Ажабланарли нарса

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобида келтирилган бир воқеа эътиборимни тортди.

Мисрда уюштирилган от пойгасида қибтий йигит Миср волийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ўғлидан ўзиб кетади. Шунда Амрнинг ўғли қибтий йигитни: «Ҳали сен хожангнинг ўғлидан ўтиб кетадиган бўл­динг­ми?!» деб бир қамчи уради.

Қибтий йигитнинг отаси Мадинага бориб, халифа Ҳазрати Умарга арз қилади. У киши Амр ибн Оссни чақиртирадилар. У етиб келади. Катта мажлисда унга дейдилар:

– Эй Амр, қачондан бери оналари ҳур туққан кишиларни қул дейдиган бўлиб қолдиларинг?

Ҳазрати Умар қибтийга қамчини бериб, буюрадилар:

– Хожангнинг ўғлини яхшилаб савала!

Қибтий шу ерда иймонга келади ва ҳаққидан – Амр ибн Осснинг ўғлини уришдан воз кечади. Ҳазрати Умар унга дейди:

– Аллоҳга қасамки, агар урганингда, ўзинг тўхтамагунингча сени ҳеч ким тўхтатмасди.

Бу ердаги ажабланарли нарса улуғ саҳобий, шавкатли лашкарбоши Амр ибн Осснинг итоатлилиги ҳам, буюк халифа Ҳазрати Умарнинг одил ҳукмлари ҳам эмас, балки ғайридийн кишининг бир оғиз сўз учун Мисрдан Мадинага арзга борганидир. Агар Исломнинг адолатидан, ҳурриятпарварлигидан умидвор бўлмаганида, у бундай қилмас эди.

Ҳа, Ислом ўн беш аср илгари ана шундай оламшумул ишни амалга оширган эди. Афсуски, бу маъноларни нафақат бошқа халқлар, балки мусулмонман деб юрган кишиларнинг кўпчилиги ҳам билмайдилар.

Шайх Ҳазратнинг ёзганларини ўқиб, айни кунларда юртимизда бўлиб турган адолатли ишларни мушоҳада қилдим. Президент портали очилганидан бери БИР МИЛЛИОНдан ортиқ киши ўз арзи билан мурожаат қилибди. Аксарияти ижобий ҳал қилиниб, қолгани ўрганилаяпти экан.

Президент Шавкат Мирзиёев жойларда кишилар билан қилаётган мулоқотларида, йиғилишларда халқ билан мулоқотга катта эътибор беришлари, ҳақиқий эл дардини айтаётган юрт қайғусидаги кишилардан миннатдор бўлаётганлари элда шундай бир улуғ ишончни пайдо қилдики, одамлар энди ўз арзини қўрқмай, ҳайиқмай, энг муҳими, ҳал этилишига ишониб, шахсан Президентга айтаяптилар.

Ана шу ишонч Шайх Ҳазратимиз таъбири билан айтсак, “ажабланарли нарса”дир. Ана шу ишонч кишиларда кўтаринки кайфиятни пайдо қилади, ишларидан унум бўлади ва азалдан меҳнатсевар халқимиз бундан ҳам шижоатлироқ меҳнат қилиб, инша Аллоҳ, юртимизни бўстонга айлантириб юборади.

“Эркин сўз бўғилар экан”, “Жонли мулоқотлар тўхтатилар экан”, “Энди тўғридан-тўғри кўрсатувлар”, “Халқаро пресс-клуб фаолияти тўхтатилар экан”, деган миш-мишлар эса, халқ кўнглида пайдо бўлган ишончнинг томирига болта уради. Эркинлик шамолига кўксини тута бошлаган одамлар яна хавотирга, шубҳага тушиб, мавҳум бир кайфиятда қолади. Аммо бу миш-мишлар асоссиз экани тез орада исботини топади.

Инша Аллоҳ, халқимизнинг кўнглидаги ишонч сўнмайди!

Умид қиламизки, халқимизнинг ишончи алданмайди!

Халқнинг кўнглидаги ишончи абадий бўлсин!

Тўра Мурод

4 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *