Алғов-далғов мажлис

— Ебтўймасов Олғирбек, зудлик билан банкларимиз фаолияти ҳақида танқидий материал тайёрланг!
— Ҳурматли Очофат Касофатович, бунинг сира иложи йўқ!
— Ия, нега бўлмас экан?
— Чунки банкдан кредит олганман. Бир кун ош еган жойинга қирқ кун салом бер, деганлариде-ек… ўзинингиз биласиз-ку буёғини…
— Оббоо, ҳа майли, бу ишни Олди Бердиевга топширамиз. Унда сиз ҳозир Сохта Табассумова, Топилмас Балоев, Мақтовчи Гарангов, Ёзолмас Ботиров, Қовоқ Ақллиев, Ташландиқ Адолатовларни тўпланг, бир мажлис ўтказмасак бўлмайди. Кечадан бери мажлис қилмаймиз. Ҳа, яна бир гап: Ебтўймасов, эртага Алчақишлоқлик «Worl Ochko‘z-2017» да мутлоқ чемпион бўлган Саманбақолоқ билан суҳбат уюштириб келишга тайёргарлик кўринг, мажлисдан озодсиз.
— Ҳўп бўлади, Очофат ака!
— Ака эмас, Касофатович!
— Яна бир марта хўп бўлади, Очофат Касофатович!

Мажлис 14:00 га чақирилган. Ҳозир соат 11:30. Бемалол тушлик қилишга вақти етади. Бошлиқ тушлик қилиш учун барча учрашувларни бекор қилиб, «Арзон гаров» чойхонасига йўл олди.

Соат 13:30. Ҳурматли бошлиқ кўнгилни ке-енг қилиб, ҳотиржа-а-м аччиқ кўк чойни хўриллатиб ичиб, «тапчан» да оёқ узатиб ўтирибди. Мажлис борлиги аллақачонн хаёлдан кўтарилиб кетган. Ўтириб-ўтириб, зерикди. Бироз уйқуси келганидан, мизғиб олиш учун офисга қайтиш режасини каллада пишитиб, чойхонадан чиқди.

Соат 14:15. Офисда мажлисга чақирилганлар сабр ила бошлиқларини кутишмоқда. Кутаётганлар дунёдаги энг бахтли инсонлар. Чунки уларда тоғдек сабр ва битмас-туганмас итоатҚЎЙлик бор.
Жим кутиш зерикарли, ҳаттоки жуда зерикарли, деса ҳам бўлади. Шунинг учун айримлар ўзаро суҳбатга киришиб кетишган:
— Кеча футболни кўрдингми, судя сотилгани яққол сезилиб қолди-а?!
— Ақллиев, мен «Тахтакор» ўйинларини одатда томоша қилмайман.
— Вей, қанақа «Тахтакор» тентак?! Мен Месселонанинг ўйини айтяпман. Кеча ПСЖ билан ўйнади-ку?!
— Ҳаа, у ўйин олдин бўлган-ку, такрорий эфирни кўрдингиз, шекилли, Xitbo‘l TVdan?!
— Олдин ҳам кўрганман. Кеча яна қизиқиб томоша қилдим-да. Балки такрорий эфирда ПСЖ ютиб қўяр, деган умид билан…

Қолганлар ҳам турли мавзуларда гаплашиб ўтиришибди. Улар хам мажлисга чақирилганликларини унутаёзган бир пайтда соат 14:45 бўлган эди. Бу пайтда бошлиқ офис рўпарасида таксидан тушиб, оғир қадамлар билан йўлни кесиб ўтиб, офисга кириб келди.
Секретарига қараб:
-Мени ким сўраса, мен йўқман, ҳеч кимни қабул қилманг, бироз мизғиб олай, тушунарлими?
— Яхши-ку, лекин мажлис-чи…?
— Қанақа мажлис яна?
— 14:00 га мажлис белгилаган эдингиз, сизни кутишмоқда…
— Э, ҳа, ёдимдан кўтарилай дебди-ку…

Бошлиқ соатига бир қараб, мажлислар зали томон юрди. Бошлиқнинг ташрифи йиғилганларнинг ҒM ҳақидаги тортишувига чек қўйди. Бошлиқ тилининг учида: узр, юқорида мажлисда эдим, бироз чўзилди кеч қолдим!
— Ҳечқиси йўқ, ўртоқ бошлиқ. Бошлиқ бўлиш осон эмас, бошлиқ кеч қолмайди, доим ушланиб қолади, тўғрими, ўртоқлар(йиғилганларга бир-бир кўз ташлаб чиқади)?
— Тўғри-тўғири! (жўр овоз билан)
— Раҳмат, Мақтовчи Гарангов! Хўш, мажлисни бошлаймиз, ўртоқлар. Асосий масала яна — интизом. Ҳеч кимимиз ҳар бир ишда айтилган вақтдан кеч қолмаслигимиз керак. Бунга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Шунингдек, айтилган топшириқни сидқидилдан, виждонан бажаришимиз шарт! Бу гаплар сизга ҳам тегишли, Сохта Табассумова, мунча тиржаймасангиз? Ҳар бир гапда ҳоҳолаб кулавермасдан ишлаш керак!
— Мен ҳаммадан кўп ишласам ишлаяпман-ки, асло кам ишлаганим йўқ. Кулишимни юзимга солаверасизми? (Қиқирлаб кулиб)
— Ҳоо, ишлаяпман денг?! Ўтган ҳафта ҒM ҳақида ёзган материалингизни ҳам юзингизга солмайми? Нима эмиш, ҳар ҳафта машиналар нархи ошавериб, бир йилда фалон миллион бўлиб кетармиш. Вей, барака топгур, зато, ўзимизники-ку! Атрофга қаранг, қайси қишлоқ машина ишлаб чиқаради? Сиз бу тарзда мақола ёзиб одамларни ҒМдан кўнглини қолдириш ўрнига, заводни мақтанг, кўкларга кўтаринг, шундай тарғибот қилайликки, бизнинг тарғиботимиздан кейин машиналар нархи ҳафтасига 5 миллионга ошса ҳам, бозори ўлмасин. Акс ҳолда, тенг ярим баҳосига бошқа қишлоқларга экспорт қилишимизга тўғри келади.
— Лекин ўзмизникини ўзимизникиларга арзон нархларда…
— Ҳамма гапирса ҳам, сиз жим туринг, Ёзолмас Ботиров. Сизга эмас гапириш ва маслаҳат бериш. Ўтган сафар берилган топшириқни нима қилдингиз? Ўқитувчилар ҳақида, уларга яратиб берилган шарт-шароитлар ҳақида материал тайёрланг десам, сиз нима қилдингиз? Ёза олмайман эмиш?! Кўзим очиқ ҳали, деб иддао қилганингизга ўлайми. Қулоқни ҳам очиш керак Ёзолмас ука, сенаторларимизнинг баёнотларини эшитиш учун. Ҳайф сизга шарафли касб. Исмингизга зид иш қилмайсизми-е.
Топилмас Балоев шу эрдамисиз?
— Шу ердаман.
— Топшириқлар нима бўляпти?
— Айнан қайси бири, Касофатович?
— Ҳамма топшириқлар-да, калтафаҳм!
— Ҳаммаси «беш»-да, Касофатович!
— Индинга ҳисоботни берасиз, агар яна халтура қилсангиз, ўзингиз ҳам бирор бало билан «салом-алик» қиласиз. Тушунарлими?
— Тушунарли.
-Яна бир масала «Ёлғон сўзлаш санъати» танлови ва ундаги иштирокимиз ҳақида. Қовоқ ака, қанисиз?
— Мен ҳам шу ерда, Очофат Касофатович.
— Бу сафарги танловда сиз қатнашмайсиз. Бу сафар ҳам қатнашсангиз, «Сафсата»да Қовоқ Ақллиевдан бошқа қалам эгаси йўқлигини муштарийларимиз сезиб қолишадиёв. Шунинг учун бу сафар Ёзолмас Ботиров номидан қатнашасиз. Мақолани сиз ёзасиз, ғалаба Ботировники бўлади. Бонуслар ва бошқа гонорарлар сизнинг чўнтагингизга тушаверади, бўладими?
— Бўлаверади, ўртоқ бошлиқ, фақат бир шартим бор!
— Қанақа шарт?
— Ёзолмас Ботиров, ғолиблик нутқида «менинг шу даражага етишишимга ўзининг улкан ҳиссасини қўшган устозим Қовоқ Ақллиевдан ўла-ўлгунимча миннатдорман», деб кетиши керак.
— Бундан кўнглингиз тўқ бўлсин,
— Қовоқ эшитдинг-а?
— Эшитдим, унутмайиман!
-Ҳў-ўш бугунга айтиладиган ҳеч гап қолмади ҳисоб. Ҳаммамиз ўз жойимизга тарқалишимиз мумкин. Ҳа айтганча, Ташландиқ Адолатов, обуна масаласи нима бўляпти?
— Обунанинг қайси тури?
— Бир йиллик «иҳтиёрий-мажбурий» обуна-да ука. Нима ойдан тушган одамдек жиннини ёқасиз.
— Ҳаммаси беш. Мактаб, коллеж, шифохоналарнинг ҳаммаси обуна бўлишди.
— Боғчалар-чи?
— Улар ҳам, фақат пенсионерлар қолди, улар билан пенсия тарқатувчилар шуғулланадилар.
— Сустлашманг, бу масала энг муҳим масала эканини унутманг. Ҳозирча ҳаммангиз бўшсизлар.

Ривожиддин Абдумаликов

Биринчи изоҳ

  1. Қойил, зўр ёзилибди. Ўзимни ҳар кунги буладиган мажлисларимизда ўтиргандек хис қилдим. Ва ўзимга Зийракжон Беэътиборов деган ном тушса керак деб ўйладим. :)))))))))…;(

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *