Анвар Бўронов: МАДДОҲЛИКНИНГ ИЛДИЗЛАРИНИ ИЗЛАБ..

тааммул
Бизнинг миллатга теккан бир иллат бор.. Мақтанчоқлик деган иллат.
Аслида мақтанчоқлик инсон болалигининг асоратларидан бири ҳисобланади. Яъни ҳамма болалар яхши таом, янги либос ёки ажабтовур ўйинчоғи билан мақтанишни яхши кўришади. Кейинчалик ўсмирлик чоғида чиройи, насаби, отасининг ёки бошқа яқинларининг мавқеи билан ҳам мақтаниш бошланади. Мақтаниш фахр туйғуси билан қоришса кибр пайдо бўлади. Кибр эса инсонни ҳалокатга етаклайди.
Аллоҳ таоло Луқмон сурасида қўйидагича марҳамат қилади:
«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни севмас» (18-оят).
Мактаб таълимида бунга эътибор камроқмикан, билмадим-у ҳар қалай мактабда биз бу иллатга қарши деярли курашмас эканмиз. Ва ё аксинча фарзандларимизга мақтанчоқликка ўргатишимиз рост. Чунки биз боғча ёшидан бошлаб уларни буюк аждодларимиз ҳақида фахрланиб гапиришга, уларни мақташга, Ватан мадҳ этишга ўргатамиз. Оқибатда мақтанчоқ авлодни тарбиялаб қўямиз. Кейин катта шоир бўлганда ҳам фақат кимнидир мақтаб шеър ёзадиган, жамият муаммоларини эса кўраолмайдиган маддоҳга айланиб қолади.
Аслида бу услуб Совет даврида пайдо бўлган. Шоирлар партия, Ленин, Сталин ҳақида шеърларни кўп ёзишган. Бу шеърларни катта давраларда чираниб ўқиб обрў орттиришган. Мактабларда эса болалар бу шеърларни ёд олишиб, байрам тадбирларида ифодали тарзда ёд айтиб катта бўлишган. Катталар эса бу ишлари учун уларни мақташган, рағбатлантиришган.
Оқибатни эса кўриб турибсиз..
Шундай авлод яралдики, кимни бўлса ҳам мақтаса бўлди. У Ленинми, бошқами фарқи йўқ. Чунки мақтаса ҳеч ким унга тегмайди. Яхшилаб мақтаб бўлади-да изидан мукофот ҳам кутади. Нега мен ҳалиям халқ шоири эмасман? дегандай..
1991 йилдан кейин жуда кўп шоирларимиз Совет даврида чиққан китобларини териб олиб яширишга уринишди. Сабаби улар мақтаган Лениннинг даври тугаган эди. Энди Ленинни ёмонлаб обрў топадиганлар даври бошланган эди. Аммо минглаб нусхада босилган китобларни йўқотиб бўлармикан? Одамлар ёд олган шеърларни,онгига муҳрланган сўзларни кетказиб бўлармикан? (“Ленин бобом!” деган шеърлар мактаб дарсликларида миллионлаб нусхада босилган. Қанча йиғиштирсанг ҳам барибир кимдадир қолиб кетиши аниқ)
Кўплаб атоқли шоирларимиз шу сабабли инсонлар наздида иккиюзламачи, мунофиққа ўхшаб қолди. Йиллаб топган обрўлари бир пул бўлди..
Аммо негадир бу холатдан кўпчилик, жумладан кейинги шоирлар авлоди ибрат олмади. Мустақиллик йилларида маддоҳлар янада кўпайди. Аждодларимиз номини айтиб мақтаниш кўпайди. Ватанни ортиқча мадҳ этиш кўпайди.
Қайсидир йили бир шоирнинг китобини кўриб қолдим. Китобда ҳамма шеърлар кимгадир аталган. Бағишловлар ҳам ажойиб: “Фалон туман марказий шифохонаси бош врачи Фалончиевга”, “Фалон корхона бош буғгалтери Фалончиевга”, “Фалончи номли фермер хўжалиги раҳбари Фалончиевга”. Бир танишимнинг қўлида бу китобни кўриб энсаб қотди:
— Буни қаердан олдингиз?-десам.
— Ўзидан, кўрмадингизми? менга ҳам аталган шеър бор-деб қолди.
— Бу қандай шоир ўзи?-сўрадим мен.
Жавоб ажойиб бўлди:
— Гап йўқ шоир экан. Ҳозир уни кўпчилик танийди. Обед олиб берсанг бўлди. Кейинги китобига сенга ҳам шеър чиқаради. Фақат китоб чиққач юзтасини сотиб олсанг бўлди. Ходимларингга тарқатиб юборасан-да, қиммат ҳам эмас 2000 сўмгина.
Беихтиёр бўғзимга бир нарса тиқилгандай бўлди. Асли мазкур мақоланинг ёзилишига ҳам шу “ОБЕД ЕГИЧ ШОИР” сабаб бўлган бўлса керак. Кейин мен ўша шоирнинг холига ўз ўзимча жавоб излаб юрдим. Баъзан оқладим ҳам: “Шоирга биров қарамаса,нима қилсин тирикчилик-да” дедим. Кейинчалик Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Руҳий тарбия” номли китобини ўқиб нималарнидир англагандай ҳам бўлдим.
Руҳий тарбия китобида инсоннинг гўзал аҳлоқий сифатлари билан бирга салбий ахлоқий сифатларнинг ҳам мазмуни кенг очиб берилган. Риёга интилиш, кибрланиш, ҳавойи нафсга берилиш каби иллатлар кескин қораланган. Шунингдек, Каломнинг офатлари бобида: ўн биринчи офат – маддоҳлик ва унинг оқибатлари ҳақида ажойиб дарс берилган. (1-жилд, Покланиш)
Анлашимча замонамиз шоирларининг энг катта нуқсони, уларнинг айнан машҳурликка, тезроқ эл орасида танилишга интилишида бўлса керак. Чунки кўпчилик шоирлар портрети ва позитивида риё, кибр ва мақтовга ўчлик устунлик қилади. Шу сабаб улар қалб амрига эмас замона зайлига қараб шеър ёзадиган холатга тушиб қолишади. Ҳалқ тили билан айтганда эса “кимнинг аравасига ўтирса шунинг қўшиғини айтади”
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бировни мақтаб маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолганда: «Ўша одамни ҳалок қилдиларингиз ёки белини синдирдиларингиз», деган эканлар». (Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривояти). Демак бировни ортиқча мақташ унга фойда эмас, зиён берар экан. Яъни мақталган киши мақтовларни эшитиб ўзидан кетиб кибрланишига сабаб бўлади. Кибр эса ҳалокатдир.
Маддоҳликнинг давоси нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон маддоҳларни кўрсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочинг”, деган эканлар. (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоятлари)
Биз ҳам маддоҳларнинг юзига тупроқ сочамизми? Соча оламизми? Ҳозирги маддоҳлар шеър ўқийдиган жойларда тупроқнинг ўзи йўқ-ку.. Шуниси ўйлантиради кишини..
Тамом

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *