АҚШ президентлик сайловларида кимнинг ғалабаси Ўзбекистон учун истиқболли бўлиши мумкин?

Куни кеча Вашингтонда ўтказилган америка-ўзбек савдо палатаси форумида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс: “Ўзбекистоннинг ЕОИИга интилиши мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни қийинлаштириши мумкин”, деб айтиб ўтди. Келинг, бугун ушбу гапларнинг илдизи қаердалиги, АҚШдаги президент сайловларида қайси партия номзодларининг иқтисодий стратегияси қандайлигини ва сайловларда ким ғалаба қозонса, иқтисодий жиҳатдан бизга фойдали бўлиши мумкинлигини кўриб чиқсак.

Танганинг бир хил икки тарафи

Агар 2020 йил ноябр ойида америкаликлар Қўшма Штатларнинг навбатдаги президенти сифатида Демократлар кўрсатган номзодини танласалар (бундай имконият эҳтимоли мавжуд), шубҳасиз, уларнинг тижорат сиёсати бутун дунёнинг диққат марказида бўлади.

Савдо ва тарифлар Трамп маъмуриятининг сўзсиз қаҳрамонлари эди ва келгуси йилда ҳам, шубҳасиз, шундай бўлиб қолади. Сўнгги янгиликлар Вашингтон ва Пекин ўртасида 15 ойлик “борди-келди”дан сўнг тузилган вақтинчалик келишув ҳақида янграмоқда. Брюссел эса Airbus компаниясининг иттифоқ томонидан субсидиялаш бўйича қароридан сўнг (Airbus АҚШнинг Boing компаниясининг энг йирик рақобатчиси, гап нимадалигини сезяпсиз-а?) АҚШ томонидан Европа Иттифоқи маҳсулотларига 7,5 миллиард доллар миқдоридаги тарифларни (асосан, пишлоқ ва испан зайтун мойи учун) қабул қилиб олди.

Трамп ҳар доим миллий хавфсизлик учун эркин савдо тамойилларини хавф остига қўйишга тайёрлигини намойиш этган, 2016 йилгача демократлар сафида бўлган Уилбор Росс ҳам хозирда Трамп жамоасида ва Республикачилар партиясида, шу сабаб унинг юқоридаги гапларидан ажабланишнинг кераги йўқ. Демократларнинг эса эркин савдода ҳозирги маъмуриятдан кўра кўпроқ тажовузкор бўлган вақтлари ҳам бўлган.

Демократик партияда глобалист президентлар ва маҳаллий қонун чиқарувчилар ўртасида бўлиниш мавжуд: уларнинг орасида Билл Клинтон ва Барак Обаманинг либерал сиёсатини қўллаб-қувватлаганлар ҳам, ишчиларни глобаллашувнинг фойдасиз томонларидан ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қилиш кераклиги ҳақида фикр юритганлар ҳам бор. Энг кескин танқид қилинган савдо битимлари аввал Клинтон маъмурияти томонидан рад этилган, сўнгра Обама маъмурияти томонидан. Эркинлаштириш тарафдори бўлганлар эса Хитойни ЖСТга олиб киришди ва Жорж Буш музокараларда илгари сурган Шимолий Америка эркин савдо битимини якунладилар.

Бу бўлиниш давом этаётган бир пайтда, демократларнинг Конгрессдаги эркин савдо ҳимоячилари қаноти яқинда сезиларли даражада пасайган. Аслида, Трамп Оқ уйга келишидан олдин, Демократик конгрессменлар Хитойни тижорат тажовузкорлигида, Америка саноатига зарар етказганлик, ўз валютаси орқали манипуляция қилган ҳолда улкан савдо танқислигини келтириб чиқаришда айблаган эди. Кейин Трамп улар ҳимоя қилган сиёсатни қўллаб-қувватлаган холда ўтган асрнинг 80-йилларидан бери эркин бозор билан мустаҳкам боғлиқ бўлган республикачилар оқимидан узоқлашди. Доналд Трамп энг илғор демократларнинг ғояларини ишлатган ҳолда Хитойни «валюта манипулятори», деб тан олди, тарифлар билан таҳдид қилди ва Шимолий Америка эркин савдо битимини қайта кўриб чиқди.

Демократларнинг сиёсати келгуси президент сайловлари тўғрилаши керак бўлган нормадан четга чиқишни кўрсатадими ёки йўқлигини ҳали ҳам билмаймиз. Аммо ҳамма нарса шундан далолат берадики, АҚШнинг халқаро савдо тизимидаги лидерлик келажаги кейинги демократ номзодни танлашга боғлиқ бўлиши мумкин.

Демократик номзодлар

Трампнинг савдо сиёсати демократларни мураккаб вазиятга солиб қўйди: партиядаги мавқеини ва ишчиларнинг анъанавий мудофаасини бузмасдан, қандай қилиб президентдан ажралиб туриш мумкин?

Агар кимдир демократлардан Трампнинг савдо сиёсатига қарши аниқ режани тақдим этишини кутган бўлса, улар буни қилмади. Барча номзодлар президентнинг Твиттер дипломатияси ва шафқатсиз услубига қарши, аммо улар эркин савдони очиқчасига ҳимоя қилмайди ёки жиддий ўзгаришларни таклиф қилмайди. Нима қилиш кераклиги ҳақидаги хабарлар баъзида номувофиқ бўлиб, протекционизмнинг салбий оқибатларини бошдан кечирганларга етарли жавоб бермайди.

Фақат иккита номзод — Элизабет Уоррен ва Бето О’Роурк савдо сиёсати бўйича ўз режаларини тақдим этишди.

Элизабет Уоррен ўз режаларини Трамп эслаган “Адолатли савдо” номи остида ёзган. Бу бошқа мамлакатларнинг савдо тўсиқларини камайтиришга мажбур қилиш демакдир, чунки улар АҚШ бозорига киришни йўқотишни хоҳламайди. Уоррен, шунингдек, АҚШ бозори дунёдаги энг жозибадор бозор эканлигини таъкидлайди, аммо у ўз иқтисодиётининг кучини бошқа давлатларнинг ўз сиёсатларини ўзгартиришга мажбурлаш учун ишлатишга тайёр. Шундай қилиб, у АҚШ билан савдо-сотиқ қилиш учун бошқа давлатлар учун амал қилиниши керак бўлган шартлар рўйхатини тузди: диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Париждаги иқлим келишувини қўллаб-қувватлаш, коррупцияга қарши кураш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш билан курашиш, меҳнат ҳуқуқлари ва жинсий одам савдосига қарши кураш. У мавжуд бўлган барча келишувларни ушбу мезонларга мувофиқ равишда қайта кўриб чиқади.

Уоррен худди шу сиёсий спектрда бўлган Берни Сандерсга қараганда мафкуравий жиҳатдан кўпроқ амбицияларга эга. Сенатор америкалик ишчилар синфини ҳимоя қилиш учун Хитой, Россия, Жанубий Корея ва Въетнам каби давлатларга тарифлар ўрнатилишини қўллаб-қувватлайдиган ишончли протекционист. Шунинг учун уларнинг иккаласи ҳам протекционистик сиёсат ҳақида тасаввур қилишдан қўрқмайди.

Шу қаторда, Бето О’Рурк Трамп маъмуриятининг тарифларини зудлик билан тўхтатиб қўйишни ва учинчи давлатлар билан савдо шартномаларини яхшилашни талаб қилади. Гарчи у низоларни ҳал қилишда иттифоқчилар ва ЖСТ билан ҳамкорлик қилишни талаб қилса-да, Хитойга нисбатан қаттиққўл бўлишга ҳаракат қилади. Жо Байден ҳам мўътадил позицияда турибди, Барак Обама билан бирга бўлган собиқ вице-президент Шимолий Америка Эркин Савдо Зонаси (ШАЭСЗ) учун овоз берган ва Хитой билан савдо алоқаларини қўллаб-қувватлаган. Энди эса бу ўз баҳс-мунозараларида шубҳаланаётган ва «масъулиятсиз тариф уруши»га ҳужум қилгандай туюлади, аммо кейин Хитой билан қаттиққўл бўлиш керак деган риторикани олға сура бошлайди. Қолган номзодларнинг хозирча аниқ режалар йўқ.

Сайловчилар

Америкаликлар эркин савдони ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватламоқда. Чикаго кенгашининг фикрига кўра, сайловчиларнинг 87% буни иқтисод учун ва 85% истеъмолчилар учун фойдали деб билади.

Pеw тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўровлар шуни тасдиқладики, агар икки йил олдин америкаликларнинг 50 фоизи эркин савдо мамлакат учун яхши деб ўйлаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 65 фоизга кўтарилди. Айнан демократик сайловчилар 1990 йиллардаги эркин савдога нисбатан душманлигидан воз кечиб, икки йил олдин 73 фоизга кўпайган. Худди шундай, Hill-HarrisX сўровига кўра, демократларнинг 58 фоизи Трампнинг Хитой билан музокаралари иш жойлари ва иқтисодий имкониятларни камайишига олиб келади, деб ҳисоблашади.

Шу билан бирга, республикачиларнинг 74 фоизи Хитой импортига қарши тарифларни жорий этиш тарафдори, демократик кўпчилик қарши (66%) ва мустақил бўлганлар деярли 50% га бўлинади. Шу сабабли америкаликлар орасида тарифлар нуқтаи назаридан эмас, балки эркин савдонинг фойдалари бўйича келишувга эришилганга ўхшайди.

Муаммолардан қочиш — бу ечим эмас ва эркин савдони ҳимоя қилиш позицияси демократ номзодлар учун ғалаба келтириши мумкин. Агар Трамп ирқий хафагарчилик ва иқтисодий миллатчиликни уйғунлаштирган оқ ишчи синфининг норозилигини кўра олган бўлса, демократлар, америкаликлар ва, хусусан, демократик базалар ўртасидаги (жумладан, Ўзбекистон билан ҳам) эркин савдони қўллаб-қувватлашини унутмасликлари керак. Чунки бу мафкурадан кўра кўпроқ авлод масаласига айлангани эҳтимолдан йироқ эмас.

Бу партия 2016 йилдан бошлаб сўл қанотга силжий бошлаганини сезиш мумкин, либерал таянч ва ёшлар – тобора ўзларини дунё фуқаролари сифатида тан олишмоқда. Улар глобаллашувнинг яхши томонларини севишади: катта спорт мусобақалари, дунёнинг ҳар қандай бурчагидан озиқ-овқат ва мусиқа, инсон ҳуқуқлари ва табиат офатларидан ташвишланади, глобал демократияни қўллаб-қувватлайди ва савдо-сотиқнинг миллий ечими йўқлигига ишонади.

Ўзбекистон учун маъқул номзод ким?

Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, нима учун бирор бир демократ номзод АҚШда эркин савдони яққол ҳимоя қилмайди? Чунки АҚШ ҳар доим миллий хавфсизлик учун эркин савдо тамойилларини хавф остига қўйишга тайёрлигини кўрсатиб келган. Ўзбекистоннинг истиқболда Россия бошчилигидаги ЕОИИга аъзо бўлиши ҳам биринчи навбатда АҚШ учун иқтисодий тизимдан кўра сиёсий тизим асосига эга, деб қаралиш эҳтимоли бор. Номзодларнинг иқтисодий режаларига қарайдиган бўлсак, Доналд Трамп ўз агрессив иқтисодий риторикасида давом этиши кундай равшан. Агарда Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўладиган бўлса, нафақат ЖСТга аъзо бўлиш қийинлашиши, балки АҚШ томонидан “тарифлар” каби иқтисодий босимлар остида қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон АҚШга экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга ошириш бўйича таклиф билан чиқди, лекин Доналд Трамп администрацияси даврида бу лойиҳа амалга ошиши мумкинлигига шахсан мен мутахассис сифатида ишонмайман. Шундай вазиятда демократларнинг ёш вакили (47 ёш) Бето О’Рурк бизнинг АҚШ билан савдо алоқаларимиз учун яхши номзод бўлиб кўринади. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ЕОИИга аъзо бўлишидан олдинроқ юз беришига ҳаракат қилиш лозим. Бунда прагматик сиёсат асосий таянчимиз бўлиши керак. Чунки АҚШда қайси партиядан президент сайланишидан қатъий назар, унинг сайлов олди ваъдалари вазиятга қараб ўзгариб кетиши хеч гап эмас…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.