БАНДАГА МУҲТОЖ ҚИЛМАГИН

Биламан, оламга сиғмас гуноҳим,
Фарёдим чексиз-у, кўп оҳу воҳим.
Парвона қошимда пушту паноҳим,
Хешларим омонда сақла, илоҳим,
Бандани бандага муҳтож қилмагин.
Оғзингга чайналган нонин тутса ҳам,
Лабингга кавсар сув чойин тутса ҳам,
Қўшқўллаб яшаган жойин тутса ҳам,
Малҳам деб заҳмингга жонин тутса ҳам –
Бандани бандага муҳтож қилмагин.
Бемору кексалар инжиқ бўлади,
Кўнгиллари ярим, синиқ бўлади.
Аммо хотиралар тиниқ бўлади,
Қалбдан дуолари илиқ бўлади,
Бандани бандага муҳтож қилмагин.
Сўзларим кўнглингга олмагин малол,
Жигарим, ҳеч қачон кўрмагин завол.
Меҳрли нигоҳлар бўлмасин увол,
Йиғла, Абдураҳмон, айтиб хасби ҳол:
Бандани бандага муҳтож қилмагин…
Абдураҳмон МАҚСУДОВ

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *