Ажабланишга шошилманг!

Айтишларича, ҳайрат туйғуси мавжланиб турар экан, инсоният она ер бағрида шодумон яшашда давом этади. Зотан, қалбнинг карахт аҳволга тушиши, ҳайратнинг сўниши барча иллатларнинг ибтидосидир. Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақолада ёзилган ҳолат айнан бугун, сиз-у бизнинг кўз ўнгимизда воқеъ бўлган нурли бир манзарадир. Эҳтимол бу ҳол сизга танишдир – ён-верингизда, атроф-жавонибда мана шундай қалби тўкис, мангу қадриятларга, аждодларга содиқ юртдошларимизни ҳар куни кўрарсиз… Бироқ, айнан бугун ана шундай юртдошларимиз ҳақида, ижобий маънода,  ҳар қанча шов-шув кўтарсак, замонамиз қаҳрамонлари тарзида эҳтиром кўрсатсак оз… Давлатимиз раҳбари бошчилигида яқинда бўлиб ўтган  ижро интизомига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилганидек, ёшларни турли нораво экстремистик оқимлардан асраш, асл исломий ўзанларни тарғиб қилиш матбуот ходимларининг ўлмас ва муқаддас бурчи, шарафли вазифасидир. Таниқли журналист Тўра Муроднинг ҳаяжон ва ҳайрат таъсирида ёзилган қуйидаги мақоласи кишини ана шундай ўйларга етаклайди… Илло, ҳавойи гапларга учиб, қай бир юртларда сарсон бўлгандан кўра, бузрукворга иззат кўрсатиб, ўз юртида, қалби қайноқ одамлар бағрида, омон-омонликда ибодатини адо этганга не етсин…

Пиёда зиёрат

Бугун Жума. Жума куни дунёнинг ишларидан этак силкийман. Аммо дин ишлари билан машғул бўламан, дейишга ҳам ҳаддим сиғмайди, чунки қачондир бирга ишлаган ҳамкасбларим айтишган, “диний билимим саёз, диний масалаларга ақлим етмайди”.

Хуллас, бугун ният қилиб, Имом Бухорий зиёратига пиёда бордим. Бу ажабланадиган иш эмас. Имом Термизий, Нақшбандий Ҳазрат, Яссавий Ҳазрат, Сўфи Аллоҳёр, Шоҳимардон ва бошқа кўплаб зиёратларга пиёда борганман.

Мендан дуо сўраганларни дуо қилдим. Хусусан, лаби тиртиқ туғилгани учун отаси ундан ҳам, уни туққан ёшгина, 19 ёшли онасидан ҳам воз кечиб қўйган гўдакка аввалгисидан яхшироқ, иймонли ота тиладим.

Ҳадис

Заргарнинг зиёратига борсанг, тақинчоқ оласан, атторникига борсанг, атир оласан, мен муҳаддислар султонининг зиёратига бордим. Биттагана ҳадисни сизларга етказиб қўяй. Минбарга чиқаётиб, Расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васаллам уч марта “Омин”, дедилар. Саҳобалар “Уч марта “Омин” дедингиз, боисини айтинг, лозим бўлса, бизлар ҳам қўшилиб, “Омин” дейлик”, дейишди. “Ҳузуримга Жабройил алайҳиссалом келдилар. “Кимки сизнинг номингизни эшитганда сизга саловат айтмаса, бурни ерга ишқалансин, хор бўлсин!” дедилар, мен “Омин” дедим. “Кимки Рамазонга соғ-саломат етса-ю, ундан покланиб чиқмаса, ундай умматингиз ҳам хор бўлсин!” дедилар, мен “Омин” дедим. “Кимки отасини ёки онасини ёки иккаласини кексаликларида топса-ю, тиригида ўзига жаннатни вожиб қилиб олмаса, ундай фарзанднинг ҳам бурни ерга ишқалансин, хор бўлсин!” дедилар, мен “Омин” дедим”, дедилар икки олам сарвари. Саҳобалар сўрадилар: “Тириклигимизда ўзимизга жаннатни вожиб қилиб олишимиз қандай бўлади ё Росулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васаллам?” Пайғамбаримиз алайҳиссалом жавоб бердилар: “Кекса отасини ё онасини ё иккаласини парвариш қилиб, уларнинг хизматини қилган фарзандни отаси ё онаси “Мен сендан розиман, барака топ, болам!” деб дуо қилса, ана шу фарзандга жаннат вожиб бўлади, у ҳали тирик туриб, жаннат калитини қўлга киритган бўлади”.

Ажабланишга арзийдиган иш

Ана энди ажабланадиган ишни айтаман. Имоб Бухорий мажмуаси таҳоратхонасида бир йигит эътиборимни тортди. У ногиронлар аравачасидаги кекса бир отахонни таҳоратга олиб борди. Отахонни мукаммал таҳорат олдирди. Оёқларини авайлаб ювиб қўяётганида кўз ёшларимни тия олмадим. У бу ишларни жирканиб ҳам қилмасди, малол олиб ҳам қилмасди, доимги вазифам дегандек, шунчаки ҳам қилмасди, у бу ишни меҳр билан, завқ-шавқ билан, кўзлари ёниб қиларди. Мен беихтиёр уни суратга туширганимда у ҳам менга эътибор берди. Йигит енгил табассум билан “Шарт эмас”, деган ишорани қилди.

Шарт!

Мен буни суратга олишим шарт! Интернет тармоқларига жойлаштиришим шарт! Бу йигит ҳақида одамларга айтишим шарт! Дунёга жар солишим шарт! Кундан кунга меҳр, муҳаббат, мурувват камайиб бораётган дунё бу суратни кўриши шарт!

Кексайган отасини парвариш қилишдан ижирғаниб, “Мурувват уйи”га ташлаб кетаётган казо-казо ўғиллар, юртимизда саноқли қолган, ҳар бирини бошимизга кўтаришимиз шарт бўлган УРУШ ВЕТЕРАНИ бўлган оталарини “Мурувват уйи”га олиб бориб ташлаётган номард ўғиллар бор экан, мен бу йигит ҳақида юртдошларимга айтиб беришим шарт!

Танишув

Масжид дарвозаси ёнида уларни пойлаб турдим. Отахон билан кўришдим. Дуоларини олдим.

− Исмим Холмирза, бу неварам Сирожиддин, Фарғонанинг Водилидан келдик, − деди отахон. – Икки марта Ҳаж қилдим, аммо Имом Бухорий бобомизни зиёрат қила олмаганим армоним эканини айтгандим, Сирожиддин “Юринг, ота, юрагингизда армон қолмасин, Бухорий бобомизнинг қошларига олиб бораман”, деб қолди. Шу неварам менга қарайди, ҳамма юмушларимни қилиб беради. Бир лаҳза ҳам мени ёлғиз қолдирмайди. Мен ундан бу дунё-ю, у дунё розиман, умридан барака топсин!

Сирожиддинни гапга соламан, ҳадеганда “ёрилмайди”.

− Болаларни ўқишга тайёрлайман, репититорлик қиламан. Химия фани мутахассисиман, асосан, тиббиёт институтларига кирувчиларни тайёрлайман. Андижон, Тошкент, Самарқанд тиббиёт институтларида кўплаб шогирдларим аъло баҳоларга ўқишаяпти. Бошқа вақтимни бобом учун сарфлайман.

Ибрат

“Тиригида ўзига жаннатни вожиб қилиб олган фарзанд” мана шу Сиржиддин эмасми?

Аллоҳ умрига, ризқига, наслига, илмига барака берсин!

Уни бобоси тинмай дуо қилиб турибди, жаннатнинг калитини ҳар куни неча бор Сирожиддиннинг қўлига тутиб турибди.

Сирожиддиндек тириклигимизда ўзимизга жаннатни вожиб қилиб олиш барчамизга насиб қилсин!

Отамиз, онамиз, бобомиз, момомиз бизга тутиб турган жаннат калитидан юз ўгирмайлик! Уларга қараб бурнимизни жийирмайлик! Жаннатдан бенасиб  қолмайлик!

Омин!

Тўра Мурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *