Бахтиёр Омонов: КОРРУПЦИЯ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Кейинги йилларда хориж матбуотида, жумладан Россия матбуотида коррупцияга қарши курашиш йўллари ҳақида қизиқарли мақолалар пайдо бўла бошлади. Абу Наср Форобий бир вақтлар ёзган фозил одамлар шаҳрини ёҳуд фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупция ҳисобланади. Бозор иқтисоди тизими кушандаси, давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ва инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупциядир. Ҳар йили ўнлаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши тагида ана шу “кўринмас” қўллар ётади, албатта. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётгани асл сабабларини ҳам шу иллатдан излаш лозимга ўхшайди.

Олдин Ғарб, кейинроқ Осиё давлатларида бу масала чуқурлашиб, жамиятда “касаллик” ҳудуди, кўлами ва даражаси кучайиб бораётган экан, нима қилмоқ керак, деган доимий савол олдимизда пайдо бўлади. Нима қилса, интернет тўрига ўхшаб дунёни эгаллаб, мамлакатлар иқтисодига раҳна солаётган бундай бало-қазонинг таъсир доираси камаяди?! Қани, шу муаммонинг ечими топилгудек бўлса, у жамиятнинг оммавий фаровонлиги, халқнинг тўқчилигига олиб келиши нуқтаи назаридан изоҳлашга уриниб кўрайлик-чи.

Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, персонлари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмолмаймиз. “Нозик”, “чигалроқ” ушбу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, зийрак бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, мустақил журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши ҳақида ғарблик тадқиқотчилар анчадан бери ёзишади. Аммо Осиёда, хусусан, ўзимизда бу мавзу тадқиқотчиларини кутиб турибди. Сиёсатчилар, файласуфлар, социологлар, психологлар, тарихчилар, борингки, гуманитар соҳа олимлари ва амалиётчилар масалани қандай услубда ёритиш, таҳлил этиш устида бош қотиришмоқда.

МДҲга аъзо мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар таҳлили шундан далолат берадики, биз Шўролар тузумидан қутулганимизга йигирма беш йил бўлаётганига қарамай, суд-ҳуқуқ органлари ҳамон давлат ҳокимиятининг итоаткор органига айланганича турибди. Бу жамият кушандаси, ярамас иллат ҳақида давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида гапириб ўтади. Чунки вилоят сессияларида ташкилий масала кўрилганда, албатта, мазкур масалага рўбарў келмоқдамиз. Президентимиз Ислом Каримов таъкидича, порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократиялаш ва модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Юртбошимиз бундан анча йиллар олдин, аниқроқ қилиб айтганда, 1998 йил охирида Самарқанд ва Навоий вилоятлари сессиясидан сўнг, Ўзбекистон телевидениесининг раҳбари билан ўтказган суҳбатида: “Бу касаллик илдизи хонлар, беклар, қозилар, мингбошию юзбошилар ҳукм сурган олис замонларга бориб тақалади, –деган эди. – Балки халқ эртакларидаги порахўр амалдорлар, Абдулла Қодирий тасвирлаган ришватга ботган хон мансабдорлари ёки бўлмаса Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясида қаламга олинган воқеалар фақатгина бадиий тўқима маҳсули эмасдир?!”[1] Бу гаплар айтилганига, мана, ўн беш йилдан ошди, аммо идора раҳбарлари ва оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, тамаъгирлиги, бюрократлиги жамиятимизда йўқолиб кетмаяпти.

Сиёсий арбоблар, тадқиқотчи олимлар, кенг жамоатчилик муаммонинг адолатли ечими устида бош қотирмоқда. Бунинг сабаби аниқ ва равшан:

биринчидан, коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва қуйи табақаларнинг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳалардаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди;

иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишига йўл очиб бермоқда. Демак, “Ҳуқуқий маданият” предмети олий, ўрта махсус ва ҳатто ўрта таълим босқичларида чуқур ўтилишига эҳтиёж туғилмоқда;

учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит бермоқда.

Мамлакат Биринчи президенти Ислом Каримов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида илгари сурган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ҳам айни шу масала кўтарилиб, адлия органлари ролини кучайтириш юзасидан анчагина кўрсатмалар берилган эди. Давлат ва жамиятда инсон онги, дунёқараши билан боғлиқ муаммолардан келиб чиққанимизда, собиқ иттифоқдан мерос қолган бундай зарарли иллатларга қарши курашда ҳали анча азият чекишимизга тўғри келади. Лекин бу табиий жараённи сохта равишда секинлаштирмаслик ёки айрим кучларнинг тазйиқи остида “тўхтатмаслик” лозим.

Бу борада чет давлатлар тажрибасидан унумли фойдаланиш зарурга ўхшайди. Масалан, АҚШда репортёр журналист коррупцияга қарши курашда энг самарали жамоат назорати саналади. Бироқ, дейлик МДҲда суриштирув журналистикаси анча саёз ҳолатда бўлиб, бугунги давр эҳтиёжидан орқада қолмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жиноятчилар “кирдикор”ларини фош этишга уриниб, мустақил суриштирув олиб борган фидойи журналистлар (В.Листьев, А.Боровик) жисман йўқотилди, тирик қолганлари бизнес соҳасига ўтиб кетдилар. Қизиқ факт: ҳозирда юқори раҳбарнинг яширин бойлик орттиришини исботлаган мақола матбуотда чоп қилинса-да, унга тегишли чоралар кўрилмайди, аҳвол ўзгармайди. Э-ҳе, бир вақтлар раҳбар фелъетон чиқса, партиядан ўчирилиб, қамалишини англаб, “тўртинчи ҳокимият” матбуотдан ўлгудай қўрқарди. Энди нима ўзгарди – баттар бўлди! Танқидсиз тараққиёт бўлмаслиги, баъзи раҳбарлар ҳаддидан ошишини ҳеч ким тан олгиси келмайди…

Жамиятда устувор соҳа – таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида толерантликни уйғотиш муаммоси ҳам олдимизда кўндаланг турибди. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланганлиги (у япон ёки хитой фуқароси онгида нега шаклланмаслиги бошқа мавзу – Б.А.) яна бир катта камчилигимиздир. Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак бўлмайди, миллатимиз обрўсига коррупция соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига таъмагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули бошланиши ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб боришимиз даркор.

Кейинги йилларда, хусусан, 2011 йилдан бошлаб, мамлакатимизда “парламент назорати”, “жамоатчилик назорат”, деган терминлар ишлатила бошланди. Бу борада илк қонунлар ҳам қабул қилинди. Биз бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.

Коррупция устидан жамоатчилик назоратисиз Ўзбекистонда сиёсий тизим ислоҳотларини амалга ошириб бўлмайди. Хусусан, модернизация билан коррупция бир-бирига қони қўшилмайдиган, мос келмайдиган жараёндир.

Маълумки, коррупция – чегара билмас аждаҳо, у алдамчилик, порахўрлик ва пулни ”ювиш”нинг конкрет схемаларидан ташкил топади. Россияда кечроқ бўлса-да, унга қарши янги механизм чоралари қидирилмоқмоқда. Сабаби, Б. Ельцин ҳокимияти даврида мамлакатда иқтисодни режали ва мақсадли бошқариш тизими бутунлай издан чиқиб, кўпроқ Ғарбнинг таъсирига тушиб қолган, параллел равишда режасиз (миясиз) ва жиноий иқтисод баравар олиб борилган эди. РФ ички ишлар вазирлиги Иқтисодий хавфсизлик академиясининг маълумотига кўра, 2005 йил охирида Россияда иқтисоднинг жиноятлашганлиги даражаси жуда “танг” аҳволда бўлиб, “хуфиёна” иқтисод ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) нинг 40 % кўрсаткичи даражасига етган эди, 1991 йилда эса у бор-йўғи 11 % бўлганди. Transparency Int (TI) коррупцияга қарши тадқиқот Марказининг 2007 йил сентябрь ойидаги маълумотига қараганда, Россияда коррупция ҳолатини ўзлаштириш индекси 2,3 баллни ташкил қилиб, 180 давлат ичида 143-ўринга – Гамбия, Индонезия ва Того даражасига тушиб кетганди. Ҳокимият тизими жиноят ва коррупциялашганлиги рейтинги бўйича мамлакат 2006 йил бошида Кения ва Зимбабведан пастроқда – жаҳонда 25 ўриндадир. Ҳозирги Россия коррупция бозорининг умумий ҳажми 240 млрд. доллардан ошган. ИНДЕМ фонди баҳоларига биноан, бу кўрсаткич ишбилармонлар доирасида анча кўпайиб, 2001-2005 йилларда коррупция ҳажми йилига тахминан 33 дан 316 млрд. долларгача ошибди (9,6 маротаба)[2].

Булардан ташқари, аҳоли табақалари даромадларининг фарқланиш миқдори кескин ўзгаргани иқтисодчиларни ташвишга солмоқда. Мисол учун Росстат маълумотига мувофиқ, 1956 йилда у 3,28, 1986 йилда – 3,38 га етган бўлса, мустақиллик йилларида бой ва камбағаллар даромадидаги фарқ 13,8 (1998) дан 16,8 (2007) маротаба кўпайган. Расмий маълумотда жиноий ҳаракатлар ҳисобга олинмаган бўлса-да, 10% энг бадавлат киши даромади энг камбағал фуқароларнинг даромадларидан 16,8 марта ошиб кетганлиги маълум бўлмоқда. Кўплаб экспертлар яширин иқтисод ҳисобга олинганда, ўртадаги ҳақиқий тафовут – 25-40 маротаба эканлигини эътироф этишмоқда. Ҳозирги кунда яшаш минимумидан паст даражада яшаётган аҳоли 15% дир. Сталин даврида эса аҳолининг барча қатлами яшаш минимумидан юқори даражага етган эди[3]. Бизнингча, ҳокимиятнинг муаммоларга бу қадар бепарволарча муносабати жамият қатламларида норозилик кайфиятини туғдирмоқда.

В. Путин 2012 йилда сиёсий ҳокимиятга яна қайтиб келгач, махсус комиссия ва марказларни тузиб, мазкур аҳволни жиддий ўрганишга киришди. Тезликда тадқиқотлар ва ахборотларни мунтазам йиғиб борадиган ягона марказ иш бошлади. Мавжуд муаммолар халқаро тажриба билан таққосланиб, “ҳомий”, “ота” вазифасини бажарган ҳуқуқ-тартибот органлари, солиқ, божхона хизмати тизими раҳбарлари кескин қисув остига олинди. Ички ишлар органи тизими бутунлай ислоҳ этилди. Россия собиқ мудофаа вазири А.Сердюков фаолиятидаги узоқ йиллик коррупция ҳолатлари ишончли фактлар орқали фош қилиниб, йирик жиноий ишлар очилди. Олдин бу масалага панжа орқасидан қараб келинган эди.

Россия Федерацияси президенти В. В. Путин назоратига ўтган кўплаб махсус илмий марказлар, жамоат ташкилотлари вазирликлар ва регионлардаги коррупция даражасини аниқлаб олдилар. Масалан, Москва ва марказий шаҳарларда у юқори, узоқ ўлкаларда камроқ ривожланган эди. Айниқса, суд, прокуратура, ички ишлар органларида, олий ўқув юртларида коррупцион тизим “самарали” ишлаганлиги аниқланиб, минглаб мансабдор шахслар лавозимидан озод этилди. Ниҳоят, таъмагир раҳбарлар сиёсий вазиятдан сал чўчиб, ўзларини панага тортишди. Россия саноат шаҳарларида 1995-2000 йилларда рейдерлик, яъни мулкдорларни тунаш, қўрқитиб бойлигини тортиб олиш авж олдирилган эди. 2015 йилларга келиб, бундай ғаразли хатти-ҳаракатлар анча барҳам топди.

Коррупция илдизига болта уришда жиноят ишлари бўйича судлар устувор мавқени эгаллаши лозим, деган фикрдамиз. Лекин афсуски, МДҲ давлатларида кимнингдир тазйиқи, кўрсатмаси ёки таъмагирлиги, мансабдорни сотиб олиниши эвазига судларнинг адолатсиз ҳукмлар чиқариши ҳоллари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Суд тизими сиёсий ҳокимиятнинг итоатгўй, тобе органига айланганини кечириб бўлмайди.

Юқоридагиларга суяниб, мамлакатимизда ҳам сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш пайтида коррупция ҳамон жиддий тўсиқ бўлаётганини тан олишга тўғри келади. Шу боис, юртбошимиз ўзлари бошлаб берган жамиятни демократлаштириш, модернизациялаш жараёнлари секин давом этмоқда. Негаки, иқтисодиётнинг инвестиция киритилган, “пул ишлайдиган”, бирмунча “ёғли” тармоқларига ёпирилиб кириб олган коррупция ҳалқаси миллий тараққиётимиз душмани бўлса-да, жамоат назорати уларга қарши курашга бели нозиклик қилади. Агар билмасдан қадам ташланса, соғлом, ҳалол фикрли бундай шахсларни бир зумда йўқ қилишади. Модомики коррупция йўллари, йўқ жойдан меҳнат қилмасдан тезда бойиб кетиш механизмлари янчиб ташланмас экан, давлатнинг ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ислоҳотини ҳаётга олиб кириш, халқни фаровон қилиш вазифаси қоғозда қолиб кетади…

Тан олиш керакки, инвестиция, банк, солиқ, божхона, бозорлар тизимида коррупцияга алоқадор шахслар яхши даромад кўрмоқда. Қонунчилик амалиёти, ҳуқуқ-тартибот органларининг уларга қарши туриш борасида ўта “ожизлиги”, “заифлиги”, ҳатто уларнинг қўшилиб кетиш ҳоатлари ишимизга панд бермоқда. Шулар оқибатида халқ ва давлатнинг ер ости ва ер усти бойлигини бемалол ўзлаштириб, чет элларда шоҳона виллаларни қуриш фактлари кўпайиб бормоқда.

Энди яна бир жиддий гап: 1990-йиллар бошида мустақиллик йўлига ўтган ёш давлатларда модернизациялаш табиий бўлмаган жараённи бошидан кечирмоқда. Барча ишлар ҳам газеталарда ёзилганидай силлиқ эмас, балки нотекис кечаётгани сир эмас. Чунки давлат бош ислоҳотчиликни ўз бўйнига олган бўлса-да, уни амалга оширувчи институт бюрократия қўлида қолмоқда. Афсуски, аппаратчи бюрократлар синфи социализм ҳукм сурган даврларни кўпроқ қўмсайди… Масалани шу жиҳатдан холис таҳлил қилганимизда, бюрократиянинг ҳокимиятга таъсири коррупционерлардан кам эмас, аслида. Қалбан олганда, ўта консерватор, янгилик душмани бўлган, тараққиётдан кўра депсинишни ёқтирадиган бу синфнинг мамлакатни модернизациялаш, янгилаш жараёнидаги “роли” ҳақида кейинги мақолаларимизда тўхталиб ўтамиз.

Бахтиёр Омонов, сиёсий фанлар номзоди.
http://omonbooks.uz/

Биринчи изоҳ

  1. Ишга кетаётсам, (у пайтда нон ёпар эдим) Неварам эргашиб «мени хам бирга олиб кетинг» деб менга еб турган олмасини узатганда ичимда бир нарса узилгандай булган эди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *