Андижонда яна битта цемент заводи қурилади

Андижон вилояти Булоқбоши туманида бир йилда 1,2 млн тонна портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводи қурилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 20 июлдаги қарорида сўз кетади.

Инвестицион лойиҳанинг умумий қиймати 203,9 млн долларни ташкил этади. Ишлаб чиқариш билан Хитойдаги Zhejiang Shangfeng Building Materials ҳамда Ўзбекистондаги Tunli ва Juydam Ta’mir Qurilish компаниялари томонидан ташкил этилган Shangfeng-Bridge of Friendship қўшма корхонаси шуғулланади.

Маҳсулот ишлаб чиқаришда ёқилғи-энергетика ресурсларининг альтернатив турлари, жумладан кўмир ишлатилади, деб қайд этилади қарорда.

Завод 2019 йилнинг сентябрь ойида ишга туширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилда Андижоннинг Ахтачи қишлоғида 6 млн доллар маблағ эвазига йилига 100 минг тонна юқори сифатли (400 маркали) цемент ишлаб чиқариш қувватига эга завод қурилган эди. Айни пайтда Ўзбекистонда Қизилқум, Олмалиқ, Оҳангарон, Бекобод, Қувасой, Зафарободда (Жиззах вилояти) ва Қорақалпоғистонда цемент ишлаб чиқарилади. Агарда Ўзбекистонда 2014 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 7,5 млн тоннани ташкил этган бўлса, 2019 йилга бориб бу кўрсаткич 8,9 млн тоннага етади. 2020 йилда «Евроцемент груп» Холдинги томонидан Оҳангаронцемент заводи базасида йиллик лойиҳавий қуввати 2,4 млн тоннага тенг янги заводни ишга туширади.

Бугун мамлакатда фаолият кўрсатаётган Қувасойцемент заводи 1932 йилда фойдаланишга топширилган, лойиҳавий қуввати йилига 1 млн тоннани ташкил этади. Қизилқумцемент (1970 йил, 3 млн тонна), Оҳангаронцемент (1961 йил, 1,7 млн тонна), Бекободцемент (1926 йил, 750 минг тонна), Жиззах цемент заводи (2014 йил, 1 млн тонна) заводлари ва бошқа корхоналар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг аҳоли бошига тақсимоти ўртача 250 кг дан тўғри келмоқда. Эътиборлиси, Made in Uzbekistan бренди остидаги маҳсулотларни бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Афғонистонга экспорт қилинмоқда.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.