Андижондаги “Дўстлик” чегара мажмуаси очилди

Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари ушбу мамлакатда давлат ташрифи билан бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувларга эришилди.

Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари учрашувидан кейин ташкил этилган мазкур тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Т.Сарибашев, Ўш шаҳри мэри А.Қадимбоев халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик муносабатларини юқори босқичга кўтаришда янги саҳифа очганини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари учрашувида эришилган келишувлар асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган, тили, дини ва дили бир икки қардош халқни беҳад қувонтирди.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар иштирокида «Дўстлигимиз абадий бўлсин!» деб номланган концерт дастури намойиш этилди.

Манба: “O‘zbekiston 24”

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.