АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ ЎГИТЛАР

09

Одамгарчилиги бор мард киши ўзидан ва ўзиники эканлигига ҳеч ким тортишиб ўтирмайдиган нарсадан бошқасига эгалик қилмайди.

*  *  *

Неъматнинг қадри у йўқолгандагина билинади.

*  *  *

Одамларнинг тубан даражалиси ҳам ўзидан тубанроқ бўлган бировга эгалик ва раислик қилишдан холи эмас.

*  *  *

Ҳар бир янги нарсада лаззат бор.

*  *  *

Бугуннинг чорасини кўриб, эртага эҳтиёжи қолмаган киши ақллидир.

*  *  *

Асаларилар ҳам ўз жинсидан бўлатуриб ишламай, уядаги асални бекорга еб ётадиганларини ўлдириб ташлайдилар.

*  *  *

Миннат қилиш берилган эҳсонни йўққа чиқаради.

*  *  *

Иккала даъвогар рози бўлишибди-ю, қози рози бўлмабди.

*  *  *

Ҳар бир кун учун ҳақ ва ҳақиқат ҳозир нарса.

*  *  *

Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.

*  *  *

Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди.

*  *  *

Бузуқ ниятли ва ёмон ахлоқли кишилар ўртага кириб олиши билан иш тўғри бўлмайди.

*  *  *

Ўз истагига эришишга тақдир ёрдам бермаган кишига маломат қилинмайди.

*  *  *

Одамлар ёқтирган кишилари тарафини олиб, ёмон кўрган кишиларини таъна қилишади.

*  *  *

Комил нарса ортиқчаликни ҳам, камчиликни ҳам қабул этмайди.

*  *  *

Ёлғончиликдан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа одам у ёқда турсин, ёлғончининг ўзи ҳам севиб мақтайди.

*  *  *

Кўз билан кўрган эшитгандан афзалроқдир.

*  *  *

Тилларнинг турлича бўлишига сабаб — одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида бир-бирига эҳтиёж туғилишидир.

*  *  *

Ҳайвонларнинг табиатларида кушандаларидан нафратланиш, душмандан ўзини қўриқлаш бор.

*  *  *

Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва кудуратли қилиб юборади.

*  *  *

Ҳаддан ортиқ ғазаб ваҳшийлик келтиради ва бевақт қилинган лутф обрўни кетказади

Абу Райҳон Беруний Беруний 973 йил 4 сентябрда Хоразмнинг Қиёт (Кат) шаҳрида дунёга келган. Дастлабки таълимни она шаҳрида олган, машҳур олим Абу Наср ибн Али Ироқдан илми нужум, риёзат каби фанлардан дарс олади. У 17 ёшида илк астрономик кузатишларни ўтказади. У 150 дан ортиқ илмий асарлар ёзади. Буюк бобокалонимиз 1048 йил 13 декабрда Ғазнада вафот этган. «Берун» ёки «Бирун» сўзи «ташқари» деган маънони англатади.
Маълумотларда ёзилишича унинг 152 та китобининг номи наълум. Бизгача улардан 27 тасигина етиб келган. Унинг бир қанча китоби табииёт илмига бағишланган. Бу соҳанинг ривожланишида Берунийнинг табииёт ва табиат ҳодисаларини ўрганиш усуллари , ҳаракат, товуш, иссиқлик,ёруғлик, электр, магнетизм, атмосферадаги ҳодисалар, модда тузилиши ҳақидаги ижодий ишлари катта аҳамиятга эга бўлади.
Берунийнинг ўша даврда яратган кашфиётларидан бири — глобус ихтиро этганлигидир. У Қуёш атрофида сайёралар айланишини, Ер эса ана шу сайёралардан бири эканлигини айтади.
Асарлари: «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» (тақвим ва йил ҳисоби, шунингдек, суғдийлар, қадимги хоразмликлар, форслар, юнонлар, яхудийлар, насронийлар ва мусулмонларнинг байрамлари, урф-одатлари тўғрисида маълумот берувчи асар), «Геодезия», «Қуёш ҳаракатини аниқлаш йўли», «Минералогия», «Сайдана», «Ҳиндистон» ва бошқ.

http://kh-davron.uz/ дан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *