Биринчи бўлиб Гулистонда автобусларда тўловларни автоматлаштириш лойиҳаси жорий этилди

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда “Mikroelektronika Plyus” МЧЖ ҳамкорликда Гулистон шаҳрида автобусларда тўловларни автоматлаштириш лойиҳаси синов тариқасида жорий этилди.

Мазкур лойиҳа доирасида Гулистон шаҳридаги иккинчи, тўртинчи ва бешинчи мавзеларга қатновчи ISUZU русумидаги 10 та автобуслар махсус қурилмалар (валидатор) билан жиҳозланди.

Эндиликда йўлкира хақини нақд пулсиз тўлаш, яъни транспорт тўлов картасини сотиб олиш ва уни кейинчалик тўлдириб бориш билан банк пластик картаси орқали, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Бу эса ўз ўрнида қайтим беришдаги муаммоларни ечади ва тўлов жараёнини бир неча баробарга қисқартиради.

Масалан, PayNET шаҳобчасига борган ҳолда ёки телефон орқали Woy-Wo тизимига уланган ҳолда транспорт картаси ҳисобини тўлдириш мумкин. Босқичма-босқич эса барча тўлов тизимлари орқали ҳисобни тўлдириш имкони яратилади.

Тўлов карталари учун ҳозирги кунда жаҳонда оммалашиб бораётган NFC (Near Field Communication — ўзб. яқин масофадаги алоқа) технологияси танланган бўлиб, у ўзининг қулайлиги, хавфсизлиги ва тезкорлиги билан тўлов ва объектларга кириш ечимларида кенг қўлланилмоқда.

Шунингдек, мазкур тизим барча автобусларда тўлиқ жорий этиш даврида смартфон қурилмаси ёрдамида тўловларни амалга ошириш имкони яратилади. Бунда смартфон қурилмасига махсус дастур ўрнатилиши ва тизимдан рўйхатдан ўтилишининг ўзи етарли бўлади.

NFC технологиясини қўлловчи смартфонлар валидатор қурилмасига яқинлаштирган ҳолда масофадан тўловни амалга оширилиши мумкин бўлади.

Албатта барча турдаги смартфонлар ҳам бундай интерфейс билан жиҳозланмаган. Ҳаттоки энг замонавий iPhone смартфонлар ҳам NFC технологиясини тўлиқ қўллай олмайди. Шуни инобатга олган ҳолда барча турдаги смартфонларда тўловларни амалга ошириш имконини берадиган электрон QR (Quick Response Code — тезкор жавоб берувчи код) кодли чипталар жорий этилди. Бу электрон чипталар йўловчи ҳар тўлов амалга ошириш даврида алоҳида ажратилади ва улар такрорланмайди.

Мазкур ечимга кўра тизимга уланган барча автобуслар мобил алоқа тармоғи орқали алоқани амалга оширади. Республика ҳудудларида мобил алоқа тармоғи ҳолатини инобатга олган ҳолда ҳамда кутилмаган вазиятларни олдини олиш мақсадида, автобуслар нафақат онлайн режимида, шу билан бирга офлайн режимида ҳам йўловчилардан тўловларни қабул қилиш механизми ишлаб чиқилди. Бу эса тизим узлуксиз ишлашини таъминлайди ва ишончлилигини оширади.

Лойиҳа доирасида бундан аввал Тошкент метрополитенининг Мустақиллик майдони метро бекати ҳам инновацион турникет ва бир марталик чипта сотувчи автоматлар билан жиҳозлангани ҳақида аввал хабар қилинганди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.