Азиз Несин. Худога шукур!

Кадикуйда Бостанжига борадиган трамвайнинг иккинчи вагонига бир амаллаб тиқилиб чиқиб олдим. Орқа майдонда саккиз киши бир-бирига ёпишиб бир оёқда зўрға турарди. Арқонга бор оғирлиги билан осилиб турган чол ўзини трамвайнинг орқа ойнасига ташлади. Чолнинг оёғидаги қўпол матодан тикилган маҳси ва эски калиши кўриниб турарди. Чолнинг бошида эски тўкилиб қолган мўйнали шапкаси бор эди. ¤рта ёшлардаги бошқа йўловчи эса сомон билан бекитилган саватини трамвай тормози устига эҳтиётлаб қўйди. Саватни жойлаштиргач рангпаргина йўловчини огоҳлантирди:
— Оғайни эҳтиёт бўл, ўтириб олма ичида тухуми бор-а!.
Шундан кейин бошланди — йўловчилар йўл бўйи фақат шу тухумлар ҳақида гапиришди. Аслида тухум бўлмаганида ҳам барибир бошқа мавзу топишарди. Мих ҳақида ёки об-ҳавоми. Ҳасратимимизни тўкиб солиш учун вазиятни қўлдан берармидик!..
Саватга ўтирманг деб огоҳлантирилган йўловчи гап ташлади:
— Неча пулдан олдингиз?
Сават эгасининг серажин юзи баттар буришди.
— Сўраб нима қиласан, — қўшилди бошқаси, — албатта, уч баравар қимматга олган.
Мўйнаси тўкилиб кетган шапкали киши қўшимча қилди:
— Ҳозир нима уч баробар қиммат эмас? Ҳозир ҳамма нарса шу…
Фақат мен ва чарм куртка кийган, мўйловли киши лом-мим демадик. Қолганлар худди «Омин» дегандек бир овоздан маъқулладилар:
— Тў-ў-ғри!
— Ҳозир нима арзон?!
— Арзон нарсани энди тушингизда кўрасиз!
— Кўрамиз бу аҳвол қачонгача давом этаркан.
— Ишқилиб охири бахайр бўлсин-да!
— Бунинг яхшилик билан тугаши даргумон.
— Кечагина икки лирага олган нарсанг эртасига икки ярим лира бўлиб туради.
— Шу ҳам иш бўлдими? Биз кечаси ухласак уларнинг уйқуси қочиб эрталабгача нархни оширишни ўйлаб чиқишади.
— Қимматчилик ҳам майли!.. Бозордан керакли нарсани тополмай қолдик-ку биродар.
Олтита йўловининг ҳар бири навбати билан ўз ҳасратини бўлишди, ва ҳар бир арзу ҳол ҳамдардлик билан қабул қилинди:
— Ҳа-а-а!
— Тўғри, тўғри.
— Нимасини айтасиз!
Трамвай Олтийўл бекатига етиб келди. Ҳеч ким тушмади. Аксинча, яна биттаси суқилиб кирволди
Сават эгаси яна бошлади:
— Яшаш қийин бўлиб қолди, учма-уч зўрға етказяпмиз
Янги йўловчи шу заҳоти суҳбатга қўшилди:
— Нимасини айтасиз, ҳамма нарсанинг нархи осмонда, квартира ҳақи шунчалик ошганки, бундан баланди бўлмаса керак.  Ҳамма яна «Омин» дегандек бир овоздан «Тўғри!» деб маъқуллашди.
Кимдир уй-жой тўловларининг баландлигидан нолиса, бошқаси — керакли нарсани топиб бўлмасалигидан нолирди, яна бири эса алам билан ҳали яшаса бўладиган уйларни бузишаётганидан шикоят қиларди. Тўғриси, у ерда бўлган гапларнинг барчасини сизга етказишдан ўзимни тийиб турибман. Улар шунчалик асабийлашган эдики, узоқ иш кунидан чарчаб уйига қайтаётганга одамга эмас балки қимматчиликка қарши норозилик намойишига чиққан кишиларга ўхшардилар. Вақти-вақти билан овозларини янада кўтаришар ва худди нутқ сўзлашга чиққан нотиққа ўхшаб гапиришарди.
Мен эса ичимда: «Қўйинглар, ватандошлар бунчалик қизишманглар. Албатта, асабийлашишга баъзи асаослар бор, лекин ҳаммаси сиз айтганчалик эмас. Қолаверса, суҳбатларингиз жуда чуқурлашиб кетди. Бу турушда бошингизга бало орттириб оласиз-ку» деб ўйлардим. Бу гапларни овоз чиқариб айтмоқчи ҳам бўлдим, бироқ қўрққанимдан овозим чиқмай қолди. Тутақиб турган одамларга яхшиси ақл ўргатмаган маъқул. Дабдалангни чиқаришлари ҳеч гап эмас.  Шунинг учун гапимни ичимга ютишга қарор қилдим.
Трамвай Ёғуртчу бекатидан ўтганда товушлар  пасайиб, ғалаён бироз босилгандек бўлди. Менга ўхшаб йўл бўйи миқ этмай келган чарм курткали, муйлов чидай олмай бақириб юборди:
— Ким айтди бизда керакли нарсаларни топиб бўлмайди деб?! Худога шукур, бизда ҳамма нарса бор!
Бундай қалтис гап ташлаган одамга чўчиб қарадим. Ахир жанжал бўлиб кетиши мумкин. Салондаги етти киши бирваракайига ташланиб қолса борми. Ҳаммага бир-бир қараб чиқдим. Улар эса чарм курткаликка қараб қотиб қолишганди. Орага сукунат тушди. Еттовлон аввалига чарм курткали нима деганини тушунолмай қолишди. Ҳазиллашаяптими ёки жиддий гапиряптими?
— Топволганларинг: «Йўқ, йўқ», — давом этди чарм куртка. — Қани, нима йўқ? Агар яхшилаб қидирса, Худога шукур, бизда ҳамма нарса бор!
Ҳамманинг оғзини очиб қолди. Биринчи бўлиб тухумли сават эгаси ўзига келди:
— Худога шукур, албатта, ҳамма нарса топилади!
Қолганлар худди «Омин» дегандек бир овоздан такрорлашди:
— Худога шукур!
— Қимматчилик ҳам ҳаминқадар. Жа, унчалик тоқат қилиб бўлмас даражада эмас. Чидаса бўлади, Худога шукур! — деди мўйлов.
Шу пайтгача қимматчиликдан шикоят қилиб турган одам ўлганни кунидан ғулдиради:
— ¤йлашимча, шу қимматчиликни ҳам ўзимиз туғдирамиз, тинмасдан: қимматчилик, қимматчилик, деб бақирганимиздан кейин нима бўлсин?
— Ҳа! ҳа! Тинмай «Йўқ, йўқ» деявериб, борини ҳам қуритдик. Аслида бизда ҳамма нарса бор, Худога шукур!
— Худога шукур!
— Худога шукур!
— Келинглар,сизларга бирма-бир санаб берай, — деди чарм куртка, — ўзларинг ишонч ҳосил қилишларинг учун. Мен ҳайдовчиман. ¤н олти йил илгари мен юз йигирма беш лира учун ишлардим. ¤шанда шакарнинг килоси ўттиз куруш эди. Ҳозир шакар икки лира туради. Лекин менинг ойлик маошим ҳам энди олти юз лира. Нима ўзгарди? Тўғри, шакар ошган, лекин менинг маошим ҳам ошганми?!
— Ошган, ошган, Худога шукур! — жўр бўлиб жавоб беришди еттовлон.
Улардан бири қўшимча қилди:
— Ҳақ гап, ҳозир пул кўп. Худога шукур, пулимиз етарли!
— Худога шукур!
— Ҳозир мардикор ҳам бир кунда ўн беш лирани пул ҳисобламайди.
— Ҳисобламайди, Худога шукур!
Мўйнаси тўкилган шапкали чол деди:
— Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Кимдир  «Чой йўқ» деб гап тарқатган бўлса, ҳамма чойни қоплаб олишга югуради. Кейин ўтиришади ҳеч қаерда чой йўқ деб! Ҳаммасини ғамлаб қўйгандан кейин, албатта, бўлмайди-да! Худога шукурки, ҳамма нарса бор!
— Худога шукур, мўл-кўлчилик!
Йўловчилардан бири тинимсиз «Худога шукур!» деб такрорлаганча Фенерпол бекатида тушиб қолди.
Чарм курткали яна гап ташлади:
— Тўғри, ҳозир мамлакатимизда миллий  саноатни ривожлантиришга диққат қаратилган, шу сабаб ҳозир фақат четга маҳсулот сотяпмиз, у ердан ҳеч нарса сотиб олмаяпмиз. Шунинг учун ҳам баъзи нарсалар тақчил, топилиши қийин.
Тинмай «Худога шукур!» деганларнинг бири шошиб:
—Топилиши қийин Худога шукур! — деди.
Кейин хатосини бирдан тушуниб, гапини тўғрилади:
— Ҳа, ҳа, ривожланиш, фақат баъзи нарсаларнигина топиш қийин. Вақти билан улар ҳам кўпайиб қолади,
— Худога шукур!
— Худога шукур! — тинчимади чарм куртка. — Истамбул Истамбул бўлгандан буён бунақа ривожланишни, бунақа қурилишни кўрмаган.
— Кўрмаган, Худога шукур. Энди кўраяпти. Бутун бошли кварталлар кўриляпти, Худога шукур. Фотиҳ султон давридан буён бунақаси бўлмаган.
— Ҳамма жойни бузишяпти, қулатишяпти Худога шукур!
— Астойдил вайрон қилишяпти! Йўғ-эй, ҳалиги… қайта қуришяпти, йўллар солишяпти!
Шу тариқа тинмай шукрона айтиб Жаддебўстонга етиб келдик. Трамвайнинг орқа қисмидаги одамлар бирма-бир тушиб кетишди. Салонда фақат мен ва чарм курткали қолдик.
Тўсатдан у мени саволга тутди:
— Сиз нима деб ўйлайсиз? Шу пайтгача бир оғиз ҳам гапирмадингиз?
Мен елка қисиб, қўлларимни икки томонга ёйиб: «Билмадим, мен нима ҳам дердим?» дегандек имо қилдим. Мен баҳсни бошлаганлардек умидсиз пессимит ҳам, тинмай шукрона айтадиган оптимист ҳам эмас эдим.
Индамаганимни кўриб чарм курткали яна сўради:
— Хўш, сиз қандай фикрдасиз?
Агар трамвай тез юрмаганида эди, сакраб тушиб қолардим. Бу одам менга ёпишиб олди. Мен яна елкани қисиб, лабимни бурдим.
Чарм курткалининг жаҳли чиқдими:
— Шунақа тубан одамлар ҳам бор-да!— деди
— Қанақа? — сўрадим мен.
— Ҳадеб «Худога шукур» деганларни айтаман-да
— Ҳа-а!
— Ҳозир ҳаммаси ичида мени сўкиб кетаётгандир. Тилида «Худога шукур» дегани билан ичида бошқача ўйлайди улар. Бундайларга нима десанг ҳам гапингни маъкуллайверади. Бор бўлсанг кўролмайди, йўк бўлса беролмайдиганлар булар.
Трамвай Эренкуйга яқинлашди.
— Хўш сиз нима дейсиз бизда ростдан ҳам қимматчиликми?
Бу савол мени қийин ҳолга солиб қўйди. Чунки бу чарм куртка мендан қандай жавоб кутаётганини ҳарчанд диққат қилсам-да англай олмагандим.
— Зарур нарсани топса бўладими? Нарх-наво ошиб кетганми?
— Худога шукур, — жавоб бердим мен.
Трамвай тўхтади. Мен эса бир сакраб тушиб олдим ва  «Худога шукур» чарм курткали кишидан қутилдим деб ўйладим.

Дилфуза Собирова таржимаси

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *