“Ақлли” ҳисоблагичлар ва ноҳалол электчилар

Шу йил март ойининг охирларидан бошлаб, электрчилар уйма-уй, квартирама-квартира юриб, туппа-тузук ишлаб турган электрон ҳисоблагичларни (масалан, ЕХ18 русумли) янги ҳисоблагичларга алмаштиришга киришдилар. Бу ҳисоблагични электрчиларнинг ўзи “ақлли” деб атадилар, чунки у жуда аниқ ишлармиш ва уни алдаб бўлмасмиш. Улар шунчалик ихлос билан алмаштирдилар-ки, ҳатто ҳеч қанақа хизмат ҳақи талаб қилмадилар, фақат “ўрнига – ўрин” деб, ечиб олинган ҳисоблагични ўзлари билан олиб кетдилар.
Янги ҳисоблагичнинг “ҳунарлари” аста-секин билина бошлади. Аввалига, баъзи хонадонларда унинг митти қизил чироғи ёниб тураверди. Аҳоли бунинг нималигини қаердан ҳам билсин! Ҳисоблагич эса, шу митти қизил чироқ учун ҳам пул ёзар экан. Бундан шубҳаланиб, электр тармоғи идорасига борсак, у қизил чироқни йўқотиш керак, бўлмаса ёзадиган пули кўпаяди, деб тушунтиришди. Бу чироқнинг ёнишига сабаб “нўл” деб аталган сим нотўғри уланиб қолиши экан. “Ҳа, ўзинглар улаб бергансизлар-ку! Энди тузатиб беринглар” десак, электр тармоғининг масъул ходими (Юнусобод тумани, Баҳромов Жаҳонгир): Ҳисоблагични биз алмаштирмаганмиз, махсус бригада келиб алмаштирган, деди. “Энди, нима қилдик?” деган саволга: ТЧСЖга мурожаат қилинг, тузатиб берсин, деди масъул ҳодим. ТЧСЖ эса “Биз янги ҳисоблагичга қўл теккизишга қўрқамиз” дейишдан нари ўтмади. Хуллас, четдан бир электрчини ёллаб, митти “жаллод”ни йўқотдик.
Энди, “ақлли” ҳисоблагичнинг “ҳунарлари” ҳақида икки оғиз гап. Электрчилар айтишича, бу ҳисоблагичнинг ишига ким, қай тарзда аралашса, ҳаммасини ўз номи билан ҳисоблаб борар экан. Бу, албатта, техниканинг ютуғи, баъзилар электр энергиясини ўғирлаши имконини йўқотади. Ҳисоблагичнинг яна бир ҳунари бор экан, буни электр тармоғининг унча-мунча ходими ҳам билмас экан. Гап шундаки, ҳамманинг ҳисоблагичи жадал ишлаб кетди. Ҳамма ҳайрон, жуда кўп ёзаяпти, деган шикоятлар кўпайиб кетди. Лекин электр тармоғи ходимларидан биронтасининг туки қилт этмади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам ёзилди, бироқ ҳеч қанақа расмий муносабат билдирилмади.
“Ақлли” ҳисоблагичлар электр сарфини кўп кўрсатаётганининг сабаби мана, бундай экан (Google сайтидаги маълумотлардан олинди).
Электр токи икки хил қувватдан иборат. Бири – актив қувват, иккинчиси – реактив қувват дейилади. Актив қувват аҳоли истеъмол қиладиган қувват, яъни ёритиш, иситиш, совитиш, шамоллатиш, юргизиш каби ишларга сарфланади. Реактив қувват истеъмолчилар ишлатадиган баъзи рўзғор асбоблари томонидан ишлаб чиқарилиб, электр тармоғига қўшилиб кетар экан. Бу қувват актив қувватга қараганда анча кичик бўлса ҳам, электр тармоғида “шилқимлик” қилиб юраверар, охир оқибатда электр токи ишлаб берадиган генератор ишига ҳалал берар экан. Мана, шу реактив қувватни янги ҳисоблагич истеъмол қилинган актив қувватга қўшиб юборар экан! Мана, муаммо қаерда! Мана, нима учун электр сарфини кўп кўрсатаяпти экан! Мана, нима учун аҳоли “ емаган сомсага пул тўлаб” юрипти экан!
“Ақлли” ҳисоблагичларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва жорий қилиш масалалари жуда катта идораларда ҳал қилинган. Ҳозирда маълум заводлар бундай ҳисоблагичларни “штамплаб” чиқариб ётибди. Ҳеч ким, аҳолидан ноҳақ тўловлар ундиришни бас қилайлик, демаяпти.Электрчилар янги ҳисоблагичнинг “мазаси”ни тушуниб қолдилар шекилли, уларни тезроқ ва кўпроқ ўрнатишга киришиб кетишди. Энди, хонадон эгасига айтиб ўтирмасдан, ўзлари шкаф эшигини очиб, ҳисоблагични алмаштириб кетавердилар. Бундай ишни квартира эгасининг кўзи олдида, ечиб олинаётган ҳисоблагич рақамини акт билан расмийлаштириб, икки томон тасдиқлаб, бир нусхасини квартира эгасига бериш керак эди. Электрчи ўзбошимчалик билан ечиб олдими, уй эгаси ҳисоблагич рақамини кўрмадими, буёғи энди бемалолчилик, хоҳлаган рақамни идоранинг китобига ёзиб қўяверади. Шундай жабр кўрган квартира эгаси, ҳали кўчиб бормаган, оз-оздан бўлса ҳам, ҳисоблагич кўрсатганича пулни тўлаб юрган. Охирги тўлови 7 май куни 216 квт бўлган. Бир ярим ойдан кейин, 20 июнда электр идораси ходими Баҳромов Жавоҳир (Юнусобод тумани) квартира эгаси иштирокисиз ҳисоблагични алмаштириб, ечиб олинганини ўзи билан олиб кетган ва ундаги рақамни ўзи истаганича ўзгартириб, идора китобига 805 квт деб ёзиб қўйган, МИБ га ҳам шу рақамни юборган. Мана, энди МИБ қарзинглар бор, тўлаб қўйинглар деб огоҳлантираяпти. Қурилиши тугаган, лекин уй эгаси кўчиб келмаган квартирада, бир ярим ой давомида, деярли 600 квт энергия сарф бўлган эмиш! Юнусобод электр тармоғи идораси ходимларига гап уқдириб бўлмаяпти , ҳисоблагичингизнинг кўрсатмаси 805квт деб, икки оёқни бир этикка тиқиб турволишган. Ҳисоблагични топинглар, деган талабга идора бошлиғи ўринбосари Иноятов (Юнусобод тумани) чиройли ваъда бераяпти.
Электр идорасида реестр ҳужжатлари тўплами бўлар экан, Юнусобод тумани идорасида 2019 йилнинг июн ойи реестрлари топилмади. Жабр кўраётган квартира эгаси додини кимга айтиши керак?! Унинг шикоятини эшитадиган маҳкама ё бир амалдор бормикин, бу дунёда?!
Электрчилар ўз қабиҳ ишини қилиб бўлди, буёғи МИБнинг иши! МИБ ва аҳоли ўртасида бўлиб турган жанжаллар, тўполонлар, ҳатто муштлашувларнинг сабаби энди маълумдур?
Электр тармоғининг бундай фирибгарона иши ўзи учун кўп томонлама фойдали: кўрсатилмаган хизмат, берилмаган маҳсулот учун пул ундиради ва бу қабиҳ ишнинг ижорсини МИБ га юклаб, ўзи бир четда томошабин бўлиб туради, МИБнинг эса, обрўси кундан кун тушиб, бир кун бекор қилинади-да, барча ҳисоб-китоб ишларини яна ўз қўлига олади ва хоҳлаганича “ҳунарлар” кўрсатиб юраверади.
МИБ ходимлари электр тармоғи идораси бераётган маълумотлар ҳақиқийми ё қалбакими, текшириб ўтирмайди, бунинг иложи ҳам йўқ, шекилли? Жабрланувчининг аҳволини енгиллатиш учун ҳеч нима қилмайди, уришса – уришаверади, лекин, ҳей, бу аҳволни тузатайлик, демайди, ишни суд орқали ҳал қилишга ўтади. Қалбаки рақамларни билиб турса ҳам, ҳеч қандай чора кўрмайди, ваҳоланки, МИБ прокуратура қошида очилган, бирор ўғирлик ёки ноҳалол иш ҳақида шубҳа туғилса, ишни тезда терговга ошириши керак эди. МИБ фақат фуқароларни мажбурлайдиган, жазолайдиган ташкилот бўлиб қолмасдан, ноҳалол ишлаётган коммунал хизмати корхоналарини ҳам жазоласин-да! Ҳозирча, МИБ бундай вазифа ҳақида ўйлаб кўрмаган, чоғи. Баъзи шикоятчилар айтишича, МИБнинг ўзи ҳам одамларнинг бўйнига қарздорлик ёзиб қўяр экан. Бундай муаммолар кетидан юрганлар МИБ идоралари эшигида ҳар куни узундан узоқ навбатлар ҳосил қилади.
Қачон бўлмасин, электр корхонаси идорасига кирсангиз (масалан, Юнусобод тумани) кўплаб одамлар шикоят билан келганларини кўриш мумкин, ҳаммаси корхонанинг масъул ходимлари билан бақир-чақир қилган, жанжаллашган, навбатда турган. Баъзилар пул тўлаш учун квитанция ёздириб олганини айтмасак, биронтасининг ноҳалол ёзиб қўйилган қарздорлик иши ижобий ҳал бўлмайди. Одамлар кимга шикоят қилишни билмайди, идора бошлиғи ҳеч қачон жойида бўлмайди, ўринбосари ким, ҳеч қаерда ёзилмаган…
Шундай жабр кўрганлардан бири айтади: Мен ҳам шунақа ноҳақ қарздор бўлиб қолган эдим. Олдинига роса курашдим, қаанча соғлиғим кетди, вақтим кетди, қарасам иш ҳал бўлмайдиган, яна сарсонлик давом этадиган. Бор-э, дедим-да ўша пулни тўлаб, қутилиб қўя қолдим. Мени айтди, дерсиз, эрта бир кун сизлар ҳам шундай қарорга келасизлар…
Электр ҳақида гапни шу ерда тўхтатсак ҳам бўлади. Шу ўринда саволлар туғилади: электрчилар қилаётган ноҳалол ишлар бошқа коммунал хизмати корхоналарида йўқми? Улар ҳалол ишлаяптими, нечта аҳоли ноҳақ қарздор бўлган? Пойтахт бўйича ҳар куни неча ўн минг одам сарсону саргардон бўлиб, муаммосини ҳал қилолмай, вақтидан, соғлиғидан, пулидан ажраб юрипти? Бунақа аҳвол Ҳукуматга қанақа обрў келтираяпти?
Қудрат ДўстМуҳаммад

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.