Араб давлатлари Қатарга қарши иқтисодий қамални давом эттиришга қарор қилди

5 июнь куни Қатар билан дипломатик алоқаларни бекор қилиб, унга қарши иқтисодий санкциялар жорий қилган 4 та араб давлати – Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Мисрнинг Қатарга қарши иқтисодий босими давом эттириладиган бўлди. Al Jazeera телеканали хабар беришича, чоршанба куни Миср пойтахти Қоҳирада йиғилиш ўтказган ташқи ишлар вазирлари иқтисодий қамал бекор қилинмаслигини эълон қилишган.

22 июнь куни Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср томонидан 13 банддан иборат талаблар рўйхати Қувайт воситачилигида Қатарга тақдим қилинган эди. Ултиматумни қабул қилиш учун Қатарга 10 кун муҳлат берилган, кейинчалик бу муддат яна икки кунга узайтирилган. Қатар ҳукумати ултиматумга душанба куни расман жавоб қайтарган.

Мисрда йиғилган тўрт мамлакат ташқи ишлар вазирлари қабул қилган баёнотда айтилишича, терроризмни молиялашда айбланаётган Қатарнинг ултиматумга жавоби уларни қониқтирмаган. Баёнотга кўра, Қатар амирлигининг юзага келган инқирозни тугатиш бўйича қўйилган талабларга қайтарган жавоби жиддий бўлмаган.

Қоҳирадаги қўшма матбуот анжуманида Миср ташқи ишлар вазири Сомиъ Шукрий Қатарнинг ултиматумга жавобини салбий бўлганини таъкидлаган. Шу билан бирга, мисрлик дипломат Қатар ҳукуматини «вазиятнинг жиддийлигини англай олмаслик»да айблаган ҳамда Қатар «охир-оқибат тўғри қарор қабул қилиши»га умид билдирган.

Саудия ташқи ишлар вазири Абдул ибн Аҳмад ал-Жубайр эса Қатарга қарши навбатдаги навбатдаги чоралар «ўз вақтида» ва «халқаро қонунларга мувофиқ тарзда» амалга оширилишини маълум қилган. Саудиялик дипломатнинг айтишича, токи Қатар ўз сиёсатини тўғриламас экан, иқтисодий бойкот ҳолати сақланиб қолади.

Манба: Sof.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *