Акром Малик: ҲАҚИҚАТДАН КЎЗ ЮМИБ ЎТСАК…кўзларимиз оқиб тушмайдими? (Эрта никоҳнинг “зарарлари”)

Оила ҳақида ижобий қарашларнинг ҳаммасига тўлиғича қўшиламиз ва бу фикрларнинг аксарияти Сизга таниш бўлганлиги учун иқтибослар келтириб ўтирмаймиз.

Оилаларнинг инқирози Ғарбни маънавий таназзулга олиб келганлиги ҳам Сизга маълум. Бизда оилаларни сақлаб қолиш айни пайтда долзарб вазифадир. Чунки оилани қуриш осон, уни сақлаш мушкул бўлиб қолди.

Сабаб?
Маълумки, иморат қурар экансиз, унинг пойдеворига алоҳида диққат қаратасиз. Чунки пойдевори бўш иморат эртага бўладиган шамолга ҳам, ёмғирга ҳам дош бера олмайди. Оилаларни барпо қилишда пойдеворнинг мустаҳкамлиги энг муҳим нуқтадир. Ана шунда тақдир водийсидаги синов бўронлари ҳам, йўқчилик жазирамаси ҳам уни йиқитишдан ожиз қолади.

Айни пайтда эрта никоҳнинг зарарлари ҳақида кўп ва хўп бонг урилмоқда. Албатта, бунинг замирида ўзбек оиласининг келажаги учун кучли қайғуриш мавжуд. Бонг ураётганларнинг ҳаммаси ҳам ёш келин-куёвлар бахтли бўлсин дейди. Тушган жойида тиниб кетсин дейишади.

Касални даволаш учун унга ташхис қўядилар, сўнг дори буюрадилар. Бироқ ташхис хато бўлса-чи? Дори ноўрин берилса-чи?..

Оилалаларнинг мустаҳкам бўлиши учун эрта никоҳнинг олдини олиш қанчалик тўғри? Баъзан ўйлаб қоламан: эрта никоҳнинг зарари кўп экан, кеч никоҳда заҳар йўқми, ишқилиб?

Келинг, эрта никоҳ учун қўйилаётган айбловларга диққат қаратсак:
Ёш вужуд оила қуришга жисмонан тайёр бўлмайди. Мана, фалон жойда ўн олти ёшли қиз эрга тегибди ва, масалан, туға олмай қийналиб қопти.
Ёш йигит-қизлар оила қуришга маънан тайёр бўлмайди. Дейлик, хотинини боқа олмайди, оиланинг мазмун-моҳиятини билмайди, ҳеч нарсага тушунмайди
Тўғри гапга ўхшайди, а? Келинг, энди ҳаётимизга реал назар ташлаймиз.

Эътибор берганмисиз, ўғлингиз олтинчи синфга ўтганда синфдош қизлардан бирига хат ёза бошлайди. Еттинчи синфга ўтганда эса кўзлари беқарор бўлиб қолади. Саккизинчи синфда эса ҳар хил эротик, порнографик “анекдот”ларни эшитиб, қотиб-қотиб кулади. Тўққизинчи синфда эса синф раҳбарининг шикояти кўпаяди. Коллежнинг биринчи курсида эса аллақачон телефонда қизлар билан узоқ вақт “суҳбат қуради”, учрашувларга чиқади, гоҳида севги-муҳаббат ҳақидаги фильмларни берилиб кўради, муттасил равишда севги-муҳаббат ҳақида “қўшиқ”ларни тинглайди.
Эътибор берганмисиз, қизингиз тўртинчи синфни битириш оқшомига лабларини, кўзларини бўяб, юзларига пудра суркаб боряпти. Бешинчи синфида эса шим кийишга ўтади, мини юпка кийишга ишқивоз бўлади, олтинчи синфда эса синфдош болаларни назарига ҳам илмайди, дугоналари билан юқори синф йигитларининг қанчаси унга севги изҳор қилгани ҳақида суҳбатлашади. Еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи синфларида эса учрашувларга чиқишга ўрганади, ижтимоий тармоқларда фаоллашади, ўзининг турли шаклдаги очиқ-чочиқ сувратларини профилига жойлайди ва ҳоказо.

Бу ҳамма учун хос ҳолат эмаслиги аниқ, гап шундаки, омманинг катта қисмида шу сюжет кузатилмоқда. Қолаверса, болангиз ўтиш ёшига етганда жиззаки бўлиб қолиши, сизнинг танловингизга рози бўлмай, “ўзим қиламан”га ўтиши ҳақида гапириб ўтирмадик.

Эҳтимол, сиз буларни кўрмаган бўлсангиз керак. Эҳтимол, сиз қуйидагилардан ҳам бехабарсиз: ўсмир болангиз шаҳвоний фильмлар томошасини севади; “кальготка” кийган жувонларни кўрса ҳам, безовта бўлиб қолади; оқшом тушса, “дўст”лари билан “суҳбат қуриш” учун шошилади; коллежга кирганда эса фоҳишахона ва фоҳишаларнинг манзилларига астойдил қизиқади.

Эҳтимол, сиз яна қуйидагилардан ҳам бехабарсиз: болангиз тинимсиз сўкинади; оёғи тилинса, кўйлаги нимагадир илинса шўрлик онасини “бўралаб” эслайди; “дўст”лари унга, у “дўст”ларига фақат ҳақоратли жумлалар билан мурожаат қилади; гомосексуализмга қизиқади, ҳатто, уни амалда қўллаш ҳақида ҳам ўйлаб қолади.

Шошманг, муҳтарам жаноб, бу менга тегишли эмас деб жаҳлингиз чиқмасин! Бу табиий ҳол дея хотиржам ҳам бўлманг! Ёки болам шундай бўлса-я деб даҳшатга ҳам тушманг!

Совуққон тарзда таҳлилда давом этиш учун ижозат беринг.
Болангиз ичиш ва чекишга ўрганади, турли базм ва кечаларга “ташриф буюради”; турли боғларга бориб, дарахтлар панасида ёки сайҳон жойда ҳам бир бегона қизни бағрига қаттиқ босади, ғусл вожиб ҳам бўлиб қолади, буни “муҳаббат” деб аташи ҳам мумкин.

Қизингиз кўкрагини очиб кийинади, юпкаси сонларини ёпа олмай ҳалак; йигитлар билан учрашувга чиқади, бегона йигитнинг бақувват қўлларида тўлғонади, жисмида турли ҳолатлар рўй беради, кечқурун уйга келиб сизга чой қуйиб узатади.

Буларнинг ҳаммаси ўн беш-ўн олти ёшлардан кейин бошланади. Сиз эса бу ёшни турмуш қуриш учун эрта деб ўйлайсиз ва болангизни камида йигирма уч-йигирма тўртга тўлишини кутасиз. Ўтаётган йиллар боламни “оилавий ҳаёт”га тайёрлаяпти деб ўйлаб юраверасиз.

Таксист ҳикоя қилади:
“Битта қиз бор эди. Вилоятлик йигит билан “юрди”, кейин совчи келиб қолди, йигит тўй куни қизни ўз вилоятига обориб “тиктириб” келди, кечқурун никоҳ бўлди, қиз чимилдиққа кириб кетди”.

Эътибор берганмисиз, ёши улғайган, масалан, йигирма беш ёшдан ошган йигитлар уйлана олмай қийналиб қолади.

“Ҳа, нега уйланмаяпсан?”

“Яхши қиз тополмаяпман…”

Яхши қизга қирғин келганми?

Гап унда эмас, гап шундаки, йигит “ҳамма йўл”га “юриб чиққан”, шўрликнинг қизларга нисбатан ишончи йўқолган; унинг кўзига ҳамма қизлар “бошқача” кўринади. Кейин нима дейди: “Ёшроқ эканимда уйланиб олсам бўларкан!”

Яна бир жиҳат шуки, туппа-тузук, чин маънодаги туппа тузук йигитлар ҳам “яхши қиз” топа олмаяпти. У атрофни кузатиб шундай хулосага келган.
Эҳтимол, каминага қарата ҳаётни қоп-қора рангга бўяб қўйдинг деб ўйларсиз. Аммо ҳақиқатнинг олдидан қандай қилиб кўзларимизни юмиб ўта оламиз? Ҳақнинг қошида юмилган кўзларимиз эртага ўйилиб тушмасмикин?..

Тасаввур қилайлик: ҳар куни чойхонга чопмай қўйдингиз; чекишни ташладингиз; фоҳишахоналардан қадам уздингиз; бегона аёлларга кўз қисишни бас қилдингиз; ичишни камайтирдингиз; уйга эрта қайта бошладингиз; телевизорни ўчириб қўйишни ўргандингиз; китобхон дўстларингиз билан маслаҳатлашиб, кечқурунлари китоб мутолаа қилишга вақт ажратяпсиз; асосийси, ўйлаб кўринг-а, болангиз билан узоқ вақт гурунг қурасиз, унинг ўй-хаёлларидан, муаммолардан хабардорсиз; ҳар куни унинг кундалигини текширасиз, бирга китоб мутолаа қиласиз – болангиз овоз чиқариб ўқийди, сиз тинглайсиз; бирга эрталаб стандионда югурасиз, турникка тортинасиз; болангизни уста ҳунармандлардан бирига шогирдликка берасиз, дейлик, сартарош ёки дурадгорга, унинг ишларига қизиқасиз, ясаган нарсаларини кўрасиз, рағбатлантирасиз… Унинг орзуларига қизиқасиз, мустақил ва тўғри қарор қабул қилишга ўргатасиз. Оиланинг масъулиятини, ҳалол йўл билан тирикчилик қилишнинг ҳикматидан уни хабардор қиласиз.

Ана энди ўғил ёки қизингизни ўн етти ёки ўн саккиз, борингки, йигирма ёшида оилали қилиб қўйдингиз. Қандай бўларкин?.. Энди ҳам болангиз оила қуришга тайёр бўлмайдими? Нима деб ўйлайсиз? Унга туя гўштини едиришга ҳожат қоладими?

Аслида, болаларнинг жисми балоғатга етмоқда, аммо ақллари балоғатга етмаяпти. Қисқа қилиб айтганда, болани маърифатли қилиб улғайтириш масаласани кун тартибига қўймоқдамиз.

…Бу гапларимни ўқиб, жуда ширин қолип, жуда ширин хаёллар деб ўйлаб қолмадингизми? Амалга ошмайдиган утопия деган хулосага келмадингизми?
Келинг, яна таҳлил қиламиз: камина юқорида келтирганим – турмушимизнинг оғриқли нуқталарини санаб ўтганим тушкунликка берилишми ёки сизнинг: “Гапларинг утопия!” – деган хулосангиз?

“Эрта никоҳнинг зарарлари” ҳақида жар солмасдан, ёшларни ҳаётга тўғри тайёрлаш ҳақида гапирсак бўлмайдими? Гуноҳлардан нафсни тийиш, фарзандга дўст бўлиш, ўзимизни тарбиялаш ҳақида кўпроқ қайғурсак бўлмайдими? Қуруқ гапларни вайсайвермасдан, ўз сўзимизга ўзимиз амал қилиш ҳақида қайғурсак яхши эмасми?

Юқорида оила – гуноҳларни тўсувчи парда эканлигига диққат қаратдик. Шу ўринда масаланинг бошқа томонига диққат қаратиш лозим.
Бу илм йўлидаги инсонларга тегишли масала. Маълумки, илм йўли машаққат ва фидойилик йўлидир. Илм олиб, олим бўлишни ният қилган йигитлар оила қуришлари учун мауйян босқичлардан ўтганлари маъқул. Чунки оиланинг юки, залвори оғир, ташвишлари кўп; илм олиш учун эса хотиржамлик керак.

Илм йўлидаги инсон қалби эса илм муҳаббати билан лиммо-лим бўлади. У ўзи учун зарур илмларни белгилаб олади, то маррага етиб олгунча хатоликлардан, гуноҳлардан ўзини тияди, нафснинг ёмонликларидан ўз қалбини, жисмини сақлашга ҳаракат қилади ва нияти рост бўлса, буни уддалайди. Кейин эса оила қуради ва нафснинг санаб ўтилган кўп хавфларидан омонликка эришади.

Шунинг учун биз юқорида билдирган таклифларни, фикр ва қарашларни умумиятга тегишли деб қабул қилмаслик маъқул бўлса керак.

Мақолада соғлом чегарада туриб фикрлашга анча-мунча ҳаракат қилдик, сиз ҳам мулоҳаза билдиринг.

Бу – касалликнинг ўзига хос ташхисидир. Кейин эса даволашга ўтайлик – ҳар биримиз яхши ишлар учун интилайлик.

2 комментария

  1. Menga maqola yoqdi. Chindan ham yosh yigit va qizlar orasida bunaqa «muhabbat»lar ko‘payib ketdi. Bu maqola muallifiga rahmat. Bu maqoladagi masala faqatgina shu joyda o‘qilib, qolib ketishini istamasdim. Buni tv larda ham aytish kerak. Noto‘g‘ri tashxis va da‘volash maexanizmini o‘zgartirish kerak.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *