“БИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИМИЗ!“

Ҳозир ҳаммаси бошланган нуқтага қайтамиз. Йигирма икки йил олдин онам мени дунёга келтириш учун шифохонага борганларида, шифокорлар онамни яхши жойга жойлаштиришлари учун дадам уларга пул берган эканлар. Мен туғилгач, жуда инжиқ чақалоқ бўлганман шекилли, дадам ҳамшираларни ҳам рози қилганлар. Шифохонадан чиқаётганларида шифокорларни, ҳамшираю, доя аёлни, ҳатто қоровул амакини ҳам “қуруқ“ қолдиришмаган.

Йиллар ўтди. Боғчада опаларимнинг энг севимли ўқувчиси эдим, ҳозир ўйлаб қарасам улар ҳам менинг давримда анча яйрашган.

Йиллар ўтди. Жуда бижжилоқ қиз бўлганман, шекилли, ота-онам олти ёшдан мактабга берсак эплар дея, мактабга беришга қарор қилишган. Эрта бориш учун нима қилиш керак? Албатта, тест топшириш керак! Шу ҳам муаммоми? Ахир, бувам маорифда ишласалар, тестни олиб, шартта ёдлаганман-қўйганман. Қарабсизки, мен ўқувчиман-да!

Йиллар ўтди. Мактабда саккизинчи синфлар эдим чамаси, шеърият бўйича танлов эълон қилинди. Бу мен каби эндигина атак-чечак қилаётган “ижодкорча“ учун ўзини кўрсатишнинг энг яхши фурсати эди. Финалга икки киши қолдик. Бири мен, иккинчиси “Зулфия“ олиш учун ўзини ҳар ўққа-чўққа урадиган синфдошим! Биласизми, ўша танловда мен ютдим, аммо қайта шеър ёзмадим ва барча ёзганларимни ёқиб юбордим. Чунки ўқитувчим менга аслида менинг шунчаки омадим келганини, бу ўрин уники бўлиши керак бўлганини айтдилар. Мен аҳмоқ, мен шунчаки омадим билан ғалаба қозонибман, мендан ижодкор чиқмас экан, — дея баридан кечибман. Қаердан билай ўша устозим синфдошимга репетиторлик қилишини?!

Йиллар ўтди. Мактабни тамомлаб, коллежда ўқий бошладим. Энди олдимда университетга тайёрланиш ўйи турарди. Қизиқ, репетитор ҳам бирдан топилиб қолди. Энди мен коллеж дарсларга кам борар, фақат тарих ўқир, журналга эса бирор киши мени “йўқ“ деб белгила олмасди, аҳир кураторим репетиторим-ку!
Кейинроқ кураторим менга инглиз тилидан ҳам репетитор топиб бердилар. Мундоқ суриштирсам, улар кураторимнинг рафиқалари эканлар, тўғри тушундим, оилавий буджет битта ахир!

Йиллар ўтди. Коллежни битиришимга ҳам саноқли кунлар қолганди, диплом иши ёзишга ақл қаерда дейсиз?! Яна кураторим бор-ку, дедим. Олтмиш мингни бердиму, дипломни олдим-қўйдим, ҳа айтганча, бир имтиҳонда ўн беш минг сўмдан йиғишганида бермаганим учун тўрт тушиб қолиб, қизил диплом ола олмадим, эссиз, бира тўла етмиш беш мингни бериб қўйганимда қизил диплом нақ эдия?!

Йиллар ўтди. Университетга топшириш учун пойтахтга отланар эканман, опам:
-Икки уч минг олиб олдингми? Пульсиз ижодий ҳал бўлармиди? — дедилар.
Ичимда ҳадик билан имтиҳонга кирар эканман, ҳеч ким мендан пул сўрамади. Тасаввур қиляпсизми? Бутун бошли ижодий имтиҳондан энг юқори бални олиб чиқаману, кимдир менга шипшитмади, нимадир сўрамади, ҳатто менга эътибор қилиб қарамади ҳам.

Мана биринчи курсни ҳам битирдик, ҳамон ҳаёлимда бир савол:
-Домлалар ростдан ҳам пул олмасмикан?!
Аҳир биздан бирон марта нимадир сўрашмади, бошқача қарашмади, чеккага тортиб, имо қилишмади!
Қизиқ-а? Пул олмаса ҳам бир дард экан.

Биз ҳамиша коррупцияга қаршимиз, — деймиз, аммо туғилмасимиздан олдин қон-қонимизга сингиб кетган иллатни шу бир “қаршимиз“ сўзи билан йўқ қилиши имкони борми? Коррупция бузилиш, айниш дегани, ахир жамиятимизни ўзимиз, ўз қўлимиз билан бузмаяпмизми?
Нега кимдир бировга пора бергани ёки мана шу жиноят билан қўлга тушганини эшитсак, қарғинишни биламизу, аммо ўзимиз ишимиз тезроқ битиши учун бировга тавозе қилаётганимизда , “пахта“ қўяётганимизда бу гуноҳ ёки жиноят экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз?! Тарих хайрлашмайди, аксинча кўришгунча, — дейди, хўш тарихдаги каби буюкларимиз билан қачон учрашамиз?

Қизиқ,сизни тафтиш қилмоқчи бўляпману, аммо бироз аввал ўз “коррупция“ларимни санаётган эдим. Дунёни ўзгартирмоқчимисиз? Унда буни ўзингиздан бошланг. Зеро, БУЮК бўлиш ҳам, БУ-ЮК бўлиш ҳам ўз қўлингизда! Тома-тома кўл бўлур! Биз Коррупцияга қаршимиз!

П/с : аслида мен билан содир бўлган воқелар барчамиз билан содир бўлган, менинг ҳақиқатим барчамизнинг ҳақиқатимиздир!

Абдураҳимова Азизабону

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.