Абдулла Қаҳҳор. Тўйлар муборак… ( Буюк адибимизнинг ушбу мақоласи 53 йил аввал ёзилганига қарамай ҳамон долзарблигини йўқотмаган)

Тўй абадий ҳаёт тантанасидир. Тўйда икки ёш аҳд-паймон қилиб, бир-бирига қўл беради, мурод-мақсадига етадигина эмас, ўтган аждодимиз билан келажак авлодимизни бир-бирига боғлайдиган олтин ҳалқа, гўзал ва хушахлоқ кишиларни етиштирадиган тарбия ўчоғи вужудга келади. Шунинг учун тўй ниҳоятда улуғвор, ниҳоятда гўзал маросим бўлиши керак.

Ҳозир шаҳар ва қишлоқларимизда бўлаётган тўйларга разм солсангиз, ёш-қари ҳамма шунга интилаётганини пайқайсиз, лекин кўп одамлар улуғворликка тўйни чексиз-чегарасиз катта қилиш — гўзалликка «бир умр йиққанини тўкиб ташлаш» билан эришмоқчи бўлади.

Менимча, тўйни катта қилишга уриниш қадимги бойларга кўр-кўрона эргашишдир.

Қадимги бойлар тўйни мумкин қадар катта қилишар эди. Лекин бойнинг тўйни катта қилишдан, бир ҳафта, ўн кун ва ҳатто бир ой тўй беришдан мақсади, шубҳасиз, текин томоқ улашиш эмас, обрў орттириш, чунки пул сочиб орттирадиган обрўдан яна пул ясаш мумкин эди. Модомики, шундоқ экан, ҳозирги замонда пул сочишнинг маъноси борми? Бу замонда обрўнинг бирдан-бир манбаи — меҳнат, обрў эса пул ясаш қуроли эмас, халқнинг ҳурматига сазовор бўлишдир. Демак, обрўни пул сочиб топиш мумкин эмас, бунга уриниш, халқнинг ўринли шубҳа ва нафратини қўзғотади, холос.

Тўйни қимматга туширадиган расмлардан бири, унинг икки жойда — ҳам куёвнинг, ҳам келиннинг уйида бўлиши, ҳар иккала тўйнинг яна «тўйча»ларга бўлинишидир. Ҳар иккала қуда ҳам «орзу-ҳавас кўриш», «қудадан кам эмаслигини» кўрсатиш, фалончини қойил қолдириш, аллакимлардан ўч олиш ва ҳоказо, дея бор-йўғини тўкади, бундан ташқари боласини қарздор-абгор қилади. Кўпгина ёшлар «ота-она розилиги» деб, ўзлари истамаган ҳолда, шу ишларнинг бошида туришади. Ҳолбуки, «ота-она розилиги»да ҳам розилик бор, буларнинг тўғри келадиганига кўниб, бидъатларига қарши бош кўтариш зарур. Жуда кўп эски урф-одатлардан ҳозир ота-оналар, қарияларнинг ўзлари ҳам жирканишади, чунончи: қалин деб қизни савдога қўйиш, келинни гулхан атрофидан айлантириш, чимилдиқ (гўшанга) ва унинг ташқарисида-ю, ичкарисида бўладиган шарманда урф-одатларга ҳозир қайси бир ота-она, қайси бир қария рози бўлади?

Ўғлининг тўйига етти ярим минг сўм сарф қилган 69 яшар бир чолни кўрдим. Чол тўйга атаб ёстиққа пул тиқиб юрган экан, тўйга яқин ўғлининг қўлидаги пулларни ҳам қоқиштириб олипти, 200 кило гуруч дамлаш билан тўйни бошлаб юборипти. Қуда томон ҳам, албатта «бир чол»дан қолишмасликка ҳаракат қилганлиги турган гап. Тўй ўтган ҳовлини, янги оиланинг рўзғорини кўрдим. Солинаётган икки уй, бир даҳлизнинг усти ёпилмай қолипти. Чол-кампир ўзлари турган уйни ёшларга бўшатиб бериб, ҳозиргача токнинг тагида ётиб юришар экан.

Янги оилани мана шунақа ортиқча чиқимдор қилмаслик, тўйда исрофгарчилик бўлмаслиги учун тўй ё қизнинг, ё куёвнинг уйида, ё бўлмаса клубдами, бирон боғдами, ёки Москвадаги сингари, махсус тўйхонадами ўтказилса, нима қилар экан? Хизмат қилишни кўнглига тугиб юрган қавм-қариндошлар, ёр-ошналар шу ерда хизмат қилишсин. Ҳар иккала томондан айтилган одамлар табрик ва совға-салом билан шу ерга келишсин. (Ўрни келганда шуни айтиб қўяйлик: тўйда ҳол-бақудрат тўёна билан келиш яхши, бу нарсалар келин билан куёвга тўйни, жамоатчиликни узоқ вақт эслатиб туради, лекин дастурхон кўтариб келиб дастурхон олиб кетишдек чириб кетган одатга барҳам бериш керак.)

Одамлар йиғилгандан кейин тўйбоши ҳаммани столга таклиф қилсин. Келин билан куёв, қудалар бошқа яқин кишилар билан тўрдан жой олишсин. Тўй маросимини йигит билан қизнинг (қудаларнинг эмас) салмоғига қараб маҳаллий ҳукумат бошлиғи, ўринбосари, масъул ходимлардан бири очсин. Шундан кейин музика садоси остида ЗАГС мудири никоҳни қайд этсин. Қайд давомида келин билан куёв гулларга, ранг-баранг қоғоз лента ва пистонларга кўмиб ташлансин, мушакбозлик бўлсин, келин билан куёвнинг оти ёзилган «фонус» ўчирилсин. Маросим тугагандан кейин ёшлар ёр-ёр айтиб келин билан куёвни кузатиб қўйишсин.

Яхши ўтган тўй ҳақида маҳаллий газеталар ахборот, қолаверса, таассуротлар, лавҳалар берсин.

Тўй мана шундоқ улуғланса тўй эгалари мансуб бўлган коллектив ва бутун жамоатчилик диққат марказига қўйилса, йигит билан қиз шундоқ тўйга муносиб бўлишга ҳаракат қилади, тўй уларнинг дилида ва онгида чуқур из қолдириб, оиланинг мустаҳкам бўлишига сабаб бўлади.

Бу бировнинг хаёли эмас, балки ҳаётнинг талабидир, чунки кўп жойларда шунга интилиш бор. Республика комсомол газетаси «Ёш ленинчи» очган мунозара, бошқа газеталарда тез-тез кўриниб қоладиган мақолалар, турли районларда қилинаётган тажрибалар шуни кўрсатади.

«Коммунист», «Колхоз ғалабаси» газеталари Андижон областининг Хартум, Тешиктош, Хўжаобод қишлоқларида бўлиб ўтган янгича тўйларни мақтаб, шулардан ўрнак олишга чақиради. Клубларда ўтган мазкур тўйлар фақат янги оила ва уларга яқин кишиларнинг тўйи эмас, тўй эгалари мансуб бўлган бутун коллективнинг ҳам тўйи бўлипти.

Бу таклифга кўпгина ота-оналар, айниқса, оналарнинг жавоби тайёр: «Вой, уйимдан илон чиқиптими, нега болагинамнинг тўйгинаси бошқа жойда бўлар экан!» дейишади. Майли, буларга ҳам сўз берайлик, булар ҳам ўз фикрларини газета саҳифаларида айтишсин. Турли мулоҳазалар билан буларга беихтиёр ён босадиган ёшларнинг ҳам сўзини эшитайлик. Лекин шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳеч бир эски урф-одат шовқинсиз, йиғисиз таслим бўлган эмас, ҳеч бир янгилик дафъатан қучоқ очиб қарши олингани йўқ. Паранжи ташлаш, саводсизликни битириш сингари тадбирлар жорий қилинган чоқларда ҳатто қон тўкилган эди.

Тўйни қимматга туширадиган, кўпинча унинг хунугини чиқарадиган бидъатлардан яна бири ичкиликдир. Мен шаҳарда ўтган бир қанча тўйларнинг сарф-харажатига сарҳисоб солдим. Бу тўйларда бўлган сарф-харажатларнинг 28—53 проценти ичкиликка кетади. Тўйни қимматга тушириши устига ичкиликнинг бошқа «фазилатлари» ҳам бор: биринчидан, ичкилик тўйни иккига бўлади, тўй эгаси қарияларга алоҳида жой қилишга мажбурият сезади, натижада қариялар «катта тўй»нинг ўйин-кулгисидан маҳрум бўлишади, баъзан тескариси бўлади — хусусан, қишлоқ жойларда тўй эгаси ичадиган одамларни «катта тўй»дан ажратиб, уларга алоҳида жой қилади, тўйга руҳ бериши, уни қизитиши мумкин бўлган одамлар шу тўпга кириб қолса, «катта тўй»дан файз кетади; иккинчидан, ичкилик бўлган тўйда, «Ёш ленинчи» айтгандай, албатта «ошга тушган пашшалар» бўлади; учинчидан, тўйда ичкилик пропаганда қилинади: тўй маросимини очган, ундан кейин ёшларга тилак тилаган энг ҳурматли қишилар қадаҳ кўтариб, теварак-атрофни мўр-малаҳдай босиб кетган томошабин болаларнинг кўз олдида ҳаммага ичиради, шу билан ичкиликка обрў туғдириб беради, болаларнинг кўзида ичкилик ичиш айб бўлмай қолади. Ҳолбуки, ҳукуматимиз, бутун жамоатчилик ичкиликка қарши чоралар кўраётипти: американкалар буткул йўқотилди, ўткир ичкиликлар ҳамма жойда сотила бермайди, ичкилик ишлаб чиқариш кўп ҳисса камайтирилди, ароқхўр милиция ва халқ дружиначиларининг даккисига, коллективларнинг таъна-дашномига йўлиқаётипти… Ичкилик ичишнинг айб ҳисобланмаслиги мана шу чора ва тадбирларнинг кучини кесади, ичкиликбозликка қарши курашга халал беради.

Ичкиликни тўйдан қувиб чиқариш тўғрисида ҳар хил одамлар билан фикр олишдим. Жиззахлик иккита колхоз раиси ифтихор билан: «Биз ичкиликни тўйга йўлатмаймиз», дейишди. Наманганнинг Шаҳанд қишлоғида тўйни ичкилик билан безаш умуман расм эмас экан. Шаҳарлик бир ўқитувчи: «Ичкилик тўйдагина эмас, умуман ҳаётимиздан қувиб чиқарилса, жуда олижаноб иш бўлар эди, чунки, ўғри мол ўғирласа, ичкилик жон ўғирлайди, жамият аъзосини сафдан чиқариб ташлайди», деди. Бу гапга сафдан чиқиб қолган пиянистагина эътироз билдириши мумкин.

Мен бу гапни тўй тараддудида юрган бир студентга ҳам айтиб кўрдим. Студент бу таклифни дарров рад қилди: «Тўй қизимайди, таъзияга ўхшаб қолади», деди. Бу хавф сиртдан қараганда асосли кўринса ҳам, аслида мутлақо асосиздир: биринчидан, ичкилик ичилгандагина қизийдиган, ичкиликсиз таъзияга ўхшайдиган тўй, тўй эмас; иккинчидан, ичкилик ҳозир ҳам баъзан таъзияга кириб қолаётипти, наҳотки ичкилик таъзияни қизитиш, таъзияни тўйга ўхшатиш учун ичилса! Мен ичкилик оралаган учта таъзияда бўлдим. Марҳумни қабрга қўйиб келган одамлар қадаҳларни тўлдириб, унинг саломатлигига-ку эмас, «ёрқин хотирасига» ичишмоқда эди. Шу таъзиялардан бирида биров ашула айтиб юборди. Ҳамма хижолат. Ҳушёр одамлар: «Марҳум шу ашулани яхши кўрар эди», деб одамларни хижолатдан чиқаришга ҳаракат қилишди.

Баъзан одамлар: «Тўйда ичкилик бўлсину меъёрида бўлсин», дейишади. Хўш, бу «меъёр»ни ким белгилаб беради? Таъзияда ашула айтиб юборган мастми ё ароқхўрни ўғридан баттар кўрадиган бояги ўқитувчими? Борди-ю, ўрта бир одам белгилайдиган бўлса, ўша миқдорда ичкилик столга қўйилгандан кейин чойнакларда «қўшимча» ичкилик келтирилмаслигига, вақт чоғликни фақат шишадан топадиган одамлар ўзи келтирган шишани столнинг тагида бўтатишмаслигига ким кафил бўлади?

Баъзилар тўйда шампанскийга йўл қўйилсин дейишади. Бу таклиф ҳам номаъқул, чунки биринчидан, шампанский бошқа ҳамма ичкиликлардан қимматга тушади; иккинчидан, шампанский катта ичкиликка йўл очиб беради, ичадиган одамлар куни бўйи ароқ ичишини хотинидан яшириш учун ҳар куни эрталаб унинг ўзидан бир рюмка ароқ сўраб оладиган ароқхўр қабилида иш кўраверади.

Наша чекиш айб, кўкнор ичиш уят. Нима учун ичкилик ичиш айб-уят эмас, нима учун тўйни айб-уятликда ҳар иккисидан ҳам қолишмайдиган ичкилик билан безаймиз? Наша бангиликка, кўкнор-кўкнорликка элтиб кишини одамгарчиликдан чиқаради, деймиз, нима учун пиянистани одам ҳисоблаймиз? Ичкиликнинг, масалан, кўкнордан нима афзаллиги бор? Кўкнори кўкнор ичиб ўғирликка тушгани, одам ўлдиргани маълум эмас, лекин пиянистанинг қилмаган жинояти йўқ-ку! Шуми ичкиликнинг бошқа бангилардан афзаллиги!

Ичкиликни ҳозирча ҳаётдан буткул қувиб чиқариш мумкин эмас, чунки ҳозирча халқ орасида ичувчилар бор экан, ичкилик тақиқ қилинган кундан бошлаб ичувчилар, айниқса, текинхўрлар уйида хум қайнайди. Лекин ичкиликни тўйларимиздан ҳайдаб чиқариш мумкин ва зарур.

Тўйни ичкиликсиз ҳам обод қилиш мумкин бўлган санъат ва ҳунарларимиз кўп: ашула, ялла, лапар, ҳажвий ашула ва ўйин, рақс, танца, қизиқчилик, аския, пайрав, «бўласизми», «ўхшатдим» чандиш, лақаб*, қофиябозлик), хилма-хил, ранг-баранг мушак (қамиш мушак, сим мушак, гардиш мушак, гулдаста мушак, чарх мушак, бақа мушак) ва ҳоказо…

Биз бу ерда тўйни улуғвор ва чиройли қилиб ўтказиш, уни ортиқча чиқимлардан бўшатиш тўғрисида гапирдик. Ортиқча чиқимлар фақат тўйдагина эмас, ундан олдин ва кейин ўтадиган турли «тўйчаларада ҳам бўлади. Биз бу тўғриларда ҳам фикр олишиб, янгича тўйнинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва гўзал шаклини топишимиз керак.

1963 йил

* «Совет кишиларига лақаб қўйиш мумкин эмас» деган даъво жаҳолатдан ва демогогиядан бошқа нарса эмас. Аскияда лақаб ки-шини ҳақорат қилмайди, балки сўз мусобақасида бир восита бў-лади, холос. Саҳнада ўғри, порахўр, айиқ, ит, эшак қиёфасида чи-қадиган артистлар ҳақорат остида қолди, деган гап кимнинг хаё-лига келиши мумкин?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *