Абдулазиз Абдураҳмонов. Ахлоқий тарбия ва миллий қадриятларимиз (1990)

Миллатларнинг гуллаб-яшнаши ва ўзаро яқинлашиши, уларнинг қўшилиб, байналминаллашиб кетаётганлиги, иқтисодий, маданий, сиёсий ва ғоявий жиҳатдан манфаатлари бир бўлган совет халқининг вужудга келганлиги тўғрисидаги ҳавойи, пуч гапларни зўр бериб такрорлай бериш турғунлик йилларида одатга айланган эди. Аслида Совет Иттифоқидаги кўпгина миллатларнинг бой маданий меросидан фойдаланишда катта тўсиқлар, ғовлар юзага келтирилган бўлиб, бу ғовларни озгина бартараф этишга уриниш ҳам миллатчилик, миллий чекланганлик сифатида баҳоланар, миллий ўзига хосликни биринчи ўринга қўйиш байналминалликка ҳурматсизлик сифатида қораланар эди. Халқлар ва бутун-бутун миллатлар ўз ўтмиш маданиятининг қонуний вориси сифатида ундан фойдаланиш имкониятларидан кўп ҳолларда маҳрум қилинган бўлиб, ҳамма миллатлар деярли бир хил андозада, миллий ўзига хосликдан иложи борича узоқлаштирилган ҳолда тарбияланди ва ривожланди. Буни Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбек халқи тақдирида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, кейинги етмиш йил мобайнида бизда миллий маданиятнинг муҳим воситаси бўлган имло уч марта ўзгартирилди. Натижада халқимиз бой маданий меросини ўрганиш имкониятидан маҳрум бўлди. Мактабларда яқин вақтларгача ҳам халқимиз тарихи ўқитилмади. Бир қатор тарихий шахсларимиз фаолиятига нотўғри, бирёқлама баҳо бериб келинди. Бу, ҳеч сўзсиз, миллий маданиятимиз тараққиётига ва ёшларимизнинг ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатди. Ўйлаймизки, нисбатан анча узоқ давом этган бу нотўғри тенденция ҳозирги ошкоралик шароитида ўзининг муносиб баҳосини олганича йўқ.

Ўзбек миллий ахлоқий тарбияси маълум одоб ва эътиқод, ишонч ва меҳр-муҳаббатнинг мажмуаси бўлиб, киши ўзини қандай тута билишида намоён бўлади. Жумладан, илгари ёшлар мактабни тугатиш билан баробар бирор бир касбни (масалан, ўғил бола ота касбини, қиз бола она касбини ёки бошқа бир касбни) эгаллаш анъанаси бўлган. Бошқача айтганда, касб ўрганиш тарбиянинг узвий қисми ҳисобланган. Хўш, ҳозир қандай? Эндиликда ўрта мактабни тугатган ёшлар, агар бирор бир ўқув юртига кирмасалар, ҳеч нарсага яроқсиз бўлиб, ишсизлар сафини тўлдирадилар. Мактабларда ўқувчиларни касбларга қизиқтириш ғоят сустлиги натижасида улар ўрта мактабни битирганларидан кейин ҳам қайси касбни эгаллашларини билмай анча вақт иккиланиб юрадилар. Ёшларда ўқишга, касб ўрганишга қизиқишнинг юқори эмаслиги улардаги устозга нисбатан ҳурмат-эҳтиромни сусайтирди. Бу эса миллий анъаналиримизга зиддир. Бу ерда тарбиянинг ҳамма жиҳатларини изоҳлаш имконияти йўқ. Аммо ота-онага, устозга, эл-юртга, халққа бўлган ҳурмат миллий тарбиянинг ажралмас қисми бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Тарбияда муҳитнинг аҳамияти катта. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, биз баркамол инсонни вужудга келтиришимиз учун уни шунга мувофиқ келадиган муҳитда тарбиялашимиз керак. Яхши муҳитда яхши одам, ёмон муҳитда ёмон одам шаклланади. Бироқ буни мутлақ ҳақиқат ҳисоблаш ҳам қийин. Яхши муҳитда ўсаётган бола ота-она назоратидан четда қолса, ёмон одам бўлиб ўсиши ҳам мумкин.

Миллий тарбияда моддий ва маънавий асоснинг ўрни катта. Сабаби, моддий таъминланган оилалардаги фарзандлар кўп ҳолларда яхши таълим ва тарбия оладилар. Аммо ҳаётда бунинг акси ҳам бўлиб, моддий таъминланганлик болани ишёқмас, танбал қилиб қўйиши ҳам мумкин. Бунинг аксича, кам таъминланган оилаларнинг болалари меҳнатсевар, одобли ва хушфеъл бўлиши ҳам мумкин.

Кейинги 60-70 йил давомида мамлакатимизда барча халқлардаги миллий тарбия бир хил андоза — оврўпача педагогика асосида олиб борилди. Бу тарбия соҳасида ҳар бир миллатда асрлар мобайнида шаклланган анъаналардан маълум даражада воз кечишга, уларнинг унутиб юборишга олиб келди. Оврўпа педагогика фанида тарбияга хос кўпгина умуминсоний билимлар мужассамлашганлигини инкор этмаган. Ян Амос Коменский, Ушинский, Макаренколарнинг илмий меросига ҳеч бир эътирозимиз йўқлигини таъкидлаганимиз ҳолда, ҳар бир миллатда ҳам биздаги Беруний, Форобий, Имом Исмоил Бухорий, Ат-Термизий, Навоий, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори сингари маълум ва машҳур муаллимлари ҳам бўлганлигини унутмаслигимиз керак. Ёшларимиз узоқ муддат бу алломларнинг бой меросидан баҳраманд бўлмадилар.

Ёки бошқа бир анъанамизни олайлик. Халқимизнинг яхши одатларидан бири «гап» ейиш бўлиб, ёшлар юриш-туришни, муомалани ана шундай гап-гаштакларда, ўзига хос меҳмондорчилик (улфатчилик)ларда ўрганишган. Бу одатимиз қам унутилиб кетаёзди ёки моҳиятини ўзгартириб, ичкиликбозлик воситасига айланиб кетди.

Қадимдан миллий тарбия масканларидан бири бўлган, ўтмишда халқнинг ўзига хос клуби вазифасини ўтаган чойхоналарга ҳам турғунлик йиллари қаттиқ ҳужумлар бўлиб, маҳаллаларда уларни ёппасига ёпиб қўйиш ҳоллари юз берди. Гарчи кейинчалик бу жараён тўхтаган бўлса ҳам, лекин ҳали кўп чойхоналаримиз ўзининг асл миллий қиёфасига эга бўлганича йўқ. Сабаби, ҳозир чойхоналар кўпроқ моддий фойдани кўзлаб ташкил этилаяпти, унинг маънавий-тарбиявий аҳамияти эса эътиборга олинмаяпти.

Ресторан, қаҳвахона, бар, турли салонлар, айниқса видеосалонлардан миллий тарбия учун наф йўқ. Аксинча бу масканлар миллий тарбияга катта путур етказиб, ҳозирги ҳолатида инсонни бузуқликка, майпарастликка мойил қилиб қўяди.

Ўзбекистондаги барча ресторанларда фақат русча ва ажнабий халқларнинг куй ва қўшиқларини ижро қилиш ва айтиш одатга айланган. Уларда миллий куй ва қўшиқлар янграган дамлар жуда оз бўлади. Ресторанларнинг аксарият хизматчилари ҳам оврўпаликлардир. Шундай бўлгач бу масканларда миллий тарбия ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Октябрь инқилобига қадар ўзбек хотин-қизлари асосан уй юмушлари ва фарзандлар тарбияси билан банд бўлишган. Эҳтимол, бир жиҳатдан шунинг учундир, ёшларимиз орасида ўғри, каззоб кам бўлган, улар меҳнаткаш, ҳалол билан ҳаромнинг фарқига борадиган инсонлар бўлиб ўсишган. Инқилобдан кейин эса хотин-қизларни озод қилиш баҳонасида уларни «ижтимоий фойдали меҳнатга» жалб этиш ҳаракатини бошлаб юбордик. Хотинини ишлатмаган, жамоат ишларига жалб этмаган коммунистлар, раҳбар ходимларни ишдан олиш, фирқадан ўчириш ҳоллари ҳам рўй берди. Шундай қилиб «озод бўлган» хотин-қизларимиз елкасига илгаригидан икки баравар кўп вазифани юклаб қўйдик. Бу эса ёшлар тарбиясининг анча оқсаб қолишига олиб келди. Бошқача айтганда, биз фарзандлар тарбияси аёл кишининг энг муҳим ижтимоий бурчи эканлигини унутиб қўйдик.

Оила қуриш ва турмуш кечиришдаги миллий анъаналарнинг бузилиши натижасида ёшларимиз орасида миллатимизга хос бўлмаган салбий одатлар (майпарастлик, гиёҳвандлик, бузуқлик, оилага енгилтаклик билан муносабатда бўлиш) каби ҳоллар кучайди. Оилада аёл кишининг ҳам иқтисодий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан эркак билан тенглашуви умуман ижобий ҳодиса бўлди дейиш мумкин. Аммо тўла тенглик шароитида айрим аёллар ўз эрларини ҳурмат қилмай қўйганликлари ҳам ҳозир кўз ўнгимизда юз бериб турган ҳодисадир. Бу эса оилавий турмушнинг беқарорлигини, қўйди-чиқдини ва бунинг оқибати сифатида тирик етимларни кўпайтирди.

Яна бир ажойиб удумимиз — ўзбекнинг саломи тўғрисида икки оғиз гапириш жойиздир. Ўйлаб қаралса, ўзбекнинг «Ассалому алайкум» деган каломида бир олам маъно борлигини кўриш мумкин. Албатта, салом бериш ва меҳмондўстлик барча миллатларда ҳам озми-кўпми бор. Аммо танишга ҳам, нотанишга ҳам салом бериш, танишни ҳам, нотанишни ҳам ўрни келганда уйга таклиф этиб, бир пиёла чой, бошпана бериш фақат бизнинг миллатимизга хос бўлган гўзал одат эди, десак нотўғри гапирмаган бўламиз. Афсуски, турғунлик йилларида бир қатор бюрократ мансабдорлар халқимизнинг бу гўзал одатларини ўз ғаразли мақсадлари йўлида суиистеъмол қилдилар. Натижада халқимизга туҳмат, маломат тошлари отилди, иззат-нафси ерга урилди. Турғунлик йилларидаги саломларда ҳам, меҳмондорчиликларда ҳам майда мулкчилик психологияси — амалига, мавқеига, чўнтагидаги пулига қараб турлича салом бериш ва турлича меҳмондўстлик кўрсатиш ҳоллари пайдо бўлди. Бошқача айтганда, бу борада ҳам манфаатдорлик биринчи ўринга чиқиб қолди. Ҳозир бу ҳатто келин-куёв танлашларда ҳам ўз аксини топаяпти.

Таниш-нотанишга салом бериш, меҳмондўстлик кўрсатиш асли инсон қадр-қимматини юқори қўйиш натижасида келиб чиққан одатдир. Эндиликда шу гўзал одатларимиз ҳам дарз кетганлигини, минг тиллога арзигулик одам манфаатпарастлик оқибатида бир тийинга арзимас ҳолга тушиб қолаётганлигини кўриб энсанг қотади.

Бирор жойга бормоқчи бўлсангиз, тайёра ва поездга билет топа олмай қийналасиз. Аммо олибсотарга мурожаат қилсангиз, бир ярим-икки баравар қимматига топиб бераверади. Қандай бедодликки, пештоқига «меҳмонхона» деб ёзиб қўйилган бинолардан ўзга шаҳардан келган меҳмонга жой топилмаса. Меҳмон учун меҳмонхонада жой бўлмаслик — мантиқсизликдир. Агар бундай биноларда мунтазам жой йўқ бўлаверса, пештоқидаги ёзувни олиб ташлаш керак. Хўш, меҳмонхоналарда нега бундай ярамас ҳолат «сурункали» тус олиб кетган? Бизнингча бунинг битта сабаби меҳмонхона ходимларига улар одам қабул қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам маош тўланаверишидадир. Бошқача айтганда, улар меҳмонхонада ўринлар банд бўлишидан манфаатдор эмаслар. Натижада бор жойни ҳам йўқ деб, меҳмонлардан нимадир ундиришга одатланиб қолганлар. Бу таъмагирларни хурсанд қилишни билган одам истаган пайтида жой топиб кета олади.

Қисқаси, сталинизм ва унинг узлуксиз давоми бўлган турғунлик йилларида миллий урф-одатлар, анъаналарга путур етди. Масалан, халқимизга хос бўлган хушмуомалалик, андишалилик, болажонлик, каттани ҳурматлаш, кичикка мурувват кўрсатиш сингари одатларимизга, тўй-маъракаларимиздаги аслида инсон қадр-қимматини юқори тутиш натижасида келиб чиққан расм-русмларимизга назар-писанд қилмай қаралди. Уларни диний ёки ўтмиш сарқити, ҳатто феодал тузум белгилари деб эълон қилинди. Бу одатлар ўрнини кўплаб сунъий, турмушимиздан ҳамон кенг ўрин ололмаган янгича «урф-одатлар» — армияга кузатиш, ишчиликка, жамоа хўжалигига аъзо қилиш, паспорт топшириш, қизил тўйлар, комсомол тўйлари, ЗАГСда (никоҳ пайтида) фата кийиш каби кўр-кўрона тақлид оқибатида келиб чиққан одатлар эгаллади.

Ўзбекларда болаларни тарбиялашда дастурхон атрофи энг қулай жой саналган. Бу ерда катталар ёшларга панд-насиҳатлар қилиб, нима яхшию, нима ёмонлигини уқтириб боришган. Бундан ташқари бизда миллий тарбия асрлар мобайнида диний тарбияга қўшиб олиб борилганлиги ҳам сир эмас. Ота-она насиҳатини бажармаслик катта гуноҳ ҳисобланган, шунинг учун болалар нима қилиб бўлсада уни бажаришга интилганлар. Ёшлар оқар сувни булғамасликни, дарахт ўтқазишни, нон-ошни тўкмай, исроф қилмай ейишни, жониворларга озор бермасликни ота-оналаридан ўрганишган.

Тарбияда ота-онага муносабат алоҳида ўрин тутган. Масалан, отага тик боқма (у қиблагоҳ), охиратинг куйиб кетади; она волида, уни рози қилиш керак, деб уқтириб борилган.

Ҳозир эса ота-она ва болалар ўртасидаги «парда» анча кўтарилиб қолди. Уни бундан 60-70 йил аввалгисига қиёслаб бўлмайди. Ота-онасини фақат ундан моддий ва маънавий манфаат кўраётганликлари учун ҳурмат қиладиган ёшлар тобора кўпайиб бораяпти. Ота-онага юзсизлик қилиш, уларни хўрлаб, қаровсиз қолдириш бугунги кунимизнинг оддий ҳодисасига айланиб қолди.

Ислом динини танқид қиламиз деб у билан чирмашиб кетган умуминсоний қадриятларни ҳам, дин умуминсоний маданиятнинг таркибий қисми эканлигини ҳам рад қилдик. Турмушимизнинг барча соҳаларида русларга ва Оврўпа маданиятига кўр-кўрона тақлид бошланди. Бунинг оқибатида мамлакатдаги аксарият иттифоқдош жумҳуриятларда бўлганидек, бизда ҳам миллий ўзига хослигимиз жадаллик билан йўқола борди. Аҳвол шу даражага бордики, рус тилини билмаганларнинг энг кичик давлат идораларида ҳам ишлашлари қийин бўлиб қолди.

Турмушимизда миллий урф-одатлар, анъаналарнинг «чеккага» суриб қўйилишида урушдан кейин мамлакатда кенг миқёс олган ноўрин миграциянинг таъсири ҳам катта бўлди. Бу даврда Марказий Россияда юзлаб қишлоқлар одамсиз ҳувиллаб қолган бир шароитда русларнинг бошқа жумҳуриятлардаги саноат марказларига кўчиб бориб жойлашиши авж олди. Масалан, ҳозир рус миллатига мансуб бўлган ҳар 5 совет фуқаросидан биттаси Россия федерациясидан ташқарида яшайди. 1979 йилда иттифоқдош жумҳуриятлар аҳолиси таркибида яшовчи рус қардошларимиз қўйидагича фоизда бўлган: РСФСРда — 82,6, Украинада — 21,1, Белоруссияда — 11,9, Ўзбекистонда — 10,8, Қозоғистонда — 40,8, Грузияда — 7,4, Озарбойжонда — 27,9, Литвада — 8,9, Молдовияда — 14,2, Латвияда — 32,8, Қирғизистонда — 25,9, Тожикистонда —10,4, Арманистонда — 2,3, Туркманистонда — 12,6, Эстонияда — 27,9. Жумҳуриятларнинг бештасида (Украина, Эстония, Латвия, Қирғизистон ва Қозоғистонда) аҳоли таркибидаги русларнинг миқдори 21,1—40 фоизгачадир…

Ўзбекистон аҳолисининг сони 1926-1979 йилларда 3,5 миллиондан 10,6 миллион кишига, яъни тахминан 3 баравар кўпайди. Рус қардошларимиз эса Ўзбекистонда 1926 йилда 0,2 миллион бўлса, 1979 йилда 1,7 миллионни ташкил этиб, 8,5 марта кўпайди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон, Эстония жумҳуриятларининг шаҳар аҳолисига нисбатан таққослаганда русларнинг жойлашиши қуйидагичадир: «…Руслар 1970 йилда Қозоғистонда шаҳар аҳолисининг 54,4 фоизини, Қирғизистонда — 51,4 фоизини, Ўзбекистонда — 30,4 фоизини, Тожикистонда — 30 фоизини, Туркманистонда — 29 фоизини, Эстонияда — 33,9 фоизини ташкил этди. Мазкур жумҳуриятларда саноат корхоналари қурилдию, лекин миллий ишчи кадрлар тарбиялашга дуруст аҳамият берилмади»[1].

Биз мамлакатимиз халқларининг оға-ини бўлиб яшашига, байналминалликка қарши эмасмиз. Бағри кенг рус биродарларимизни чуқур ҳурмат қиламиз. Бироқ бошқа нарсани ҳам таъкидлаш керак. Етмиш йил байналминаллик ҳақида гапирдик. Аслида бу соҳада амалий ишдан қуруқ гап кўпроқ бўлди. Байналминалликка барча миллатларнинг моддий ва маънавий манфаатлари қўшилиб кетиши сифатида қаралмай, балки миллатларнинг бир-бирига қўшилиб, қоришиб, бир хиллашиб, келажакда миллат сифатида йўқолиб кетиши сифатида қаралди. Мана бу сиёсатнинг натижаси: «1926 йилдаги расмий маълумотларга қараганда, бизда 194 миллат бор деб ҳисобланган. 1979 йилга келиб эса 101 миллат қолди. Қолган 93 миллат қаёққа йўқолди? Улар бошқа миллатлар билан механик тарзда қўшилиб кетишди»[2].

Хулоса шуки, бугунги кунда миллий муносабатларда бўлаётган нохуш ҳолатларда қайта қуриш ташаббускорларининг мутлақо айби йўқ. Бу айрим кишилар ўйлаганидек марксча-ленинча назариянинг ҳам камчилиги бўлмай, аксинча бу назарияни қўпол равишда бузиш, материалистик диалектиканинг қонун ва категорияларини менсимаслик ва фикримизча, сиёсатни фалсафа ва иқтисодиётдан устун қўйиш, субъектив фикрлаш оқибатидир.

Шаклан миллий, мазмунан социалистик деган тезис ҳам ўша қатоғон йилларининг маҳсулидир. Материалистик диалектиканинг мазмун ва шакл категориясига таянган ҳолда шуни айтиш мумкинки, шакл ҳам, мазмун ҳам айнан бир нарсада бўлади. Мадомики шундай экан, миллий маданият шаклан миллий (яъни ўз маданиятида) бўлиб, унинг мазмуни бошқа байналминал миллатлар маданиятида (социалистик) бўлиши мумкин эмас. Яъни ўзбек миллий маданиятининг шакли ўзбекларда, Ўзбекистонда бўлиб, мазмуни Рязандаги русларда, Киевдаги украинларда, белорусларда ёки эстонларда бўлишини қандай тушуниш керак?

Мазмун ва шакл маконда ҳам, замонда ҳам бир-биридан ажралмаслиги туфайли ҳар бир миллий маданият шаклан ва мазмунан фақат шу миллатгагина хосдир. У шаклан ҳам, мазмунан ҳам миллийдир. Чунки бир миллатдаги шакл ва мазмун бошқа бир миллатда такрорланмайди. Бироқ барча миллатлар маданиятида ҳам умуминсоний томонлар борлиги туфайли у мазмунан эмас, балки ўзгариб турувчи моҳият жиҳатидан социалистик бўлиши мумкин.

Инқилобдан кейин рус халқи мамлакатимиздаги барча халқларга устозлик қилди. Лекин шогирд миллатларнинг ҳам маданият даражаси бир хил бўлмай, баъзилари анча ривожланган, баъзилари қолоқроқ эди. СССРдаги ўтмишда капитализмни четлаб ўтган кўпгина миллатлар (жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари) 70 йилдан ортиқроқ муддат давомида ҳам шогирдликдан чиқиб, устоз бўла олмадилар. Бошқача айтганда, миллатларнинг бир-биридан ўрганиши, бири бирини бойитиши бир томонлама бўлиб келди.

Бу сингари нуқсонлар айниқса миллий тарбия соҳасида яққол кўзга ташланади. Масалан, Ўрта Осиё халқларида бегона аёл у ёқда турсин, ҳатто ўз қонуний хотинини ҳам кўпчилик олдида ўпиш ахлоқсизлик, андишасизлик саналади. Лекин кейинги йилларда мана шу нобоп одат комсомол тўйлари орқали бизнинг халқимиз орасига ҳам «ўрмалаб» кириб кела бошлади.

Ёки Оврўпага кўр-кўрона тақлидчилик орқали 1989 йилда Ўзбекистонда ҳам ўтказилган «Гўзаллик конкурси»ни олиб кўрайлик. Бу конкурсдаги энг асосий нуқсон шундаки, унда миллий маданият ва тарбияга хос «мезон» — ўлчов тушиб қолган ва қўпол равишда бузилган. Материалистик диалектика таълим бериб ўргатадики, нарса ва ҳодисаларга, одамларга баҳо беришда уларнинг ташқи кўринишига, шаклига ёки юзада кўриниб турган ҳодисага қараб эмас, балки ички мазмунга, моҳиятга қараб баҳо бериш зарурдир. Ҳодиса ташқарида яшайди, кўриниб туради, моҳият эса яширинган бўлади. Ҳодисага, шаклга ишониб иш кўриш назарияда қўпол чалкашликларга олиб келади.

Ташқи гўзаллик бу — шаклдир, ҳодисадир. Ички гўзаллик эса мазмундир, моҳиятдир. Табиат ва жамиятда, инсон тафаккурида ва бутун жабҳада мазмун шаклни, моҳият эса ҳодисани белгилашлигини унутмаслик керак. Мазмун ва моҳият шакл ва ҳодисани белгилайди. Албатта, шаклни мазмундан ажратиб, уни аҳамиятсиз нарса дейиш мумкин эмас. Бироқ мазмун бирламчи ва белгиловчи, шакл эса ҳамма вақт иккиламчидир.

Шарқ халқлари тушунчаси бўйича ҳуснини бозорга солиш, ўзини кўз-кўз қилиш одобсизлик саналади, оқ билак таннозлар, ойна олдида соатлаб ўтириб пардоз-андоз қилувчи, ўзига оро берувчи аёлларни халқ ҳурмат қилмаган. Шарқ халқларининг тушунчаси бўйича ҳақиқий гўзаллик меҳнатда, ширинсуханликда, ички, кенг маънавий бойликда, одобли ва ахлоқли бўлишдадир.

Албатта, миллий маданиятни ва тарбияни мутлақо ўзгармай турадиган нарса деб тушуниш ярамайди. Макон ва замондаги барча ўзгаришлар тарбияга, умуман маданиятга ҳам тааллуқлидир. Аммо бунда миллий ўлчовни унутмаслик керак…

Шундай қилиб миллатлараро муносабатлардаги ҳозирги муаммолар ҳақиқий ижтимоий жараёнларга тўғри баҳо бермаслик билан боғлиқ. КПСС Марказий Комитетининг сентябрь (1989 й.) Пленумида миллий масалага бағишлаб қабул қилинган ҳаракат дастурида бу ҳақда шундай дейилган: «Миллий ўзига хосликка бепарволик, кўпгина ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилмаганлиги миллий онгда оғир акс этди, ранж-алам туйғуларини келтириб чиқарди, бундан кўпинча вазиятни кескинлаштириш учун фойдаланилди, миллий экстремизм учун ҳаётбахш муҳит вужудга келди. Буларнинг ҳаммаси мамлакатнинг бир қанча минтақаларида миллий муаммоларни кескинлаштириб юборди, бу соҳада тўпланиб қолган зиддиятлар бошланган қайта қуриш жараёнини чигаллаштирди».

Миллий жумҳуриятлар ташкил этиш баҳонасида Ўрта Осиё халқларини бўлакларга ажратиб юбориб, аслида илгариги ягона Ўрта Осиёнинг бир бутунлигига рахна солинди. Бу эса бугунги кунда келиб Ўш, Фарғона воқеалари сингари нохуш ҳодисаларнинг пайдо бўлиш сабабларидан биридир.

Қайта қуриш барча миллатлар маданиятидаги оёқ-ости қилинган қадриятлар, урф-одатлар, анъаналарни қайта тиклашга йўл очди. Эндиликда бу имкониятлардан қай даражада самарали фойдаланиш ҳар бир миллатнинг уқуви ва идрокига, ҳиссиётларга ортиқча берилмай, амалий тадбирлар белгилай билишига боғлиқ.

Ҳар бир халқнинг ривожланишида фаннинг роли алоҳида аҳамиятга эгадир. Фаннинг келажаги эса ёш авлоднинг қандай тарбияланишига ва қандай ўқитилишига боғлиқ. Бунда биринчи навбатда мактаб ишида илгари йўл қўйилган хатоларни тузатишга асосий эътиборни қаратиш керак.

Эски ёзувда битилган тарихимизни, ёзма меросимизни қийналмай ўқийдиган ёшларимиз қанча кўп бўлса шунча яхши.

Албатта, кейинги 70 йил мобайнида тарбия соҳасида йўл қўйилган хато ва камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш қийин. Аммо бу хато ва камчиликларни тузатиш учун ҳозирдан ғайрат билан киришиш муҳимдир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 12-сон

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *