Битта симёғоч, битта радар

“Итнинг басти гадой билан”, дерди отам раҳматли. Тошкентга машинамда бориб келиб, шу мақолни эсладим. Тавба қилдим, ҳар чақиримда, баъзи жойларда ҳар қадамда радар. Жомбой ва Булунғур туманлари ичида, ишонмайсиз, деярли ҳар битта симёғочда биттадан радар. Илкис “Темир хотин”даги Қўчқор аканинг гапи эсимга тушиб кетди: “Битта бойрақ, битта лакатир”. Э, қандингни ур, ГАИлар! Ҳар битта радардан кейин 5-6 ГАИ ҳам туриб олган. “Саккизинчи столбадагисига тушибсиз, ўн бешинчи столбадагисига тушибсиз” ва ҳоказо.

Ҳар битта “радарга тушган” ҳайдовчи тўлайдиган отнинг калласидек жаримадан ГАИлар улуш олиши рост бўлса, ҳадемай, “Битта симёғоч, битта радар” бўлиши аниқ. Балки орага ўзлари радар учун яна биттадан симёғоч ҳам ўрнатиб чиқишса, ҳеч ажабланманг!

“Тошкентдан Хоразмгача бир минг бир юз километр”да 17 да ГАИ пости бўлганида бундан яхшироқ эди-ей! Аниқ билардинг пост қаердалигини, шунга қараб юрардинг. Бу нима гап? Кўзим симёғочда бўлиб қолди-ку? Ҳожибой ака раҳматли кўрган лайлаклар ҳам йўқ, ҳаммасининг ини ўрнида биттадан, ҳатто бир жуфтдан радар.

Энг қизиғи, олдин рўпарангда турадиган “олдингдан оладиган” бўларди радар дегани, ҳозиргилари “орқангдан оладиган” ҳам бўлибди. Яна нимагадир ҳаммаси жуфт-жуфт.
Яна битта ғалатиси чиқибди. Кечасиям оларкан. Иккита чироқчаси ёниб тургани узоқдан кўринади. Ҳайдовчилар зўр от топишибди шунисига: “Шоғолча”. Ҳақиқатдан кечаси шоғолнинг кўзлари ёниб тургандек туюлади.

Жомбой билан Самарқанднинг ораси палахмонга тош солиб отсанг етадиган жой, аммо шу оралиқда 17 та радар санадим. Симёғочдагисига қаноат қилмаган ГАИлар йўл ўртасидаги бетон деворчалар устига ҳам “яшикча” радар қўндириб қўйиб, (бунисини кечаси қўйишаркан) ҳар бута, ҳар дарахтнинг орқасида сичқонни пойлаган мушукдек ҳушёр туришибди.

Астағфируллоҳ, бунча радарни ким етказиб бераяпти экан-а? Ўзимизда чиқиб қолдимикан ёки?

“Бўлди, энди 70 тезликдан оширмай юравераман ҳамма жойда”, деган хулосага келиб қайтаётсам, катта йўлга 60, 50, ҳатто уялмай, 20 тезликни чегараловчи белгиларни қўйиб, сал нарида ГАИлар туриб олишган. Шу белгиларни ўзлари қўйишган-ов? Бўлмаса, Сирдарёнинг бийдай чўлида 40 деган тезликни чекловчи белгига бало борми, яқин орада аҳоли масканининг ўзи йўқ.
Хуллас, ҳадемай, симёғочларимиз янги йилда безатилган арчалардек, радарлар билан ясатилиб қўйилса, умуман ҳайрон бўлманг!

Каримберди Тўрамурод

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *