Абдулла Орипов: «Икки оёғингга ишонгин кўпроқ.»

ПАҲЛАВОН МАҲМУД ҚАБРИ ҚОШИДА

Мадорсиз қўлимга қалам олганда
Ё узоқ йўлларда ҳориб-толганда,
Бир номард қошида ожиз қолганда
Паҳлавон Маҳмуддан сўрадим мадад.

Юлдузлар мисоли кулганда руҳим,
Бўронли ҳисларга тўлганда руҳим,
Баъзан шеър устида сўлганда руҳим,
Паҳлавон Маҳмуддан сўрадим мадад.

Куйладим, фазога нақлим етмади,
Ўйладим, дунёга ақлим етмади.
Қай ишга қўл урдим, шаҳдим етмади,
Паҳлавон Маҳмуддан сўрадим мадад.

Мен учун хилхона бўлганда олам,
Гумбазлар остидан чиқди бир алам:
— Ҳаётсан, бунчалар фарёд айлама,
Мен ўзим мададга зорман-ку, болам.

*********************************

ТИЛЛА БАЛИҚЧА

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.

Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

*************************************

МЕН АНГЛАБ ЕТГАН ФАЛСАФА

Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.

* * *

Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга заҳар, кимга қанд берган.
Эй, ғофил, саркаш деб, мени камситма,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган.

* * *

Дейдилар ит ҳурур — ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг.

******************************

САДО

– Узоқлардан келар бир садо,

Айтинг, нима қилайин, бобо?

– У Ватандан таралган овоз,

Йўлларига солгин пойандоз.

– Садо келди яна ногаҳон,

Нима қилай, айтинг, бобожон?

– Елкасида юк бор бир олам,

У халқингдир, мадад бер, болам.

********************************

ЛИФТ

Лифт одам ташийди қаватма-қават,

Юк вазни ортиқча бўлмасин фақат.

Дарҳол сезади у бунақа дамни,

Чиқариб юборар бирор одамни.

Эътироф этаман энди, на чора,

Мен тушиб қолганман ундан кўп бора.

Масал деб ўйлама бу гапни, ўртоқ,

Икки оёғингга ишонгин кўпроқ.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.