Азамат Зиё: Умид ва қўрқувдан ишонч ва рақобат сари

 

Жонли табиат ва тараққиёт қонунларига ҳеч ким ҳеч қачон қарши чиқолмаган ва чиқолмайди ҳам. Улар ҳар ким, ҳар нарсани, эртами-кеч ўз йўриғидан юритадилар. Улар негизидаги, яшаш учун кураш, деб аталмиш энг асосий қонунга бўйсинишдан борлиқнинг ноёб ва нодир маҳсули инсон ва унинг кўплиги – жамият ҳам қочиб қутулолмайди. Бошқалардан ўта фарқли тарзда, одам табиий танланишдан ташқари ақлий сараланиш қобилияти ва эҳтиёжига ҳам эгадир. Илк қадамини ёввойи бўлиб босган кишини “қандайдир” бир неча миллион йил ичида 13.4 млрд. ёруғлик йили узоқликдаги (1 ёруғлик йили – 9. 460 триллион км) энг олис галактикани кўра олиш ва унгача йўлни санай билиш даражасига етказган омил ҳам аслида мана шу сараланиш омили билан боғлиқдир. Икки ярим миллион йил бурун бирдан бир тирикчилик қуроли ёрилган тош синиғи бўлган, “атиги” ўн минг йил олдин қўй, эчкини қўлга ўргатолган, бугун эса ўз насли харитасини (Encode) тузишга эришган инсоният, миллат, шахс камолоти табиий танланишдан кўра ақлий сараланишга боғлиқлигини исботловчи яна қандай далиллар керак!
Ҳали писта чақиш қўлидан келмайдиган уч яшар набирамизнинг алхоразм (алгоритм) қоидаси асосида ишловчи ўйинларни пистадек чақиб ташлаши, ўн учга тўлмаган ўғлимизнинг Нютон қонунларини мактабда ўрганиши ва яна шунга ўхшаш – неча асрлар бурунги пайтлар учун чинданда оламшумул саналган, энди эса замонавий илм-фан, таълим ва, демак, юксак тараққиёт асослари сифатида эътироф этиладиган, бироқ ХХI аср болакайларию ўспиринлари учун оддий бир эрмак, дарсликдаги бир мавзудек қабул қилинадиган кўплаб мисолларни ҳам қўшиб якунласак, ақлий сараланиш билан боғлиқ жараён узлуксизгина эмас, балки ҳар бир босқич авлоди зеҳнини геометриявий прогрессия тарзида ўстириб, пишиттириб, келгуси сакрашлар, кашфиётларга ҳозирлаб бораверар экан! Шундан келиб чиқадиган яна бир, балкиси ундан кўра муҳимроқ, чуқурроқ хулоса бор. У ҳам бўлса, ана шундай ёшлар туғилиб-улғаяётган, эртаси нақ шу авлодга боғлиқ жамиятда уларнинг дунёқараши, савияси ва интилишларига мутаносиб ҳаққоний шарт-шароитнинг бор-йўқлигидадир. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилганларида, очиғини айтсак, онгимиз ва вужудимиз бир қалқиб тушди. Нимага?
Ниҳоят ўзбек миллатининг олдига ХХI аср табиати ва таффаккурига муносиб марра ва вазифа кўндаланг қўйилди. Энди барчаси – ўзимизга, ҳар биримизга боғлиқ. Энди жамиятимиз ҳам бир қалқиб тушиши лозим. Онги ва феълидан асрлар ичра кишан бўлиб келган иллатларни силкитиб тушириб юбориши керак. Адолат юзасидан ва воқелигимиз идрокидан келиб чиқсак, бу осон ишмас…
Раҳматли отамиз бир ривоятни тез-тез айтиб турардилар. Узоқ йиллар оиласи хизматини қилиб келган, эс-ҳушлик, ишчанлик, уддабуронлик, бошқарувчиликда бошқалардан ажралиб туриши сабаб қулликдан озод этиб, ўзига иш бошиликка тайинлаган югурдаги тунда оёқ-қўлига кишан тақиб ухлашини эшитган хўжайин ундан бунинг сабабини сўраганида, собиқ қул шундай тушунтириш берган экан: неча асрлардирки, мен ва аждодларим сулолангизга хизмат қилиб келамиз, қулликдан қутилиш эса менга насиб этди, тўғри, сиз ва боболарингиз шарофати билан биз яхши яшадик, едик, ичдик, ўқидик, бироқ ҳеч қачон оёқ-қўлимиздан аримаган кишан биз учун табиий эҳтиёжга айланиб қолган, шунинг учун ҳам жисмим озод эрса-да, шуурим тин олар кечаларда хумори тутиб уни тақиб ётаман…
Кишилик маданий ривожидаги энг буюк шахслардан Амир Темурнинг давлат ва жамият аҳлини “умид ва қўрқув орасида тутдим” дея тан олишларини (олти юз-олти юз эллик йил бурунги воқелик) илк бор ўқиганимизда, кейинчалик “Кеча ва кундуз”, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари, умуман ХХ аср биринчи чораги адабиётида чизилган турмуш манзараларини (юз-юз эллик йил бурунги воқелик) кузатганимизда, биздан ёши улуғроқ ҳамкасбимизнинг, болалигимиз кечган совет даврида узоқдан калхўз раиси ёки мелиса бошлиғи машинасининг қорасини кўриб қолсак, ичида ўзи борми-йўқми, ура уйга қочардик (қирқ-эллик йил бурунги воқелик), эсдаликларини тинглаганимизда, Соҳибқирондек улуғ арбоб ҳам мазкур қоида-сиёсатни қўллаганидан ҳайрон бўлишдан кўра орадан олти аср ўтса-да ўша “олтин” тузук сақланиб қолаётганлиги қаттиқ ачиниш туйғусини уйғотганди. Миллатимиз, унинг тарихи, бугуни, дунёқараши, феъли ва яна анча-мунчалар билан боғлиқ оғриқли таҳлилларни ақл элагидан ўтказишга ундаганди. Ва ўзимизча ясаган хулосаларимиздан бири мана бу бўлганди: давлат мустақиллиги миллатнинг рўшнолик сари интилиши йўлидаги бирдан-бир якуний мақсад бўлолмас экан, асл муддаога етиш учун мустақил давлат ва мамлакат аҳли – фуқаролар ҳам мустақил ва эркин бўлмоғлари шарт экан!
Ўн олти ой тарих учунгина эмас, бир авлод ҳаётида ҳам ҳар ҳолда қисқа муддатдир. Бироқ мазкур палла давлат ва миллатимиз тарихий онги ва турмуш тарзида бурилиш ясаётганлиги шубҳасиздир. Бу ерда гап очиқ бозор муносабатлари қоидаларига қатъий риоя этила бошлангани, ақлли ва самарали иқтисодиёт барпо этишга, давлат ва жамият бошқарувининг замонавий тизимини шакллантиришга, унинг илк ва ҳал қилувчи босқичи – мактабгача таълим миллий тизимини яратишга, соғлом авлодни рақамда эмас, амалда етиштиришга киришилгани, текин ва миннатли балиқ ёйиш эмас, уни тутишга ўргатилаётгани, инновацияли тараққиёт йўлига ўтилаётганлиги, ташқи манфаатлар фойдали шоли зарарли курмаксиз бўлмаслиги, бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирмасликка асосланган оқилона муроса орқали олға сурилаётганидагина эмас. Тилга олингаларнинг ҳар бири ўта керак ва аҳамиятлидир. Бироқ мустақил тараққиётимизнинг 2016 йил кузида бошланган янги даврининг ўзак моҳияти бу жамиятимизда устуворлик касб этган эркинлик муҳити билан боғлиқ, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Ошириб юборганликда айбланишдан чўчимасдан айта оламизки, 1991 йил биз учун давлат мустақиллиги қўлга киритилган тарихий сана бўлса, 2016 йил жамият мустақиллиги, фуқаро эркинлигига узил-кесил йўл очган тарихий санадир! Агар фақат ва фақат эркинлик инсонни ўзига, ўз кучига ишонтирувчи бирдан-бир самарали омил эканлиги, фақат ва фақат ишонч инсон ва жамиятни рақобатбардош эта олишини кўзда тутсак, гувоҳи бўлаётган замонамизнинг маъно-моҳиятини теранроқ англаймиз.
Ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиб келаётган мутахассис сифатида айтар сўзимиз: хоҳ сиёсат, хоҳ илму маданият бўлсин, ўтмишда буюк арбобларимиз, алломаларимиз, тенгсиз кашфиёт, ютуқларимиз шунчалар кўп бўлганки, бу борада унча-мунча миллат биз билан тенглашолмайди! Лекин бугун қани улар, қани? Амир Темур барпо этган улуғ ва илғор салтанат қани? Темурийлар уйғониш даври қаерда қолди? Математика, астрономия, оптика, минералогия, тиббиёт, кимё, адабиёт, санъат, шаҳарсозлик ва яна қанча йўналишларда оламни олам қилган марраларлар қайда қолди? Бари ортда қолди, эсдаликка айланди. Нега шундай бўлди? Тасодиф ва тақдирга ишониб яшаганимиз учун шундай бўлди. Даҳоларни кутиб, келганида уларга сажда қилиб яшаганимиз учун шундай бўлди. Арбобларимиз ўз элини умид ва қўрқувда тутгани учун, халқни оломон, пода, ўзини эса яратганнинг ердаги сояси, деб билганлари учун шундай бўлди. Фуқароларининг кўзини очмаганлари, ғафлат уйқусидан уйғотмаганлари (балки бундан манфаатдор бўлганлари), «майдалаб ют» қоидасини ўз жамиятларига нисбатан қўллаганлари, дунё пешқадамлари билан ҳамнафас ва ҳамфикр бўлолмаганлари, “одамлар эртага эмас, бугун яхши яшашни исташи”дек оддий ҳақиқатни тан олишни истамаганлари учун шундай бўлди. Энг муҳими ва ачинарлиси, қўрқоқни ботир, ялқовни ғайратли, билимлини ақлли, ночорни ижодкор, умумлаштирганда эса одамни шахс, оломонни миллат этувчи улкан куч – ҳар бир банданинг ички “мен”и топталгани учун шундай бўлди. Оқибатда қаҳрамон шоиру деҳқони, серунвон олиму уламосидан тортиб оддий (?) фуқаросигача бирдек бандалигича қолаверди. Негаки, бўйнидан боғланган жонивор овга ярамаганидек, табиий, ақлий қудрати нечоғлик улкан бўлмасин, “мен”и кишанланган инсон ва жамият ҳам улуғ ишлар у ёқда турсин, ҳатто ўз аравасини тортишни эплай олмайди!
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар юриб, эл-юртга қарата,уйғонинглар, кўзингизни очинг, туғилган имкониятдан фойдаланинг, дея муттасил бонг уришлари, ич-ичларидан куюнишларини, халққа қарата, қўрқманглар, энди, дея мурожаатларини кўриб-эшитиб, ўқиганда, энг муҳими, бу борада амалий қадамлар қўйилаётгани ва улар янгича натижалар бераётганини мушоҳада этганингда, ташқаридан қараганда осондек туюлувчи ушбу жараён ўта мураккаб ва ҳатто қалтис шароитда кечаётганлигини ақлан билиб турганингда, умидинг ишончга айланганини сезасан, кучингга куч қўшилади, ижодингга барака киради (масалан, ушбу мақоланинг ижтимоий тармоқда эълон қилиниши ҳам аслида мана шу ҳолатнинг маҳсулидир). Зеро, тарихий шахслар, улуғ арбоблар, истеъдодларнинг дунё, мамлакат, алоҳида соҳадаги тенгсиз ўрнини эътироф этган ҳолда, замонавий жамиятнинг юксалиши тобора унинг аъзолари сиёсий савияси, иқтисодий уддабуронлиги, илмий салоҳияти, маънавий-маданий даражаси, эътиқоди ва курашга тайёрлиги, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама фаоллигига боғлиқ бўлиб бораётганлиги аллақачон қоидага айланиб бўлган. Аммо биз сингари ўтиш даврини бошидан кечираётганлар, асрлар ичида яккаҳукмдорлик муҳитида яшаб келганлар учун миллий етакчи омили ҳали ҳам ўта аҳамиятлидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг фаолияти, айниқса парламентга мурожаатномасига нисбатан катта қизиқиш ва эътибор ҳам шундандир.
Бу ерда гап шундай тарз ва кўламда тиллашиш илк бор рўй берганидагина эмас. Мурожаатноманинг ўтмиш, айниқса бугун ва эртамиз нуқтаи назаридан аҳамияти ижтимоий-сиёсий, иқтисодий турмушимизни кишанлаб, олға босишимизга тўсиқ бўлиб келган иллатлар илдизи узил-кесил чопиб ташланганини эълон қилган сиёсий иродалигидадир! Шу маънода, аввало, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя фаолиятимиз мезонига айланмоқда, хулосасига диққатни тортган бўлардик.
Инсон, у мансуб жамият ва давлат муайян мезонлар тизимида яшайди. Киши қанчалар етук бўлмасин, барибир умумий муҳит қараш ва қоидаларига, ҳеч бўлмаганда, мослашишга мажбур бўлади. Аксинча, муҳитда комиллик устувор бўлса, унда яшовчи ҳам шунга яраша иш тутишдан қочолмайди. Ҳатто, бўлмағур бўлганида ҳам, ўз бошини ўзи ейди, умумга зиён етказолмайди. Демак, жамият ва давлатнинг сифати ҳамда унумлилиги ундаги устувор қадриятлар орқали белгиланди. Қадриятлар эса ғоялар воситасида пайдо бўладилар, такомиллашиб борадилар. Шу маънода Президентимиз томонидан илк кунлардан жамиятга тақдим этилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” ғояси минг йиллар ичра ҳукмронлик қилиб келган ёндашувнинг умри тугаганини англатишига бизда шубҳа йўқ. Тўғри, сут билан киргани жон билан чиқади, яъни давлатчилигимиз пайдо бўлибдики устун саналган, ҳатто муқаддас китоблардаги тузукларни бир ёқлама талқин этиш эвазига асослантирилган – давлатга, амалдорга ҳар қандай шароитда сўзсиз бўйсиниш қараш-қоидаси неча-неча авлодлар қон-қонига, онг-онгига сингдириб юборилгани шароитда ушбу жараённи давлат ҳокимияти асосларига лат едирмай бошқариш силлиқ кечмаслиги ҳам, бир кунлик иш эмаслиги ҳам сир эмас. Бироқ ғоя ўртага ташлангани ва унга интиқ кўпчилик томонидан олқишлангани ҳал қилувчидир. Бир сўз билан айтганда, давлат ва жамият (фуқаролар) ўзаро муносабатлари табиатида, ҳеч бир муболағасиз, тарихий ва зарурий сифат ўзгариши юз бермоқда! Нега айнан юз бермоқда?
Мустақилликка қадар яккаҳумдорлик асосида кун кечириб келган ўзбек жамияти учун демократия, ҳуқуқий давлат, инсон ҳуқуқлари кабилар бегона бўлганлиги барчага аён. Истиқлол даврининг дастлабки чорагида бу борада ёрқин ва амалий натижаларга эриша олинмаганини Мустақилликни сақлаш вазифаси энг асосий саналгани билан тушунтириш адолатдан бўлса-да, лекин сабоқ бўлиши маъносидаги холислик нуқтаи назаридан айтганда, эртами-кеч юз бериши муқаррар, энг муҳими, усиз сифат ўзгаришларига эришиб бўлмаслиги аён жараён суслаштирилгани, бу эса ўз ўрнида сўнгги йиллар турғунлигига сабаб бўлгани ҳам бор гап. Бошқача баҳолаганда, росмана демократия дарсларини энди ўтаяпмиз. Шу маънода, кечагина, борган жойингга бор, валломасига айтмайсанми, йўқол кўзимдан, дашномини эшитиб, тақдирга тан берган “оломон”нинг бир ярим миллиони Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналарига мурожаат қилгани ва йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилиши орқали Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрди, гапнинг пўскалласини айтсак, у энди халқ бўлади, миллат бўлади! Чунки унда ишонч пайдо бўлди!
Туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги тўрт раҳбарнинг, давлатнинг катта-кичик идоралари бошлиқларининг телеканаллар орқали, жойларда кечаги “оломон” олдида мунтазам ҳисобот беришлари уни халқ, миллат қилмаяпти, деб ўйлайсизми?! Жамият “санитари” ҳисобланмиш мустақил ва эркин оммавий ахборот воситалари турли иллатларни очиб ташлаётгани, у ёки бу соҳада мавжуд муаммоларни жамоатчилик билан эмин-эркин муҳокама қилаётгани, тортишув муҳити қарор топаётгани, эски замон “тажриба”си йўқлиги аслида ютуғи бўлмиш ёш, куюнчак, ишчан ва миллатсевар кадрларнинг давлат бошқарувига кенг жалб этилаётгани ҳамда Интернет тармоғида “Менинг фикрим” махсус веб-саҳифасини ташкил этиш, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб вакиллик идораларига электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш кишиларимиз онги ва дунёқарашига нечоғлиқ ижобий таъсир ўтказаётгани ва ўтказишини тушунган одам тушунади. Тўғри, бу ишлар асосан миллий етакчимизнинг ғоя, ташаббус, топшириқ, уринишлари билан амалга ошмоқда. Аммо шу тариқа ўтаётган ҳар бир кун, ҳафта, ой миллатимизни яроқсизлилиги исботталабсиз ўтмиш қолипларидан халос этибгина қолмай, жамиятимизда буткул янгича муносабатлар устунларини мустаҳкамлаб бормоқда, ўзгаришларнинг узил-кесиллигини кафолатламоқда, бир шахсга боғлиқ бўлмаган, ўзини ўзи бошқарувчи замонавий ва энг самарали тизим сари бошламоқда. Асосийси, Президентимиз таъбирлари билан айтганда, одамлар онги ўзгармоқда ва бунга шукур қилишимиз керак!
“Иқтисодий сиёсатда нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби танқидий қайта кўриб чиқилгани”га алоҳида диққат қаратган бўлардик. Иқтисодиёт ҳар қандай жамиятнинг асоси, бошқа йўналиш ва омиллар унга таяниши, унга боғлиқлигидан келиб чиқилса, мазкур ўзгаришнинг ҳаётимизнинг турли соҳаларига нақадар амалий таъсир ўтказишини олдиндан чамалаш қийинмас. Ҳатто, биз танқидий баҳолайдиган хонликлар замонида ҳам бўлмаган, тагида йўқ нарсани қоғозда бор қилиш ва унга бошқаларни ҳам ишонтиришга уриниш мустамлака давримизнинг совет режимига хос эди. Сохта ғоя, қарам миллатлар қатори ўз халқини ҳам эзиш негизида қурилган империянинг эртами-кеч қулаш жараёнини айнан ясама рақам ва ҳисоботлар билан ялтиллатилган иқтисодиётнинг секин-аста емирилиб бориши бошлаб бергани ҳам сир эмас. Бошқа масалаларда кўзни шамғалат қилиш мумкиндир, аммо рўзғорда бундай ёндашув кетмайди. “Қозонда бори чўмичга чиқади” ҳикмати бежиз эмас.
Иқтисодий кўрсаткичлардаги алдамчилик усиз яшай ва ривожланолмайдиган тармоқларда ҳам акс садо бериши табиий эди. Шунинг учун ҳам тиббиётда Европа мамлакатларидан ҳам “ўзиб кетдик”, демократияда бутун дунёга “ибрат бўлдик”, Алишер Навоийни улуғладик, у жон куйдирган тилни ўз ҳолига ташлаб қўйдик, журналист дадил бўлсин, дедик, муҳаррирни эса ҳалим қилдик, инновациялар заруратини тан олдик, аммо илм-фан тизимини тубдан ўзгартиришдан қочдик, ўзи етиштирган ҳосилини ўзи сотолмаслигини олдиндан билган бобо деҳқонни ҳақиқий ер эгаси, меҳнат тери билан топган фойдасини банкдан ололмайдиган, олганда ҳам уч-тўрт танга беришга мажбур тадбиркорни ҳақиқий мулкдор қилмоқчи бўлдик… Шу ўринда, давлатимиз раҳбари топиб айтган, саккиз фоиз ўсиш бор юртда сил касали бўладими, саволи барча тармоқлар касалликлари илдизини аниқлаш ва оқибатларини баҳолашда ўзига хос алхоразм, яъни алгоритмдир, десак адашмаймиз. Бундай ёндашув мурожаатномада кўтарилган яна бир ҳал қилувчи мавзуга тегишлидир.
Барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш кераклигини урғулаган миллий етакчимиз, бу жараёнда ҳам рақамлар кетидан қувиш амалиётидан воз кечиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратганлари бежиз эмас, албатта. Кўриб турганимиздек, рақамбозлик мазкур йўналишни ҳам четлаб ўтмаган. Шунинг учун ҳам мурожаатномада партиялараро рақобатни таъминлаш, барча сиёсий субъектлар учун тенг шароитлар яратиш парламент ролини кучайтиришнинг муҳим шарти сифатида аниқ-тиниқ айтилди. Бу ҳам бежиз эмас. Негаки, қайси соҳада бўлмасин, кўзланган натижага эришишнинг ўз талаб ва шартлари бўлади. Сиёсий муносабатларни унумли йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувининг барча бўғинларининг самарали ишлашига эришиш эса партиялар ўзаро тортишувини тақазо этади. Жамият пойдевори саналмиш иқтисодиёт рақобатбардошлигининг устқурмадаги бош бўғин – сиёсий турмушдаги тортишувчилик омили билан боғлиқлиги бу борада илғор мамлакатлар мисолида исботини топиб бўлган ҳақиқатдир. Муржаатномадаги “давлатнинг инновацион янгиланиш дастурини шакллантириш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини, янги сармоядорлар синфини тайёрлаш ўта муҳим аҳамиятга эга,… тадбиркорликнинг эркин ривожланишига ўзимиз – давлат идоралари йўл қўймаяпмиз,.. биз бир идора қўлида барча ваколат ва ресурслар тўпланиб қолишига, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати принципи бузилишига йўл қўймаслигимиз зарур” таъкидларини уйғунликда таҳлил этсак, иқтисодий ва сиёсий муносбатлардаги рақобат муҳити бир-бирига қанчалар боғлиқлиги янада ёрқинлашади. Зеро партиялар ўртасидаги тортишув ўзаро назоратни, сайловчилар овози учун кураш уларнинг муаммоларини ечиш йўлидаги интилишларни, бу эса, ўз ўрнида, тегишли соҳалардаги муаммоларни ўрганиш, билиш ва янги ғоя, таклифлар беришни, уларга масъул давлат ташкилотлари фаолиятини назорат қилишни тақазо этади. Қолаверса, шу йўсинда янги авлод сиёсатчилари, бошқарувчилари сараланади, етилтирилади. Давлатимиз раҳбарининг яқин келажакда ҳокимларни сайлаш ҳақидаги ташаббуслари ва у амалга оширилгач мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида рўй бериши сўзсиз галдаги сифат босқичини ҳам инобатга олсак, давлат ва жамият бошқарувини тубдан ислоҳ этишда партиялар, вакиллик идораларининг оқилона қатнашуви ва ўрнига нақадар катта умид ва эътибор берилаётгани аёнлашади-қолади.
Мурожаатнома ўз етакчиси тимсолида халқимизнинг қойил қолиш, ҳавас қилишга арзигулик ўтмиш, мерос, салоҳият ва имкониятга эгалиги баробарида бошидан қанчадан қанча йўқотиш, адашиш, зулмларни кечирган миллатимизнинг энг асосий фазилатини аввало ўзига, қолаверса бутун дунёга намоён қилди. У ҳам бўлса, биз ўзбеклар ўз хатоларимизни мардларча тан олишга, уларни чуқур таҳлил этиб, сабоқ чиқаришга, энг тўғри, адолатли ва ақлли йўлни танлай билишга, қанчалар қийин бўлмасин, мақсад сари шаҳдам интилишга қодир, умид ва қўрқувни ортда қолдириб, қуроли ишонч ва рақобат бўлган миллатлигимизни кўрсатдик. Зотан, ўзига ишонган эркин инсон ва жамиятгина фаол бўла олиши, янгилик ярата ва, демак, рақобатбардош бўла олиши мумкин. Буёғига эса, Президентимиз сўзлари билан айтганда, “ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак”, бас.

Азамат Зиё,
тарих фанлари доктори, профессор.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *