, замонавий. Харидорларга ҳам қулай шароит яратилган. Бу ерда одам гавжум. Албатта, бу ҳол уларнинг маънавий озиқага эҳтиёжи кўпайганидан далолат. Бироқ…

Бир хил номдаги, битта нашриёт чоп этган, қолаверса, сифатида фарқи йўқ китобларнинг дўконлардаги баҳоси турлича. Эшитсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Нархлар бир-биридан шунчалик кескин фарқланадики, худди камалакнинг етти жилоси каби товланиб, кўзни қамаштиради.

Биргина мисол. Ислом динининг етук билимдони, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг муқаддас ришта — никоҳ шартлари тўғрисида ҳикоя қилувчи ва бугунги кунда ёш оилалар учун дастуриламал ҳисобланган «Бахтиёр оила» китобининг баҳоси унча-мунча кишининг эътирозига сабаб бўлади. Китоб «Ҳилол-нашр» нашриётида чоп этилган. Нархи худди биржа савдосида ўйнаб турадиган кўрсаткични эслатади: 65 мингдан 180 минг сўмгача.

«Бахтиёр оила»нинг совғабоп нусхаси бошқа манзил — «Китоб олами» савдо мажмуасида 250 минг, «Шарқ зиёкори» дўконида 210 мингдан сотилмоқда. Ваҳоланки, китобнинг оддий нусхаси ҳам совғабобидан қолишмайди. Биргина Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Ижод фонди» дўконида нисбатан анча арзон: 40 минг сўм нарх қўйилган.

Китобнинг нархи нега бунча ранг-баранг ва қиммат деган саволимизга сотувчи «Китобга талаб катта, шу боис тез тугаб қоляпти. Бу китобни бир ой олдин 60 мингдан сотган эдик. Нарх кундан-кунга ошиб кетяпти. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Бозор дегани шу, ака! Бола-чақа бор, тирикчилик», дея жавоб қайтарди.

Бошқа савдо нуқталарида ҳам аҳвол шу. Масалан, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асари «Ўзбекистон» нашриётига қарашли савдо дўконида 8 минг 500 сўм. Навоий кўчасидаги дўконларда 12 мингдан 14 минггача сотилмоқда. «Шарқ зиёкори»да эса, 11 минг 500 сўм. Кўриниб турибдики, тафовут яхшигина. Ёки бўлмаса, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг қайта нашрдан чиққан «Лолазор» романи «Ўзбекистон» нашриёти қошидаги дўконда 22 мингдан, бошқа дўконларда 30-40 минг сўм атрофида сотилмоқда. «Шарқ зиёкори»да эса 30 мингдан савдога чиқарилган.

Бозори чаққон «арзон» тўплам

Бир кекса ижодкор минг машаққат билан болалар учун асар ёзиб, меҳнати учун ҳеч қандай қалам ҳақи талаб қилмаслиги, иложи борича, китобини арзон нархда сотувга чиқаришни сўраб нашриётга топширибди. Ноширлар китобнинг ҳар бирига 2 минг сўмдан пул сарфлаб, 3 мингдан дўконларга тарқатибди. Буни эшитган кекса ижодкор мамнун бўлибди. Ахир, болалар учун унинг китобини сотиб олиш оғирлик қилмайди-да.

— Орадан вақт ўтиб, дўкон айланиб, китобнинг тақдири билан қизиқдим, — дейди муаллиф. — Нархини кўриб, кўзларимга ишонмадим. Уч минг сўмлик китоб 18 минг сўмдан сотилаётган экан. Шунча меҳнат қилиб, болаларга арзон етиб борсин десам, бу сотувчи тушмагурлар китобга оч қолган бўридай муносабатда бўлмоқда.

Бу ҳолга чидаб туролмаган муаллиф, норозилик билан сотувчига дебди:

— Қизим, китобнинг нархи нега бунча қиммат?

— Китобингиз сотилганига хурсанд бўлмайсизми? Қанчадан-қанча китоб чанг босиб ётибди. Сизникига талаб катта.

— Сиз тушунмаяпсиз, қизим. Қўйилган нархни чўнтаги кўтармай, қанчадан-қанча бола хафа бўлиб қайтиб кетаётганини билмайсиз-ку?! Ахир, улар ҳам ўқиши керак! Ўзингиз ўйлаб кўринг, тушунган ота-она ўқувчи фарзандига у қадар катта пулни тутқазиб қўймайди. Шуни инобатга олсак, қандай қилиб, 18 минг турадиган китобни сотиб олиши мумкин? Қолаверса, менга ота-она эмас, болалар ўзидан орттирган пулига китоб харид қилиши муҳим. Чунки орттирган пули эвазига келган китобни бола завқ билан ўқийди. Унинг қадрига етади. Шу боис китоб нархини уч минг сўмга баҳолаб чиқаргандик.

— Буни хўжайинларга айтинг, мен оддий сотувчиман…

Дарҳақиқат, ижодкор ҳақ. Бошоқда йўқ, ўроқда йўқ, хирмонда ҳозир деганларидек, меҳнатни бошқа қилса-ю, роҳатини тайёрига айёрлар кўрса, одамга алам қилади. Ундайлар дардини кимга айтсин? Бу каби «нарх эркинлиги»ни китобга қўшиб, ору ғурурини, халқ маънавиятини сотиб юбораётган «учар»лар қачонгача шундай йўл тутади?

«Минг сўм» учун ишлаётган сотувчи

— Бир неча ой илгари «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйига қарашли китоб дўконидан қалин муқовали, ўзгача дизайнда ишланган Эрнест Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға»  китобини 9 минг сўмга сотиб олгандим, — дейди Тоштемир Исматов. — Бугун шу китобни Навоий кўчаси ёнидаги  китоб дўконларидан сўрасангиз, нақд уч баробар қиммат: 27 минг сўм деб туришибди. Сотувчидан неча пул тушиб беришини сўрасам, бор-йўғи минг сўм ўтиб беришини, айтди. Унинг айтишича, нашриётнинг ўзидан 25 минг сўмга тушган. Ёки бўлмаса Жеймс Жойснинг «Улисс» романини роппа-роса бир йил олдин «Шарқ зиёкори»нинг китоб дўконидан 33 минг сўмга сотиб олгандим. Ҳозир у «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи қошидаги дўконда 22 минг сўмдан сотиляпти. Ташқаридаги дўконларда эса 33 мингдан 56 минг сўмгача.

Табиийки, китобнинг асл нархидан бехабар харидор уни уч баробар қимматига сотиб олади. Лекин бунинг асл баҳосини билганлар-чи? Берган пулига рози бўлармикан? Нафси ҳакалак отиб, уч баробар юқори нархда китоб сотаётганлар шулар ҳақида ўйлармикан?

Ҳа, харидорнинг куюнганича бор. Баъзи бир дўконлардаги китобларнинг нарх-навосини эшитган мижозларни бу жойда, ҳатто, китобларнинг иссиқ тафти ҳам узоқ ушлаб туролмайди. Ёши катта харидор бир эвини қилиб, вазиятни ўз томонига юмшатар ҳам. Лекин болалар, китобхонлар-чи? Улар қачонгача бундай ўйноқи нархлару фақат нафсини ўйлайдиган чайқовчилардан азият чекади? Илмдан бебаҳра, китоб қадрини билмайдиган сотувчилар китобларни шунчаки ишлаб чиқарилган маҳсулот сифатида сотиши тўғримикан? Ахир, бу инсон маънавиятига дахлдор жиддий масала эмасми?

Маънавий эҳтиёж бизнеси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 12 январь куни «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишни имзолаган эди. Унда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмагани, чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими суст ривожланган, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмагани айтилиб, тузиладиган комиссия аъзоларига китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш, китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш каби вазифалар топширилган.

Мана, орадан салкам бир йил вақт ўтибди ҳамки, бу борада давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар ҳали-ҳануз, тўла-тўкис амалга ошириляпти, деб айта олмаймиз. Бу тарзда қандай қилиб халқни китобхон қилиш мумкин? Ахир, фарзандига қиммат нархдаги китоб олиб беришни ҳамма ота-онанинг ҳам ҳамёни кўтармайди. Айримларнинг рўзғордан орттириб, 50-100 мингга китоб сотиб олиб беришга моддий имконияти йўқ. Шундай экан, китобларнинг нарх-навоси ҳақида жиддий бош қотириш лозим.

Тўғри, бугун тадбиркорликка кенг йўл бериляпти. Бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Лекин китоб ўқишга талаб ошган, унинг тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда, инсонга чексиз ҳузур-ҳаловат бахшида этиш билан бир қаторда, уни комилликка етаклайдиган китобга фақат тадбиркорлик кўзи билан қараб, қиммат нарх белгилаб, ойлаб, ҳатто, йиллаб расталарда сотилмай туравериши қанчалик тўғри? Боз устига, давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида инсоннинг маънавий дунёсини шакллантирадиган соҳаларни бизнесга айланишига бундан буён чек қўйиш кераклигини такрор-такрор айтяпти.

Бинобарин, китоб ёзишдан, уни сотишдан асл муддао ҳеч қачон моддий манфаат бўлмаслиги жоиз.

Бугун китобхонлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, аввало, ҳар бир нашриётда ихтисослашган китоб дўконлари ташкил этиш керак. Шунда китоблар нашриётлардан қўлдан-қўлга ўтиб, қимматлаб кетмайди. Бундан ташқари, китоб савдосида ўзи маърифатдан бутунлай йироқ, умрида биронта китоб варақламаган кишиларнинг банд бўлиши мантиққа тўғри келмайди, назаримизда. Харидор сотувчидан ўзи қизиққан бирор бир китоб ёки қандай китобларни тавсия қилишини сўраса, унинг саволига муносиб жавоб қайтара оладиган, китоблардан хабари бор, оз бўлса-да, китоб ўқиган, маърифатли шахслар бўлса, нур устига нур.

Афсуски, бугунги китоб дўконларида фаолият юритаётган аксарият сотувчи бирон бир китоб ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмас. Улардан бугун қайси китоблар севиб ўқиляпти деб сўрасангиз, кўпчилиги енгил-елпи, олди-қочди, севдим-куйдимларни тавсия этади. Тавсия қилаётган китобини ўзи ўқиган ёки ўқимагани билан қизиқса­нгиз, «Қайдам, ўзим ўқиб кўрмаганман, лекин ҳозир кўпчилик шу китобни сўраб келяпти», дея елка қисишдан нарига ўтмайди. Китоб дўконларини бирма-бир айланиб кўрсангиз, лоақал битта сотувчининг бирон бир китобни ўқиб ўтирганини учратмайсиз.

Болаларни китоб ўқишга чорлаяпмизми, уларни бу дунёда пулдан бошқа нарсани кўрмайдиган, Ватан тақдирига бефарқ кимсаларга рўбару қилиб, уларнинг китобга қизиқишини сўндириб қўймайлик. Кейин кеч бўлиб, ғафлатда қолмайлик.

РS: Мақолада фақат пойтахтимизда жойлашган китоб дўконларидаги нарх-наво ҳақида сўз юритдик. Чунки вилоятлардаги аҳвол ҳам ҳавас қилса арзигудек эмас. Энг ёмони, уларда китоб дўконларининг ўзи камёб. Кузатувларда бунга гувоҳ бўлдик. Умид қиламизки, бу каби муаммолар ечимига ҳам навбат етиб келади.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

«Оила даврасида» мухбири

https://od-press.uz/ дан олинди

2 комментария

  1. Муаллифни фикрига қўшилмайман. Агар қиммат бўлсаю, лекин талаб кучайяпган китоблар бўлса, бунга фақат хурсанд бўлиш керак. Қадрли нарсани нархи баланд бўлади.
    Кўпчиликни уйига кирганимда, хар хил қимматбахо идиш тавоқларга тўлдирилган сервантларга кўзим тушади. Лекин китобга тўла жавонни кўрмайман. битта идишни нархига 10-20 та китоб сотиб олиш мумкин. Қаёқдаги кераксиз нарсаларга топилган пул нега китобга топилмайди ўзбекларда? Айтишингиз мумкин бу ерда кам таминланган оилалар тўғрисида ёзилган, уларга оғирлик қилиши тўғрисида деб. Мен ўзим шундай оилада катта бўлганман. Китобга бўлган қизиқишим туфайли, ўзим пул ишлаб топиб китоб сотиб олардим ёшлигимда. Шу китоблар халигача турибди. Мехнат туфайли эмасмикан? Китобни нархини тушириб шу сохада ишловчиларни мехнатини қадрсизлатирамиз, шунинг учун китоб дўконлари бизларда кам. Нархни тушириш тўғрисида эмас, ёшларни китобга бўлган қизиқишини орттиришни ўйлаш керак. Китоб ўқиман деган бола бировдан олиб туриб хам ўқиди. Болаларимизни тиришқоқ қилиб тарбиялашимиз керак. Аяган кўзга чўп тушади

  2. Агар мехнат килиш билан натижага эришилганда Эшшак — хайвонлар шохи булармиди. Албатта, бу хазил….

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *