Амстердам

Бўш вақтларимни кино, сериал кўриш билан ўтказаман. Кейин кўрган кино, сериалларимни реал ҳаёт билан солиштираман. Сериаллар анча қизиқроқ. Тўғри, у ердаги воқеалар ривожи одамлар кўриши учун атайлаб бўрттирилади. Ҳар бир янги қисмида кимдир ўлади, хотини аслида синглиси бўлиб чиқади ва ҳоказо. Бутун дунёни қутқариш қанақадир бир «алкаш», «наркоманнинг» зиммасига юклатиладими-ей, хуллас-да.

Реал ҳаёт билан солиштираётганда ўша бўрттирилган жойларини пасайтириб, солиштираман қўлдан келганча. Хаёлпарастлигим бор.

Хуллас, битта сериал хақида гапириб бермоқчиман сизларга. Номи «Прослушка», кўпчилик кўрган бўлса керак. Балтимор хақида. Қисқача маъноси — 5 сезон давомида Балтиморни «одамбашара» шаҳарга айлантиришга ҳаракат қилишади. Фойдаси бўлмайди. Балтиморда кўчалар бўйида бемалол наркотик сотиб ўтиришаркан. Кўчадан ўтаётган одамдан сўрашади, «тозасидан бор, тортасанми?» деб. Бемалол, бехижолат. Сизнинг тасаввурингизга сингдириш учун буларни осонроқ тарзда тушунтираман — ҳалиги, кўчаларда, бозорларда «валютчиклар» сиздан «ока, доллар ё рублиз борми?», дея сўрашадию, худди шунақа-да буям. Фақат бизда ноқонуний валюта бўлса, уларда ноқонуний наркотик моддалари.

«Наркобарон»ларни хар тарафдан қисишади, қамашади, давлат қўлидан келганича уларни йўқ қилишга ҳаракат қилади. Биттасини олиб бориб тиқса, иккинчиси яна ўша жойда пайдо бўлади. Фойдаси йўқ…

Кунлардан бир куни шаҳарга янги бош инспекторни тайинлашади. Теппадагилар ундан натижа талаб қилишади. Ҳар селекторда… эээ, тфу, мажлисда уни ўрнидан турғазиб гапираверишлари жонига теккан инспектор, охири битта катта таваккалликка қўл уради — шаҳардаги ҳамма «наркобарон»ларга, шаҳар чеккасидан битта қаровсиз квартал бераман, ўша жойда хоҳлаган ишингни қил, тегинмайман, деган таклиф билан чиқади. Аввалига улар ишонишмайди, кейин таваккал қилиб, бориб сотиб кўришади. Қараса, ростдан ҳам ҳеч ким уларга қаршилик қилмайди, аксинча, шаҳар ўртасида наркотик сотаётганларнинг барчасини полицияни ўзи ушлаб, ўша кварталга олиб бориб қўяди. Ўша кварталга «Амстердам» деб ном ҳам қўйиб олишади.

Тез орада шаҳарда жиноятлар камаяди. Тўғри-да, «наркоманларнинг» ҳаммаси шаҳар четига чиқиб кетган бўлса, яна қанақа жиноят бўлиши мумкин? Шу ўринда «катталар» ҳам мажлисларда инспекторни ўрнидан турғизмай қўйишади, статистика яхшилангани учун уни намуна қилиб кўрсатишади. Мақтовлар ёпиштиришади.

***

«GM»даги ўзгаришлар менга ёқди. Ҳеч қандай мавҳумлик йўқ, машинанг қачон чиқишини аниқ биласан, шартнома олиш муаммосиз, ишонч телефонлари ишлаб ётибди. Ҳеч қанақа «шапка» йўқ. «Бироқ, қиммат бўлди-да», дейсанми? Нимаси қиммат? Авваллари ҳам шу пулинг кетардию, худди шу машинани олишга, тўғрими?! Худди шунча кетарди, тан ол. Фақат у вақтлари ноқонуний тарзда берардинг шу пулни. Ҳозир эса, қонуний қилиб қўйишди. Ҳеч қанақа хавотир, ҳадиксиз берасан. Ёқди менга.

«Супер» контрактни-чи, кўрдингларми? Қандай заргарона тарзда ўйлаб топилган система! Болангни ўқишга киргизиш учун кимларгадир ялиниб, илтимос қилиб, пулингни долларга айлантириб берардинг. Шундаям боланг ўқишга киришига ваъда бермасди ҳеч ким. «Фифти-фифти » эди. Мана ечим — энди худди ўша пулни кўтариб, олиб бориб давлатнинг ўзига топширасан. Мана кўрасан, боланг ўқийди. Аниқ. Жавоб.

Катта муаммолар ечим топяпти. Битта яхшигина муаммо қолди: «конвертация». Менимча, бу муаммо хам яқин кунларда хал этилади. Қандай қилиб, дейсанми? Теппадаги икки муаммони қай тариқа хал этишган бўлишса, худди шу тарзда-да! Яъни, кўча курсини давлат курсига тенглаштириб қўйишади, вассалом. Албатта, давлат курсини кўтариб қўйган ҳолда.

***

«Амстердам»ни тақдири нима билан якунлаганини ёзмайман. Ўзларинг ўша сериални кўриб, билиб оларсизлар.

Барабан,

http://rokkker.blogspot.ru/2017/06/blog-post_7.html?m=1

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.