Бекорчимисиз? “Иш”га марҳамат!

Бир қанча инсонлар бизга ёлланма ишчи керак, деб мурожаат этишди. Сизни баъзилари билан таништириб ўтаман.

-Эшматов Тошмат. Ўқитувчи. Унга ёлланма ишчи керак. Маълумотининг фарқи йўқ. Вазифаси: келаётган пахта мавсумида пахтага чиқиш, кейинчалик йўллардаги ободонлаштириш ишларига ёрдам бериш. Яна хоҳласа, пенсияларни ҳам тарқатиш ва аҳолига коммунал қарздорликларини етказиши мумкин.

-Абдусаломова Саломат. Шифокор. Унга ҳам ишчи керак. Маълумотининг фарқи йўқ.

Вазифаси: пахтага чиқиш, йўллардаги ободонлаштириш ишларига кўмак бериш.

-Турдиев Раисбек. Раис. Унга ҳам ишчи керак.

Вазифаси: уйларга кириб, камчиликларни ўрганиш. Аммо пули озроқ…

-Шолиев Маккамберган. Фермер. Унга ҳам ишчи керак.
Шартлари: мажлисда ухлаб қолмаслик, ҳоким сўкканида тиржаймаслик.

-Даврсурган Давриевич. Ҳоким. Унга ҳам ёлланма ишчи керак.
Шартлари: бугалтериядан хабари бўлиши керак;
Раҳбарлик қобилияти бўлиши шарт.
Вазифаси: коррупциядан келадиган даромадни адолатли тақсимлаш, 5 та дала ҳовли, 2 та фермер ҳўжалиги ва яна бир қанча объектларни назорат қилиш.
Ойлиги: маълум эмас, тушумга қараб.

Ҳозирча шуларни ўртоқлашдим.

Ҳа, яна бир ташкилотдан махсус хат ҳам келди:
Вилоят Депутатлар кенгашидан.
Уларга ҳам ишчи керак.
Шартлари: чаққонлик, мерганлик, журналистикадан ҳам хабари бўлса, нур устига нур.
Вазифаси: кабинетда пашша қўриб ўтириш.
Мажлисларга чиройли бўлиб бориш ва ажойиб нутқ тайёрлаш.

Депутатлар кенгашида янги штат очилмоқда! Фақатгина кўз дўхтирларини ишга оламиз. Вазифаси: эрталаб депутатни кўрикдан ўтказиш, йўлланма бериш.

Ҳозирча шулар! Агарда сизга ёққан иш бўлса, марҳамат, танланг ва бизга мурожаат қилинг!

Сайтимиз: www.vijdonbilanishla.uz

Абдулла Абдиримов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *