Ҳар замонга бир замон

Отам шундай дерди.
Ўйлаб қолсам, бу гапнинг тагида маъно кўп экан.
Ёшлигимизда спортнинг Карате тури билан махфий шуғулланардик, ойига 10 сўмдан бериб. Мураббийни қамоққа олишгач, Карате ҳам тугади. Аммо бугун карате билан шуғулланиб, дунё биринчиликларида ғолиб бўлган болаларни осмонга отишаяпти. Ажаб!
Бир замон келди-ки, видеомагнитофон деган нарсани чет элдан мамлакатимизга олиб келганлар ватан хоинига тенглаштирилди. Уйидан видеомагнитофон чиққан одамлар турли идораларга чақирилиб, тергов қилинди. Бугун видеомагнитофоним бор, ҳатто “ДВД” деган нарсам бор, десанг, одамлар кулади. Ажаб!
Ҳамроқул эшоннинг видеомагнитофонидан бир уйга йиғилиб Брюс Лининг киноларини кўрганимиз учун эшоннинг видеомагнитофонини мусодара қилиб, ўзини 15 кеча-кундузга қамашган эди. Мени қандай тушундингиз? Бугун Брюс Лининг ҳамма киноси телефонларда ҳам бор. Ажаб.
Гриша бобо бир нимани яратиб, Раис бобонинг машинасида юрадиган телефонига уланиб, гаплашгани учун қишлоқни райондан келган мелиса босиб, ҳалиги апппаратини мусодара қилиб, ўзини опкетиб, қамаб қўйганди. “Раис бобо, мен Гришаман, ишлар қандай? Мени қандай тушундингиз?” дегани учун олти ой турмада ўтирган эди. Бугун Гриша бобонинг болалари қўлидаги матоҳи воситасида Германиядаги боболари, момолари билан “прамой” гаплашаяпти. Ажаб! “Мени қандай тушундингиз?”
Бугун Самарқанд вилоят божхонаси матбуот хизматининг хабарига кўзим тушиб қолди: “14 июль куни “Самарқанд аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Санкт-Петербург-Самарқанд” йўналишида учиб келган фуқаро Н.С. божхона назоратидан ўтаётганда, унга тегишли бўлган юклар орасида оқ рангли Хитойда ишлаб чиқарилган 2 (икки) дона учувчисиз учиш аппаратини яширин равишда олиб киришга уринишини фош қилинди.
Бу ҳалиги “Дрон” деган нарса-да. Фош қилинибди. Мени қандай тушундингиз?
Бугун фош қилганлар узоғи билан уч йилдан кейин ўз ишларидан ўзлари кулишларига ишонмайсизми? Мен ишонаман.
Худди видеомагнитофон, “ДВД”, Брюс Лининг киноси, Карате спортини таъқиқлаган, улар билан ушланган одамларни қамаган “каттакон”лар бугун ўз ишларига “Роса аҳмоқ бўлган эканмиз-да”, деб ўтиришганидай.
Мени қандай тушундингиз?

Каримберди Тўрамурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *