Алгоритм

Мамлакатнинг сиёсий ҳаётида ўзгариш содир бўлгандан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай баъзи зиёлилар томонидан “кечаги кун ва у билан боғлиқ рамзларни қораланиши керак”лиги ҳақида ярим ултиматум оҳангида сўзлар янгради. Янгиланишни шундан бошламаса асло муваффақиятга эришиб бўлмаслиги иддао этилди. Шахсий фикрни билдиришга ҳаммамиз ҳақлимиз, аммо фикрга нисбатан фикр билдириш ҳам ҳуқуқлар ичра бир ҳуқуқдир. Айниқса кўпчиликнинг ҳаётига таъсир этиши мумкин бўлган фикрларга нисбатан.

Чорак аср давомида ўзига хос даврни бошимиздан кечирдик. Бу рост. Аммо яна бир ҳақиқат бор – биз билан бирга бу “ўзига хос” кунларни… оддий халқ ҳам бошидан ўтказди… Ўша, нима
бўлаётганини ўзининг имкони даражасида тушунишга ҳаракат қилган, турмуш ташвишлари
орасида, тунги уйқуга кетишдан олдин бир неча сония бўлсада атрофни англашга уриниб келган оддий халқ.

Энди яна бир ҳақиқат ҳақида – ўша, оддий, воқеликни борича қабул қилишга мажбур бўлган халқ – миллатнинг асосидир… Ўша, кўзи ила кўриб келган номутаносибликларни ақли ила бироз бўлсада уйғунлаштиришга, узрларни топишга, қалби ила эса кечиришга уриниб келган халқ – миллатнинг асосидир. Битта хайронликдан бошқасига солиниб келинган, аммо, нима бўлганда ҳам, яхши гумонда бардавом бўлган халқ – миллатнинг асосидир.

Ҳолат ўзгарганда халқнинг, шундоқ ҳам руҳи зада халқнинг ҳолини ҳисобга олмасдан уни буткул, бир кун ичида янги воқеликка дучор қилишга чақириш – халқ ғамини ейиш эмас. Омманинг дунёни ҳис этиш алгоритми биттасидан бошқасига ўтиши учун вақт талаб этилишига беписанд бўлиш – кибрнинг бир кўринишидир.

Ҳалқ ҳолатига беписанд бўлганда зиёлий аҳли… зиёлий аҳли бўлмай қолади, она халқига фойда
эмас, балки бошига ташвиш келтиради. Миллат ғамидан узилиб, ҳар бир нарсани ўз қаричи билан ўлчаб қолганда ҳалқ бу тоифа кишиларнинг кўзига онгсиз, қиёфасиз тўда бўлиб кўриниб қолади. “Халқ” тушунчасини “она” тушунчаси ила муштарак деб ҳисобласак, бундай қараш эгаси учун хавфлилигини эътироф этмоқ зарур бўлади.

Яқинда ҳали эски қарашларда бўлганлар “зомбилар” деб аталишгача бориб етилди. Буни
айтганларга жавоб шуки, бу “зомбилар” – бизнинг зомбилардир; этимизнинг бир бўлагидир. Уларни бундай аташ уларни… дуо қилишдан йироқлашиб қолинганликнинг белгисидир. Бу эса улкан йўқотишдир.

Нубувватнинг бошида коинотдаги энг жирканч нарса – бутлар ҳам “эсон-омон” ўз жойларида турди. Уларни инкор этиш учун ўша инкор қалбларда ҳосил бўлиши кутилди. Вақти-соати келганда бут энг ёмон кўриладиган нарса бўлди. Хамр эса ариқларда оқди; уни миршаблар уйма-уй кириб тўкишмади — одамларнинг ўзлари тўкишди.

Муҳаммад Шакур

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *