Ҳаражати даромадидан ошган одам ўғрими?

614 views

Ўзбекистонда аксар ташкилотларда ойлик маош паст эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Курашиш керак, дея таърифланаётган коррупция ва порахўрликнинг илдизи айнан маошлар пастлиги натижасида келиб чиққани ҳам исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Ҳалол ишлашни талаб қилган яхши, аммо бунга яраша пул таклиф этилмасачи?

Масалан, мен давлат ташкилотида ишлайман. Маошим 3 миллион сўм. Ўзимнинг ҳаражатларим, рўзғоримга учма-уч етади. Мен отамдан қолган еримга картошка экаман. Ҳосил йиғиштириб олинганидан сўнг, ўша пулимга тўй қиламан. Ўзим учун, атрофдагилар учун ҳалол инсонман. Аммо ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисовага кўра, шу ҳолатда мен ўғри бўлиб қоларканман.

Image result for Ворисова

9 октябрь куни “Муносабат” кўрсатувида чиқиш қилган Ворисова “ХДПнинг сайловолди дастурига киритаётган яна бир талаби шундан иборатки, мана шундай ҳисоблашмайдиган пулдорларимиз, пулни ўйнаб топадиган шахсларимиз даромадлари ҳақида декларация ҳам кўрсатишсин. Қайси пул эвазига шундай тўй қилишяпти? Қайси меҳнати эвазига топди экан? Декларация кўрсатилса, инсоннинг даромади ва харажати бир-бирига мос келиши керак. Агар унинг даромади ишлатган сарф-харажатидан кам бўлса, демак, бу пул ўғринча пул. Мана шу нарсани ҳал қилишимиз керак”, деди.

Сенатор опамизнинг айтишига қараганда, кишининг даромади ишлатган сарф-ҳаражатидан кам бўлса, демак, бу пул ўғринча пул бўлиб қоларкан. Агар давлат органида ишлайдиган ходим қўшимча равишда деҳқончилик ёки бошқа тижорат билан шуғулланса, йил охирида унинг даромади ҳаражатидан кам бўлиб чиқса, ўша одам ўғрига айланиб қоларкан.

Айни пайтда деҳқончилик билан шуғулланадиган одамлар солиқ тўламайди (агар солиқ ҳам солинса, ишни йиғиштириб қўйишгани ҳам маъқул). Демак топадиган маблағи декларацияда аниқ кўрсатилмайди. Қўшимча равишда бу иш билан шуғулланганлар ХДП томонидан потенциал ўғри сифатида қаралар экан.

Ворисованинг гапларини ўқиб, совет даврида тадбиркорлик билан шуғулланган кишиларни “чайқовчи, юлғич” деб таъқиб қилингани эсимга тушди. Сенатор опамиз ўша даврларни қўмсаяпти, шекилли.

Мен у кишидан сал бошқачароқ баёнот кутгандим. Агар опа “Давлат органлари ходимларининг маоши кам. Улар бўшлиқни тўлдириш учун қўшимча иш қилишяпти, баъзилари коррупцияга аралашиб қоляпти. Шуни инобатга олиб, уларнинг маошини кўтаришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, деганида, унга бўлган ҳурматимиз ошган бўларди.

Биз ўзбекларда бир қарғиш бор: “Топган-тутганинг тўйга буюрсин”. Бу дуо эмас, айнан қарғиш. Чунки йиллар давомида топганини бир кунлик тўйга сарфлаб юборган одамларни кўп кўряпмиз. ХДП уларни пулни қаердан топяпсан, деб сўроққа тутишни таклиф қиляпти. Агар топган пулини исботлаб берса олмаса, уни ўғрига чиқармоқчи. У одам қарз олган бўлсачи? Қарз берганам жавобгарликка тортиладими?

Ундан кўра одамларда пулни қандай сарфлаш маданиятини шакллантириш керак эмасми? Ислом шариати камбағал одам ҳам уйлана олишини кўзда тутган. Биз эса уни фақат бой одамгина қила оладиган нарсага айлантирдик. Мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳар қандай янгиликлардан кўра ўзликка қайтиш тўғри эканлиги кўп бора исботини топган.

Ворисова, аждодларга муносиб ворис бўламизми?

Муҳаммад Темур Аъзам

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.