Бир куни Рум империясида… (фельетон)

Қадимда Рум императори барча мулозимларини йиғибди ва ғазаб билан уларга ўшқириб берибди:

«Қабулхонамизга нома тушибди. Одамлар орасида ночорликдан тиламчилик қилиш ҳолати кўпайганмиш. Нима қилсак бўлади?».

Шунда ғазна вазири: «Император жаноблари, уларнинг фаолиятига лицензия жорий қилайлик. Тушум келади. Ҳар ой даромадидан хазинамизга солиқ ҳам тушарди», — дебди.

Ёнидагилар: «Сен бола балосан! Бекорга бутун Оврўпада, энг яхши ғазначи, деб эътироф қилинмадинг», — деб ўйланиб туришса, меҳнаткашлар вазири ҳам гапга суқилибди:

«Яна уларга пуллик меҳнат дафтарчаси, пенсия дафтарчаси очтирамиз. Ана тушум! Янги иш ўринлари яратилди, деб жарчилар орқали жар соламиз. Шунингдек, ойлигининг уч-тўрт фоизини қариганда оласизлар, деб ушлаб қоламиз. Инфляция бўлиб, у пул кейинчалик арзимаган пулга тенг бўлиб қолади. Биз эса уларни ўзларига фоизга бериб кўпайтираверамиз».

Қайсидир вазирнинг синглиси шартта ўрнидан турибди-да: «Тиламчиларга мажбурий бир хил форма жорий қиламиз. Одамларга ҳамма тенг бўлиши керак, деб баҳона қиламиз. Қарабсизки, жарағ-жарағ пул келиб тушяпти», — дебди.

Императорлик жарчилари агентлиги бошлиғи мулойим супургидек секин туриб: «Агар ҳўп десангизлар, мен уларни қайта тайёрлаш курсларимда арзимаган пулга тарбиялаб бераман», — дебди.

Ташқи муҳожирлар бўлимидан яна биттаси шарт турибди-да: «Уларни четга жўнатувчи марказлар тузамиз. Кетишларида, биз сизларни кафолатлаймиз, деб улуш оламиз», — дебди.

Иқтисодий юмуш вазири: «Тўғри, бизда тиламчилар кўп, лекин Македонияда биздан ҳам кўп», — дебди доноларча.

Суд қилиш маркази бошлиғи: «Уларга отнинг калласидек жарима қўллайлик, ғазнага пул тушади», — деб турса, Рум ҳокими бўш келмай: «Улар тиламчилик пайти ишлатадиган материалларни фақат бизнинг завод ишлаб чиқарса, фақат шу турдаги товарлар учун импорт божини ошириш ёки олиб киришни чеклаш зарур», — деган экан, шунда бир-икки «каттаконлар» ийманибгина, «буни бизга қўйиб беринг», дейишибди.

Шунда мажлис ташкилотчиси: «Мана, битта муаммо ҳал, энди йўл харитаси тузсак бўлди», деб хулосалаб турса, чеккада турган оддий мироб: «Товба, император бизларни шулар орқали бошқаряптими?», деб ўйланиб қолган экан.

Айтишларича, Рум Империясининг таназзулининг сабаблардан бири, Рум Империяси деганда фақат Рим шаҳри тушунилишида бўлган. Рим шаҳри алоҳида имтиёзга эга бўлиб, ҳамма провинциялар Рим аҳолиси учун ишлаган. Шаҳарликлар маишат-у шоулардан бўшамаган, император ва мавжуд тузумни мақтаган нотиқларгина тақдирланиб, қуйи қатлам муаммоларини баён қилган нотиқлар таъқиб остига олинган ва бу ишлар алал-оқибат империя таназзулига сабаб бўлган экан.

Зафарбек Солижонов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.