Asian Fight ташкилотчилари: “Стивен Сигал стадионга келади, деб ваъда бермагандик”

9 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Asian Fight 2017 жанг санъатлари бўйича халқаро турнир ўтказилди. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга қараганда, турнирга чипта харид қилган кўплаб томошабинлар ўзларини алданган деб ҳисобламоқдалар, чунки келиши эълон қилинган Стивен Сигал тадбирда кўрингани йўқ. Бироқ, ташкилотчилар Сигалнинг стадионга келишини ваъда қилмаганликларини айтишади.

9 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Asian Fight 2017 жанг санъатлари бўйича халқаро турнир ўтказилди. Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт  бўйича давлат қўмитаси, Шарқона яккакураш ва жанг санъатларини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Пенчак-силат федерацияси ва Uzmobile компанияси томонидан ташкил этилди.

Маҳаллий спортчилар билан бир қаторда ғалаба учун Сингапур, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Озарбойжон, Россия, Кипрдан ҳам спорт усталари қатнашдилар.

Тадбирнинг ташкилий савияси томошабинларда кўп эътирозлар уйғотди.

Мусобақага тайёргарлик босқичидаёқ шубҳалар туғила бошлади. Ташкилотчилар турнирга голливуд актёри Жан-Клод Ван Дамм, аралаш жанг санъатлари бўйича тўрт карра чемпион Федор Емельяненко, машҳур ММА курашчиси Жефф Монсон, дунёга машҳур диджей Армин Ван Бюрен келишини эълон қилгандилар.

Кейинроқ Емельяненко ҳам, Ван Бюрен ҳам Тошкентга келмаслиги маълум бўлди. Тадбирга икка кун қолганда ташкилотчилар океан ортидан келадиган энг асосий меҳмон – Жан-Клод Ван Дамм ҳам мусобақага ташриф буюра олмаслигини маълум қилдилар. Шу билан бирга, ташкилий қўмита сўзларига кўра, Монсон билан шартнома ҳам бекор қилинибди. Ван Дамм ўрнига жангари фильмлари билан шуҳрат қозонган бошқа юлдуз – Стивен Сигални таклиф қилдилар. У Uzmobile компанияси акциясининг ғолибини тақдирлаш маросимини ўтказиши ва унга “олтин” рақамни топшириши керак эди.

Актёр Тошкентга келди, Тошкент Давлат санъат институтига, Babos от клубига, O‘zbegim анъанавий маданият фестивалига ташриф буюрди, лекин мусобақада кўринмади – юлдузни кўриш истагида бўлган томошабинларнинг умидлари пучга чиқди.

Стивен Сигал туркум савол-жавоблар ўтказиши керак бўлган матбуот конференцияси бир соатга кечиктирилиб, юлдузнинг ўзисиз бошланди.Пенчак-силат федерацияси вакиллари охирги дақиқаларгача Сигал мусобақага келишини таъкидлардилар. Кўнгиллиларнинг баъзилари у аллақачон стадионда эканлигини, унинг тансоқчиларини кўрганликларини айтишарди. Бироқ, кейинроқ, Kommersant.uz федерация матбуот котиби Жамшид Ҳожиакбаровга мурожаат қилиб, нима сабабли машҳур актёр Asian Fightга келмаганлигини сўраганда, “Биз Сигал стадионга келади, деб ваъда бермагандик” деган жавобни олди.

Жангларнинг ташкил этилиши ҳам кўп саволлар туғдирди. Баъзи курашчилар қандай тартибда ва кимга қарши рингга чиқишлари ҳақида огоҳлантирилмагандилар. Бундан ташқари, шоуга Ўзбекистон вакилларидан бири – муай-тай бўйича кўп карра жаҳон чемпиони Анвар Бойназаров келмади.

Терма жамоамиз тўққиз жангдан еттитасида ғалаба қозонди. Исроил Расулов сингапурлик Муҳаммад Хаирни енгди, Аюбхон Камолов ҳиндистонлик Викаш Дахияни мағлуб этди. Муҳаммадали Тоштургунов қирғизистонлик Бектур Мангиевдан устун келган бўлса, Аҳлиддин Мирзадавлатов қозоғистонлик Холмурод Хизировни таслим этди. Шунингдек, Маҳмуд Муродов Озарбойжон вакили Зиё Мирзаевдан, Ҳасанхон Баратов россиялик Михаил Холдоркиндан, Жасур Мирзамуҳаммедов кипрлик Вартан Апариандан устун келди. Улуғбек Умаров эса, афғонистонлик рақиби Абдулсамиъ Файзига ютқазиб қўйди. Афғонистондан келган спортчилар яна иккита чемпионлик белбоғини ўзлари билан олиб кетдилар, эътиборлиси, бу ғалабалардан бири ўзбекистонлик спортчи мусобақага келмаганлиги сабабли қўлга киритилди.

Мусобақа вақтида аксарият журналистлар ва фотографларни ОАВ учун махсус ажратилган жойга киритмадилар. Воқеалар кечишини энг чекка қаторда, зерикиб ўтирган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан бирга кузатишга мажбур бўлди.

Ташкилотчилар вақтни чўзиш мақсадида саҳнага машҳур қўшиқчини чиқармоқчи бўлганларида, “Артистларни эмас, спорт мусобақасини кўргани келганмиз”,– деб ҳайқиришди томошабинлар.

Тадбир якунида, анча ҳувиллаб қолган стадионда россиялик ижрочи Loc Dog бир нечта қўшиқлар куйлади.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга кўра, мусобақага чипта харид қилган кўплаб томошабинлар ўзларини алданган санамоқдалар. Ташкилотчилардан бу вазият бўйича изоҳ олишнинг ҳозирча иложи бўлмади – ташкилий қўмита вакиллари алоқага чиқмаяптилар.

Манба: “Kommersant.uz”

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.