АРОҚСИЗ ТЎЙ ТЎЙМИ?

Замонимиз тобора фаровонлашгани сайин тўй-базмлар ҳам ҳаддан ортиқ дабдаба касб этиб бормоқда. 40-50 йил муқаддам фақат қариндош-уруғлар иштирокида ихчамгина ўтадиган тўйлар бугун ўзгача тус олди. Унда бутун бир қишлоқ ёки маҳалла иштироки камлик қилганидек, ер юзидаги жами қариндош, таниш-билиш ва ҳамкасблар таклиф қилинмоқда. Бу эса харажат ва чиқимларнинг ортишига олиб келади.
Ба`зи жойларда, айниқса, қишлоқларда бўлиб ўтаётган тўйларда 500-600 нафар одамга дастурхон ёзилади. Яқин йилларгача фақатгина никоҳ тўйлари дабдабали қилиб нишонланган бўлса, эндиликда бешик ва суннат тўйлари ҳам тантанавор руҳда ўтказилмоқда. Айрим фуқаролар мучал ҳамда 60, 70 ва 80 ёш тўйларини ҳам кенг нишонлашни урфга айлантиряпти. Хўш, замонавий тўй деганда нимани тушунамиз? Оврўпача тўйларними? Оврўпаликлар ўзи қандай тўй қилишади? Бундан хабарингиз борми ўзи?
Яқинда дўстларимнинг бири уйланди. Қувончли кунга тенгдошларимиз билан йиғилиб бордик. Биз тўйхонага кирибоқ келин-куёв ҳам кириб келди. «Тўйлар муборак» қўшиғи сан`аткорлар ижросида янгради. Келин меҳмонларга та`зим қилгач, дўстим билан ўз жойларига бориб ўтиришди.
Ҳамма ўз ўрнини топди. Биз ҳам ошналарим билан мезбонларнинг бири кўрсатган устал атрофига жамландик. Даврамиздаги барча билан сўрашиб бўлгач, куёвнинг иниси: «Дастурхондаги ноз-не`матларга марҳамат», — деди.
Тўйнинг куй-қўшиғи ўзига хос муҳитни яратади. Тўғриси, бу менга жуда ёқади. Ҳамма шод-хуррам, айниқса, ушбу кунда куёв ва келиндан бахтиёр киши бўлмаса керак. Куёв ошнамга яқин қариндош оғайним бизни такрор дастурхонга таклиф этди. «Олинг-олинг!» дея ҳоли- жонимизга қўймагач, ийманибгина у-бу егуликлардан тота бошладик.
Тўй дастурхонига тортилган егуликлар энг сараларидан, аммо ҳамма нарса ўз ме`ёрида. Ҳеч қандай ортиқча ширинлик ҳам, сархил меваю салат, таомлар ҳам йўқ. Ичимликлардан сўзлайдиган бўлсам, уйланаётган дўстим ўзи ҳам боғбон, ҳам тадбиркор. Тўй дастурхонига ҳам ўзи етиштириб, махсус технологиянинг самараси натижасида тайёрланган шарбатлардан қўйгани мени жуда қувонтирди. Ҳар бир не`матнинг ўзингда борига нима етсин! Рости, жуда ҳавасим келди. Тўй қилсанг, ўзингда «борини бозор» қилсанг, қандай яхши. Қолаверса, газли ёки энергетик ичимликлардан кўра табиий дармондориларга бой шарбат — кони фойда.
Кейин билсам, салатлар ҳам дўстимнинг иссиқхонасида этиштирилган сабзавотлардан тайёрланган экан. Ширинликларни эса унинг сингиллари ва келинойилари ўз қўллари билан ўзлари яқиндагина фаолият кўрсата бошлаган қандолатчилик цехида пиширишибди. Буни қарангки, тўйда сўйилиши лозим бўлган ҳўкизни унинг укаси парваришлаганмиш.
Тўй қизиган бир маҳал даврамизда ўтирган ошналаримнинг бири я`ни Шаҳзод сўз очди:
— Бекорга тўйга келибман, аттанг!
Ҳаммамиз унга «ялт» этиб қарадик.
— Тинчликми? — деди яна бир жўрам. — Қара, тўймисан тўй-а! Бекаму кўст, ҳаммаси бип-бинойидек. Нимадир етишмаяптими ё сенга?
— Ҳа, одатда ароқ чиқарилмайдиган тўйларга бормас эдим. Ахир тўйнинг қандай бўлиши унда меҳмонлар қанча ичгани, нечта шишани думалатгани билан ўлчанади. Ароқсиз тўй тўй бўлдими?!
Ўтган сафар бирга борган тўйимиз эсларингиздами? Ана шу ўртоғимга беш кетаман-да. Ўзимизнинг тенгқурлардан тортиб, укасининг танишалари, ота-онасининг меҳмонлари, қўни-қўшниларию бутун маҳалласидан келган меҳмонларнинг кўписи маст бўлиб қолди. Ана шунда ҳақиқий тўйни кўрганман. Насиб бўлса, мен ҳам шунақа тўй қиламан, — деди.
Шаҳзоднинг спиртли ичимликларга бу даражада ружу қўйгани, ароқ чиқарилмаган тўйни тўй санамаётгани қаттиқ ғашимга тегди. Бирор ножўя сўз айтиб қўйишдан ўзимни зўрға тийиб турдим. Лекин ҳозир у билан муросага бориш ён-атрофимиздагиларга ҳам та`сир этишини билиб, жимгина ўтирдим.
Шўх-шўх кую қўшиқлар янграй бошлагач баримиз жон-жаҳдимиз билан берилиб рақсга тушдик.
Ўзбекона куйларимизнинг шукуҳи бўлак. Ўйнарканмиз жисмимиз-у дилимиздаги бор ғуборлар ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Шаҳзод ҳам даврада жавлон ураётган бир маҳал бояги айтганлари миямда яна айлана бошлади. Эҳ, тенгқурларимга нима бўлган. Ўткинчи кайф-сафо учун нималар дейишмайди. Муқаддас динимизда ароқхўрликнинг та`қиқланганига қарамай яна гуноҳга ботаверишади.
Албатта, ҳар бир нарса ўзимизга боғлиқ. Ирода, сабр-қаноат билан ҳар қанақа иллатни ўзимиздан йўқ қилиш мумкин! Фақат унга ишонч зарур. Сиз нима дейсиз, азиз замондош!?

Шоҳруҳ БОБОХОН,
Боғот туманидаги Бешариқ қишлоғи

“Хоразм ёшлари” газетаси 2018-йил 15-март 5-сони

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *