Алишер Навоийнинг ўчирғичи (сўнгги миш-мишлардан)

Бу галги хабарларимиз ёшлар ва тошлар мавзуига бағишланади.

* **

Айтишларича, келаси йили тест синовлари жуда қаттиқ тартибда ўтказилармиш. Бу йилги саволларнинг соддалигидан чуқур мутаассир бўлган тузувчилар энди саволга бошқача ёндашармиш. Бунинг учун мастер-класс ўтказилади.

Янги тартибдаги саволлардан намуналар:

  1. 1943 йилнинг 9 декабрида бавариялик Улрих фамилияли нацист отган ўқнинг тезлиги 732,45 метр/сония бўлса, айни вақтда қамишзор бағридаги -5 даражали сувда беркиниб ётган рус ва ўзбек аскарининг тана ҳарорати неча миллилитр чойни қайнатишга етишини ҳисоблашдан олдин, Ҳиндистондаги дарахт шохларидаги тарвузлар таркибидаги углеводнинг формуласини аниқловчи эргаш гапли қўшма гап усулида ёзинг.

А) Билмайман; Б) Савол тузувчисини сувга чўктириш керак; С) Жавобларнинг ҳаммаси тўғри; Д) … (шалоқ сўкиниш)

  1. Европадаги пушти ва оқ атиргуллар уруши бошланганидан беш йил ўтиб Алишер Навоий Самарқандда таълим олиб имтиҳонларга аъло баҳога топширгач, Регистондан эсдаликка нима олиб кетган?

А) Патқалам; Б) А жавоб тўғри; С) Б жавоб тўғри; Д) Ўчирғич

***

Қорабозорнинг расмий нашри бўлмиш Dollaruz.com ва Dollarsum.com сайтлари ишга қабул қилиш учун ходим қидирмоқда. Сўнгги вақтда доллар нархи тушиб кетганлигидан ходимлар Россияга кетиб қолди.

***

Ёшлар иттифоқи адирга шаклдор тош тераётганли сурати ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди. Тармоқдаги хонтахта таҳлилчилари “Ёш.ит.нинг бошқа қиладиган иши йўқми?”, “Россиядаги ёшларни ортга қайтаринг”, “Кирилл алифбосига қайтмаймиз!”, “Лотин алифбосига қайтмаймиз!” каби эътирозлар билдирди. Суриштиришлардан маълум бўлишича, ёшлар иттифоқи асли юксак марраларга бел боғлаган, аммо юқоридан уларга “тошингизни теринг” жавоби берилган.

***

Халқ таълими вазири Кун.уз сайти билан суҳбатда ўқитувчилар дала ишларига асло мажбурланмаслиги, улар кўнгилли равишда чиқиб пул ишлашларини маълум қилди. Бироқ қайсар мухбир пешма-пеш савол бериб, ўқитувчилар дала ишларига мажбурланаётгани сайтнинг номидек аёнлигини вазирга исботлаб қўйди.

Шунда вазир мухбирга қарата “бизда барчаси ихтиёрий, ҳаттоки, итлар ихтиёрий равишда қалампир ялаши мумкин”, деди ва исбот сифатида суҳбатхонага ходимлар кучук олиб киришди. Махсус ходимлар кучукнинг думининг остига обдан қалампир суркади, кучук тинмай ангиллади, қўйиб юборилгач, думалоқ ҳолатга кириб думининг остига суртилган қалампирни ялашга тушди. Шу тариқа ўқитувчилар дала ишларига ўз ихтиёрлари билан чиқаётгани аён бўлди. Ушбу видео тез орада Кун.уз сайтида намойиш этилади.

***

Кирилл ва лотин фронтида хонтахта аскарлари жон олиб жон бериб жанг қилмоқда. Кирилл томондагилар лотинчиларга калтафаҳм, ортиқча даҳмаза, ғарбпараст (гейпараст) номли ўқларини узса, ўзлари Путиннинг ҳамтовоғи, ўриспараст, қолоқ, қул номли снарядлар нишонига айланмоқда. Бироқ тинчликсевар афкор омманинг ташаббуси билан урушга БМТ аралашди ва унинг васийлигида Адночилар гуруҳи ташаббуси билан янги имло таклиф этилди. Қуйида олий даражадаги таклиф матни билан танишинг:

“Kiril ва лотин alifbosi ҳақидаги postlar ҳали beri тугамайди shekilli.. Мен adno4a алифбони taklif қиламан!)))

Ҳам осон, ҳам тез, энг муҳими, ҳеч ким хато қилмайди, қандай ёзсанг ҳам тӯғри!

Нма ддилар? ХoЛас@М mamnaqa йозаман, xola$am маwнака!

Баргийам йош авлот бу алфабитга о’тб бо’ган, прӯста тан оп, афитсийални статис берп к6йсей б6лди!

Муаммо рас и нафсекда ХаЛ!

#аднорулит #ақилилийқмела”

***

Сўнгги миш-мишларни

сизларга Жулқунбойнинг жияни етказди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *