Абитуриентнома

Абитуриент — абутирриқ,
Кўнгли нозик, таъби тирриқ.
Хаш-паш дедик—келди август,
Ёки Ерсан ёки Миррих…

Ўқибмидинг? Чикора тест,
Ечиб ташла, жигарин эз!
Қозондаги чўмичдадир,
Ўзингни бос, шубҳани кес!

“Танка”лардан «тўнка»лар кўп,
Тўғри, йўқмас “бункер”лар ҳам…
Бари сенинг рақибинг, лек
Сенда—билим, синглим, укам.

Заҳмат чекдинг, раҳмат топгин,
Юзинг ёруғ бўлсин энди.
Аллакимга ишонганлар
Бармоқ тишлаб қолсин энди!

Дунёи дун—кураш, асли,
Тушкунликка эгма бўйин.
Сендан мудом олис бўлсин
Ғирром синов, ғирром ўйин.

Бу кун ҳали тарих бўлар,
Қилиб чиққин ишларни беш.
Толиб бўлсанг, бу ёғига
Хайр, орзу—салом, ташвиш!

Муслим Мирзажонов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *