Адҳам Олимов: Ўзбекистон таълим бобида нега Япония бўла олмади?

1997 йил августида «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» қабул қилинган, унда 5-синфда ўқирдим.

Ўша пайтда биз, мактаб болалари ўқийдиган матбуотнинг («Маърифат» газетаси, «Гулхан» журнали) асосий мавзуси шу бўларди: «Юртимизда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»нинг қабул қилингани бу соҳага нақадар катта эътибор қаратилаётганини билдиради. Дунёда атиги икки давлатда бундай миллий дастур бор: Япония ва Ўзбекистон. Тажрибамизни ўрганиш учун ҳатто Австралиядан ҳам мутахассислар келмоқда…»

Кўпнуқта ўрнида яна кўп гаплар бор. Бу гаплар ўшанда ҳам, ундан кейин ҳам ТВ, радио, матбуот орқали кўп янгради. Янги ўқув тизимининг афзалликлари мақталди.

Бу тизимнинг энг кўзга кўринадиган жиҳати умумтаълим мактабларининг 9-синфидан кейин лицей ва коллежларнинг ташкил қилиниши бўлди. (Университетлар аллақачон бакалавриатура ва магистратурага бўлиниб бўлганди.) Охирги марта 2005 йили мактабларда 11-синф бўлди. 2006 йилдан бошлаб, ҳамма 9-синф битирувчилари мажбуран лицей ва коллежларга ўтқизилди.

Лекин, не ажабки, Японияга айланмадик: 3 кун олдин президент Шавкат Мирзиёев «Коллежлар ўзини оқламагани, 11 йиллик ўқув тизимига қайтиш тажриба қилиб кўрилиши» ҳақида баёнот берди. Ҳали лицейлар ҳақида ҳам шу гап айтилиши мумкин.

Одатдагидек, яна шовқин бошланди: «Дарҳақиқат, 11 йиллик тизим энг афзали эди!» Ким ҳам раҳбардан ортда қолишни истайди. Кеча лицей-коллежларни мақтаб турганлар, биринчи навбатда оммавий ахборот воситалари, бугун эски мактаб тизимини мадҳ этувчи материаллар тўплаб юрган бўлса, ажабланмайман.

11 йиллик мактаб таълимини кўрган, лицей ёки коллежнинг остонасини ҳатлаб кўрмаган анъанадор (консерватор) киши сифатида менга ҳам шу 11 йиллик тизим маъқул. Лекин Японияга айлана олмаганимизнинг сабабини бошқа нарсада кўраман. (Японияга айлана олмаганиз ҳақида иккинчи марта ёзаётганимга эътибор беринг!)

Гап шундаки, бизда расман ҳаммаси яхши йўлга қўйилган: махсус таълим дастури, рисоладагидек таълим муассасалари номлари, чиройли ўқув бинолари ва ҳоказо. Лекин таълим тизимининг энг асосий қисми – ўқитувчига муносабат расво. Ўзбекистонда ўқитувчилар текин мардикорга айлантирилган: қишлоқларда далани чопиқ қилиш, намунали уйлар ҳашарида қатнашиш, кўча тозалаш, шаҳарларда аҳолидан коммунал тўловларни ундириш, ободонлаштириш ишлари, уйма-уй юриб, ҳокимиятнинг қандайдир топшириқларини бажариш ҳар қандай одамнинг тинкасини қуритади, ўз ишига нисбатан лоқайд ва бефарқ қилиб қўяди. Камига таълимга масъул икки вазирлик (Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим) ўқитувчиларга шунақа бемаъни талабларни қўядики, уларда дарсга тайёрланишга ҳам, ўтишга ҳам умуман вақт қолмайди. (2 ой олдин Kun.Uz сайтида чиққан «бир ўқитувчи ҳасрати»да йил давомида 34 хил дафтар-ҳисобот тўлдирилиши ҳақида айтилганди.)

Хуллас, ўқитувчиларга муносабатни ўзгартирмасак, яна қанчадир вақтдан кейин бугунги гапларни такрорлаб юрган бўламиз.

Дарвоқе, Япония ҳақида! Қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмайман, лекин бу давлатдаги таълим муваффақиятининг сабаби ҳақида сўралганида «Биз ўқитувчига император каби дахлсизлик, вазир каби ойлик бердик», деб жавоб беришган экан.
tafsilot.uz сайтидан олинди

Биринчи изоҳ

  1. Ассалому алайкум.Мен ҳам ўрта мактабда ишлайман. Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида 5 йилдан бери фаолият юритаман. Бизнинг лавозим доирасида туман халқ таълими бўлимига топширадиган ҳужжатларимизни санаб адоғига ета олмаймиз. Ойнинг ҳар 15 кунида, ҳар ойлик, 3 ойлик, кварталлик, 6 ойлик, 9 ойлик ва йиллик ҳисоботларни топширишимиз шарт, яна ҳукумат турли Қарорлари (улар 20 дан ортиқ) бўйича ҳисоботларни ўз вақтида 2 нусхадан топширамиз, 30 талик жадвалимиз бор, ҳар ойда бир хил нарсани қайта-қайта сўрашади.мана шунақа қоғозбозликдан зерикиб кетдик! Дарс ўтишга эса вақт қолмайди, бизнинг қишлоқ туман марказидан 45 км узоқликда жойлашган, хафтанинг 3-4 куни туман марказида ўтиб кетад, кунимиз ҳисобот ва ахборотлар топшириш билан ўтиб кетади. Мана шунақа ишлардан кейин маорифда қанақа ҳам ўсиш бўларди!?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.