Алабамадаги пахта етиштирувчи деҳқонларни бой қилган қўнғиз ҳақида

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими билан боғлиқ баҳс-мунозараларни кузатиб, бундан анча аввалги чет эл сафари билан боғлиқ хотиралар ёдга келди.

2003 йилда «Очиқ дунё» дастури доирасида АҚШда бўлиш насиб этган эди. Уч-тўрт кун пойтахт Вашингтонда туриб, сўнг Америка ҳаёти билан яқинроқ танишиш мақсадида турли штатларга тарқалиб кетдик. Менга Алабама штати «насиб» этди. Бу штатнинг иккинчи номи «cotton state», яъни «пахта штати» экан.

Дастлаб қанчалик ҳафсалам пир бўлганини тасаввур этишингиз мумкин: делегациямиз аъзоларидан кимдир Лос-Анжелесга, яна кимдир Сиэтлга йўл олганди. Кейинчалик бунга кўникиб, истиқомат қилиш чекимга тушган штатдаги бошқа жойларда учрамайдиган жиҳатларни қидирдим.

Мен яшаган Хантсвилл шаҳрида NASA коинот парвозларини бошқариш марказларидан бири жойлашган бўлиб, АҚШ астронавтларини 1969 йилда Ойга элтган ракета шу ерда тайёрланган экан. Мамлакатдаги кўҳна ўқув юртларидан бири — 1831 йилда фаолиятини бошлаган Алабама университетида АҚШ конституцияси ҳақида маърузалар тингладим.

Штатнинг Энтерпрайз шаҳрида эса дунёда қишлоқ хўжалиги зараркунандасига аталган ягона ёдгорлик — узунтумшуқ қўнғизга ҳайкал ўрнатилган экан.

Узоқ вақт давомида штатда асосий экин тури бўлган пахта далаларига 1915 йили шу зараркунанда тушиб, уни етиштираётган фермерларни хонавайрон қилади. Ҳолат қайта-қайта такрорланавергач, улар пахта етиштиришни ташлаб, чорвачиликка зўр беради. Ем-хашак, картошка, маккажўхори, ерёнғоқ етиштириш билан шуғуллана бошлайди. Бу пахта экишга нисбатан анча фойдали бўлиб чиқади ва шу пайтгача бошқа экин ҳақида ўйламаган фермерлар бойиб кетади.

Улар 1919 йилда қўнғиз шарафига машҳур Озодлик ҳайкалинининг кичрайтирилган нусхасига ўхшаш ёдгорлик ўрнатади. Фарқи — ҳайкалнинг бошида тожи йўқ, қўлида эса машъала ўрнига қўнғизни тутиб олган. Ҳайкалга «Фаровонлигимизга йўл кўрсатган пахта зараркунадасига миннатдорлик рамзи сифатида» деган сўзлар битилган.

Штатда пахта шу билан унутилгани йўқ — Алабама ҳозир ҳам пахта етиштириш бўйича дунёда етакчилардан бўлган АҚШнинг «ишонган тоғи». Фақат фермерлар ва ҳукумат юз берган ҳолатлардан керакли хулоса чиқарди.

Алабамадаги кўплаб йирик фермерларнинг шахсий пахта заводлари бор, бунга қурби етмаганлари ҳам ўзаро уюшиб, биргаликда шундай заводлар қуради. Плантацияларда пахтани асосан машиналар теради, «ҳашар»га эса ёлланма ишчилар жалб этилади.

АҚШ ҳукумати пахта етиштирувчиларга миллиардлаб доллар субсидиялар беради. Шу тариқа, бир ўқ билан икки қуён урилади: фермерлар қўллаб-қувватланишидан ташқари пахтанинг жаҳон нархларига таъсир ўтказиш имкони туғилади.

Азизбек Абдувалиев, “Daryo.uz”

Биринчи изоҳ

  1. Endi agar bizada bunaqa bo’ladigan bo’sa ko’plab tekin tomoqlar tayyor puldan quruq qoladide !!!
    Paxta boxona bitvotgan «uchastkala» qob ketadi !!!
    Eng avval ulaga qurt tushirish kerak !!! Paxtagamas

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *