Айб кимда?

Аслида, энг катта айб Ўзбекистон мусулмонлари идорасида! Расмий диний пешволаримизда!
Суриштирилса ва кавлаштирилса, диний соҳадаги жуда кўп муаммо илдизи шу ердан чиқади.

Ўз ишларини эплаёлмаяптилар. Нима қилишни билмаяптилар. Умматга чинакам пешволик қила олмаяптилар. Дин ғами суст. Журъат йўқ ҳисоби. Ташаббус буткул ўзга қўлларга бериб қўйилган. Соф диний масалаларда ҳам мустақиллик йўқ даражада. Илмий салоҳият паст. Кўплари ҳатто Қуръон тили бўлган арабчани билмайди! Бир-икки киши мустасно, пичоққа илинарли, чин маънода олим дейишга арзирли кишини топиш қийин.

Ўттиз икки милёнли мамлакат мусулмонларига илмий ва амалий хизмат кўрсатиши керак бўлган ташкилот аҳволи бундай бўлганидан кейин мусулмонлар орасида албатта турли тушунмовчилик, тортишув ва норозиликлар чиқади-да!

Президент ҳар соҳа ишини ўз билимдони юритсин деган эзгу ниятда битта оғзаки буйруқ билан ишхоналарни уларга бириктирилган МХХчилардан тозалади. Жумладан, узоқ йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раис ўринбосари бўлиб ишлаб келган МХХдан ташланган “десант” ҳам ишдан бўшатилди. Мачитлар, имомлар орқаларига мажбурий тиркалган кураторлардан қутулди.
Қандай яхши! Узоқ йиллардан бери орзу қилинган шароит яралди: ДИНГА ЎЗ АҲЛИ ЭГАЛИК ҚИЛАДИГАН КУНЛАР КЕЛДИ, ахир! Мусулмонлар енгил нафас олди. Энди ЎМИда иш қайнайди деб ўйладик. Ҳамманинг кўзи ва қулоғи ЎМИга қадалди.

Нима бўлди?

Доимий етовга ўрганган, мустақил одим отишни деярли унутиб юборган, юқорининг қош-қовоғига қарайвериб юрагини олдириб қўйган ЎМИ ва мачитлар турган жойида таққа тўхтади. Ҳатто тетапоя юра олмади. Довдираб қолди. Саросималанди. Шу қадарки, айримларининг: “Улар борлиги яхши эди, нима қилишимиз кераклигини айтиб туришарди, масъулият бўйинларида эди”, деган афсусларини мана шу икки қулоғимиз билан эшитдик!

“Пешво”ларимиз ҳол тиллари ила чин юракдан дуо қилиб юборган экан, фаришталар омин деб, мана, орадан ҳеч қанча ўтмай “эзгу орзулари” ушалди: бир ДХХ зобити Дин ишлари бўйича қўмитага раис бўлиб келди, иккинчиси ЎМИ раисига ўринбосар этиб тайинланди!

Мачит ва имомлар-чи, дерсиз. Ҳарҳолда улар ҳам ёлғизлатиб қўйилмаган бўлса керак…

Булар ўз ишини ўзи юритолмади, тез ёрдам сўралди шекилли, улар яна ташаббусни қўлга олди. Мана, энди ўзлари билганича бошқара бошлади.
Исботи ҳаётда тездагина кўринди – диний сиёсат салбий томонга ўзгаришга юз тутди, ишлар ҳар томонлама орқага қараб кетди. Уч-тўрт кундан бери муҳокамаси давом этаётган “жанжал”ли иш бунга ёрқин мисол!

Чидаймиз энди. Ўзимиз юра олмаганимиздан кейин биров еталайди-да. Юрар йўлимизни, борар манзилимизни ўзимиз белгиламаганимиздан кейин бошқалар еталаган қандайдир томонларга қараб чопқилаб кетаверамиз-да.

Хўш, ким айбдор экан энди?
Мен, масалан, кейинги бу ўзгаришларда, орқага кетишларда давлатни айблай олмайман…

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *