“Анавилар”дан қўрқаман

Янги жойга кўчганимизга ҳам олти йил бўлди. Умуман олганда янгилиги ҳам қолмаган, ахир олти йил оз муддат эмас. Айниқса, менга ўхшаб ҳар жойда яшашга тезда кўникиб кетаверадиганлар учун… Уйим яхши. Ўзим танлаб-танлаб сотиб олганман. Ўша пайтда 8 та бўрдоқи буқа билан думбаси ерга тегиб турадиган 24 та қўчқорни сотиб олганман. Иссиқ сув, свет, газдан умуман муаммо йўқ. Шунча йил қишлоғимда ўтин ёриб юрган эканман. Ҳақиқий ҳаётни шу ерда топдим. Хотиним, бола-чақам ҳам ўрганиб қолишди. Ҳатто кенжамни тили “кетовуз, боровуз” деб чиқди. Тўғрисини айтганда бундан жуда хурсанд бўлдим, энди фарзандим ғирт шаҳарлик бўлиб етишади. Кўча кўради, одам ажратади…
Ўзи аслида квартирам ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Хуллас, уйимга гап йўқ. Беш қаватли бинонинг учинчи қаватида жойлашган. Балкондан чиқиб қарасанг “Макро” супермаркет, орқа деразадан қарасанг NBU банки қад ростлаб турибди. Жўмракни бирини бурасанг иссиқ, яна бирини бурасанг совуқ сув чиқади. Оҳҳ, мазза! Уйини жаа мақтаб юборди, наҳот бирор айби, камчилиги бўлмаса деб ўйлаётгандирсиз? Афсуски, бор! Ишга боришга қийналаман. Йўқ узоқлиги учун эмас, қўшни домда “анавилар” яшагани учун.
Ишим соат 9:00 да бошлансада, “анавилар”га кўринмаслик учун соат 6:00 да йўлга чиқаман. Ишхонага борволиб қолган ҳамкасбларим келгунича бирор соат мизғиб ола тураман. Уй олаётганда ҳамма нарсага эътибор берибман-у, шу қўшни дом танлашда шошган эканманда. Шу олти йил ичида бўларим бўлди. Бир кун бўлса ҳам юрашимни қўлтиқламай юрганим йўқ. На одамга ўхшаб маҳаллани айлана оласан, на ишдан сал эртароқ кела оласан. Ё жуда эрта келиш керак, ёки жуда кеч. Бўлмасам “анавилар” яна пўстагимни қоқади. Шунга қарамай, одам зоти ҳамма нарсага кўникар экан. Бошида 1—2 йил оғир кечди, лекин ҳозир анча кўникканман, олдингидек оғир ботмайди. Ўғлимни тили чиққани эса, айни муддао бўлди. Охирги пайтларда бемаврид кўчага чиқишимга тўғри келиб қолса албатта ўғлимни оволадиган бўлганман, у мени ҳимоячимга айланган.
Бугун ҳам шундай бўлди: нонга чиқадиган бўлиб қолдим. Бу хотин тушмагурни ҳеч пунктуалликка ўргата олмадим-да, неча маротаба айтганман, нон керак бўлса ишхонадан чиқишимдан олдин смс ёзиб юбор деб. Йўқ айтганни қилмайди, ҳеч бўлмаса бир йилда икки-уч марта шунақа унутиб қўяди. Кейин уни касрига қолиб мен сарсон бўламан. Қисқаси ўғилчам билан нонга чиқадиган бўлдик. Шом пайти кўчага чиқиш жуда хавфли бўлса-да, нонсиз шўрва ичиб бўлармиди?..
Балкондан 15 дақиқа атрофни кузатдим, ҳаммаси тинч. Кенжатойимни қўлидан етаклагунча нонга чиқа бошладик.
—Эҳтиёт бўлиб бориб келинглар. Бирор нима бўлса тўғри уйга югуринглар, эшикни қулфини ёпмай тураман.
—Калланг қурсин сен хотинни. Эртароқ айтганингда шуни, ҳозир юрагимни ҳовучлаб кўчага чиқмасдим. Бу ёғи пешонадан. Бирор кун эрсиз қолиб кетсанг, шунда калланг ишлайди сени.
—Унақа деманг дадаси, ахир атай қилмайманку.
—Ҳее ўша…
Ҳар бир қадамимда юрагим бўғзимга қадар сакраб дўкон томон юриб кетдик. Кўча тўла одам. Кун иссиқ бўлгани учун ҳамма болларини маҳаллада айлантириб юрибди. Бахтимга “анавилар” кўринмайди. Дўконга кириб тезда нонни олиб, шошиб ортга қайта бошладик. Минг ланат, шошмасак бўларкан. “Анавилар” сезиб қолишдими дейман, қўшни домни подезидан иккитаси чиқиб келди. Қарасам тўғри бизни олдимизга келишяпти. Ўтакам ёрилиб кетди ўзиям. Қўлимдан ҳеч нарса келмайди, қочиш бефойда. Охири ўғлимни қўлини қисдим:
—Бардам бўл ўғлим! Боя ўргатган нарсаларимни баландроқ қилиб гапиргин, хўпми?

“Анавилар” анча яқинлашиб қолишди. Одамда истара дегани ҳам шунақа совуқ бўладими-эй. Бири чўпдек оғзин, қошлари Брежневникига ўхшаш қалин. Оғзида папироси бор, худдики “қўлга тушаркансан-у” дегандек тилла тишини кўрсатганча тиржайиб келяпти. Иккинчиси бироз тўлача, бироқ калласи қовоққа ўхшайди, башараси девонасифат. Чап кўзи юқорига тортишган. Бош кийимини ён тарафга қаратиб олиб, кўйлагини юқоридан иккита тугмасини ечиб олганига қараганда каттаси шу бўлса керак… Ва ниҳоят орамиздаги масофа олти қадамга етди. Қўлимдаги халтани ерга қўйиб, ўғлимнинг шўртигини қоққан бўлдим. Эгилиб, секин қулоғига “бошлайвер” деб шипшидим. У ҳам кўзини юмиб ичида нимадир деб ғудранди-да, бошлади.
—Ада, бугун боғча опамла Жўжони уршиб бердила.
—Нме уршади?
—Дўдир Жўжо овқатни столга тўкворди-де, шунга боғча опамлани жаҳллари чиқди.
—Яхши бўмаптиде. Сан ўзинг яхши овқатланвоссанми? Ҳич ким хафа қмвоттими?
—Мани ким хафа қилолирди, адааа…
“Анавилар” бир-бирига қараб қолди. Менимча, ҳаммаси ўхшади. Жуда хурсанд бўлиб кетдим. “Ҳа, қисталоқлар едиларингми” дедим ичимда. Бўларкан-у! Сенлар ҳам “писиб” қоларкансанлар-ку!..
Кайфиятимиз кўтарилиб уйга караб келдик. Халоскор ўғлимни қучоқлаб юзларидан яхшилаб ўпдим. “Ўзимни азаматим, ўзимни баҳодирим” деб эркаладим.
—Дадаси намунча хурсандсиз?
—Ээ биз ўғлинг икковимиз “анавилар”ни мот қилиб келдик. Энди исталган вақтда ўғлинг билан кўчага чиқиб келаверамиз, ҳеч нарса қила олишмайди.
—Вой, ростданми?! Ўзимни жасурииим, ўзимни…
—Бўлди, бўлди, эркаланиб кетмасин. Бор овқатни суз, мана нон, — деб елим халтани узатганимни биламан, қўлимда ҳеч нима йўқ. Боя ҳаяжонда халта ерга қўйган жойимда қолиб кетган экан. Ўл, довдир! Ҳечқиси йўқ, югуриб бориб олиб келаман.
—Дада сиз билан борайми?
—Йўқ, ўғлим шартмас. Мен тезда.
Ташқарига чиқсам, ростдан ҳам пакет жойида турибди. Ҳеч ким тегинмаган. Нонни қўлимга олдимда, керилганча ортга қайтдим. Подездни темир эшигидан энди ичкарига кираман дегандим, ортимдан кимдир чақиргандек бўлди.
—Ока, бир минутга…
Ўгирилиб қарасам, боягилардан бири. Тўлароғи. Ҳа, гўрсохта нима дейсан яна?! Сенларга паст кетиб бўлибман, ҳаммангни “едираман” энди. Молга ўхшаб пишиллаб олдимга келди. Ўзича кибр билан бошдан оёқ разм солиб чиқди.
—Ока, кечирасиз, ҳужжатларизни кўриб қўйсак бўладими? Хафа бўлмайсиз, хизматчилик…
Шу жойида у мени фош этди. Навбатдаги жаримани тўлаш осон бўлмади.

Жамшид Чўмич

Биринчи изоҳ

  1. нима киласиз шу пойтахтда? ўзи кам бораман, малака оширишда купрок колиб кетиб, хеч хам келамайман бу ерга яшагани дедим ўзимга. Ўзимни қишлоғим, махаллийчиликнинг «м»си хам йўқ вилоят марказим мен учун «Тошкент».
    Лекин инсон қадри нуқтаи назаридан постни ўқиб кўнглим тўлиб кетди, нахотки шундай пистирмада яшагандек шароитда яшаш мумкин бўлса.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *