Қалб тафтишига даъво…

Ижтимоий тармоқларда “Пресс клуб”даги фикрларингизга нисбатан берилган раддиялар, норозиликлар, ҳақоратларга сабаб қилиб, биргина: “Масжидга бориб, илмни ташлаб қўйса, бўлмайди”, – деган гапингизни келтирибсиз.

– Лекин аслида ҳам шундай бўлдими?
– Шунча шов-шув, шунча норозилик биргина шу фикрингиз оқибатида келиб чиқдими?
– Албатта, йўқ!

Биринчидан, сиз мусулмонларни илм олишда бирёқламаликда, диний билим оламан деб, мактаб дарсларини ташлаб қўйишда айбладингиз. Бу гапингизни қувватлаш учун Водийда ўтказилган Ҳадис мусобақасига болаларнинг тайёрланиш асносида мактаб дарсларини қолдирганлигини келтирдингиз. Лекин инсоф билан қаралса, бу бир мусобақа, холос. Нари борса, бир йилда бир ўтказилади. Унда ҳам, йўқ жойдан, дабдурустдан мусобақа бўлишининг эълон қилиниши у болаларни шошириб қўйгани табиий. Шунда ҳам мусобақа деб, дарс қолдирадиганлар фақат диний йўналишдагилари эмас.

Спорт мусобақалари, фан олимпиадалари ва бошқа танловларга қатнашишда ҳам ўқувчиларнинг тайёргарлик даврида дарслардан озод қилиниши юртимизда кенг тарқалган тажриба. Ҳатто шаҳар, вилоят, республика миқиёсида ўтказиладиган байрам тадбирларида қўшиқ айтиш, рақс тушишга қатнашадиган ўқувчиларни ҳам ҳафталаб дарслардан озод қилингани ва бунга шу чоққача ҳеч ким бирор эътироз билдирмаганига шахсан гувоҳман. Бўлиб ҳам бу саналганлар йил давомида бир неча бор такрорланадиган тадбирлар. Лекин ҳеч ким, ҳатто сиз ҳам бу ҳолатларда буюк сиймоларимизни ўрнак қилмайсиз. Бир ёқламаликда айбламайсиз. Аксинча бундай ўқувчилар мактабларида фаол ўқувчилар сифатида тилга олинади.

– Нега шундай?
– Нега фақат кўзингизга яқин тарихимизда биринчи бор ўтказилган шугина ҳадис мусобақаси-ю, унда қатнашган диндорларнинг болалари кўринди?
– Адолат қани? Тенг кўришлик қани?

Биламиз. Асли мақсад бошқа эди. Сизга диндорнинг боласини бир ёқламаликда айблаш учун аргумент керак бўлган. Мусобақадан шу йўлда фойдаландингиз. Ҳатто совғаниям миннат қилиш ёдингиздан чиқмади. Болаларни фақат моддий нарсага кўз тикиб қолишидан хавотирга тушдингиз. Наҳот, ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқалар қалбини диёнатга улфат қилишда моддий рағбатлантиришдан фойдалангани ёдингизда бўлмаса!

“Пресс клуб”даги яна бир сўзингиздан иқтибос: “Биз тарихдан сабоқ олайлик. Тарихда бизнинг аждодларимиз фақатгина дин деб туриб, диний билимларни эгаллаб, бошқасини керак эмас бизга, деган нарсани ким қилган? Қайси тарихда бизнинг аждодларимиздан, буюк сиймоларимиздан қилган. Бу нарса йўқ”.

Тўғри, дунёвий илмларда барча халқларга устозлик қилган, ўша соҳага тамал тошини қўйган аждодларимиз бисёр. Биз бундан, албатта, фаҳр туямиз. Лекин шу аждодларимизнинг аксари дастлаб ёшликдан диний илм-тарбия олганини бошқалардан кўра сиз яхши биласиз. Уларнинг 8-10 ёшларидаёқ Қуръон ҳофизи бўлганлиги тарихда қолган. Бу – факт.

Келинг, сиз айтгандай тарихдан сабоқ олайлик. Фарзандларимизга диний илм-тарбияни болалигидан, мактабга ҳалақит қилмайдиган тарзда бериб борайлик. Бунга шароит яратиб беринглар. Диний олийгоҳларда ташкил қилинган ўқув курсларни гапирмай қўя қолинг. Ёш, сон, маблағ жиҳатидан ўта кичик доирани қамрайдиган имкониятни умумга мисол қилиб кўрсатиш ақлга сиғмайди. Болаларимиз қаерда, кимдан собоқ олишсин? Айтинг! Ахир, тарихдан ўрнак олмаймизми?!

Ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган яна бир айбловингиз: “Мода бўлгани учун борақолсин масжидга деяпти. Мода учун масжидга жўнатяпти одамлар. Болам масжидга кетти, деб кўрсатиш учун”.

Сиздан аввал биров шундай гап айтганини эшитганмисиз? Ҳатто бошқа дин вакилларидан ҳам ибодатга борадиган диндошлари ҳақида бундай беўхшов гап чиқмаган бўлса керак. Одамлар қалбини тафтиш қила олиш учун қаерда ё қайси китобни ўқиш керак? Бошқаларнинг эътиқодига амал қилишини, боласининг ибодатга кирганидан хурсанд бўлишини риёкорлик деб баҳолаш, “мода” учун қиляпти, деб айблашга ким сизга ҳуқуқ берган? Бировнинг ҳуқуқини камситишга курсингиз йўл беради, деб ўйлайсизми? Сизга бу хусусда ўзингизнинг тавсиянгизни берамиз: “Бу Ўзбекистон Республикаси. Афғонистонмас. Ким буни тушунмаётган бўлса, Конституцияни олиб, ўқиб қўйсин”.

Мен сизни ҳақоратлаганларни ҳам, сизга ҳар хил ном қўйганларни ҳам ёқламайман. Лекин шу қатори сизнинг диндорларни бирёқлама тарозига солишингизга, масжид, намоз ё рўмол деса, Афғонистон, Суриядан гапириб, диндорлардан олабўжи ясашингизга ҳам қатъийян қаршиман.

Отабек Усмонов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *