«666» сонли қарор: маданиятми ёки мусибат?

Янги ўқув йили бошланишидан аввал ижтимоий тармоқларда жуда бир муҳим мавзу бўйича кескин баҳслар бошланиб кетди. Мавзу — қизларнинг мактабларга ҳижоб ўраб келишлари. Тобора кескинлашиб бораётган ушбу баҳсларни Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган 666-сонли «ДАВЛАТ УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИНИ ЗАМОНАВИЙ ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ги қарори нуқта қўйиши лозим эди. Бироқ якунда бундай бўлмади ва шусиз ҳам кескинлашиб бораётган баҳслар яна-да кескинлашди.

Куни кеча таҳририятимизга Тошкент вилоятидан бир хат келиб тушди. Исми сир қолишини сўраган хат муаллифининг таъкидлашича, мактабларда болаларни янги ўқув йилига тайёрлаб боришнинг ўрнига ёппасига Вазирлар маҳкамасининг 666-сонли қарори ҳақида одамларга тушунтириб бериш ишлари олиб борилмоқда экан. Бу иш шу тариқа жиддий тус олганки, ҳатто:

«Президент 31 август, жума – қўшимча дам олиш куни;

1 сентябрь, шанба — Мустақиллик байрами;

2 сентябрь, якшанба — дам олиш куни;

3 сентябрь, душанба — кўчирилган дам олиш куни;

4 сентябрь, сешанба — кўчирилган дам олиш куни»

деб эълон қилган бир пайтда Тошкент тумани ҳокимияти ва ХТБ, мактаб ўқитувчилари 31 август, 1, 2, 3, 4 сентябр кунлари ҳам ишлашган. (Хат таҳририятимизга 2 сентябр куни келган, аммо муаллифнинг илтимосига кўра, уни бугун эълон қиляпмиз — таҳр.)

«Мактаб директорларидан бири: «Президент қарорига мувофиқ, бу кунлар дам олиш кунлари деб белгиланган, бизни ишга чиқаришга сизнинг ҳаққингиз йўқ» деб айтганига Тошкент Туман ХТБ бошлиғи Товбоев Зокир: «Таълим тизимида ишлаш чидаганга чиқарган, агар ёқмаса — шу бугуноқ аризангизни ёзинг!» деб дағдаға қилди» — деб ёзади исми сир қолишини сўраган хат муаллифи.

Муаллифнинг таъкидлашича, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ота-оналари йиғилган Телеграмнинг махсус гуруҳида қуйидаги хатлар келиб тушган:

«Ўқувчи қизлар ота-оналари билан ўтказадиган йиғилишларингиз вақтлари ва кунлари. Заранее йиғилиш баёни ва расмларни районога М. Таировага тақдим этинг соат 18:00 гача.

Ишчи гуруҳи тузиш бўйича баённома тақдим этган 2, 4, 6, 9, 11, 12, 14, 15, 17 18, 22, 28, 30, 31-мактабларларга раҳмат.

Топширмаган бошқа барча мактаблар раҳбарлари диққатига: БУГУН соат 21:00 гача районога топширишингиз ШАРТ. ДХХ га топширишимиз керак. Жиддий шуғулланиб топширишимиз керак баённомани.

Мазкур рўйхатдаги ўқувчиларни отаси ва онасини эртага соат 10:00 да ҳокимият йиғилиш залига келишини таъминланг. Тегишли мактаб раҳбарлари учун.

Хабарни тасдиқланг
4, 6, 10, 12, 14, 15, 27, 28-мактаб раҳбарлари».

Исми сир қолишини сўраган манбанинг бизга билдиришича, бундай мазмундаги хатлар Телеграмдаги гуруҳга тез-тез жўнатиб турилган. Навбатдаги хат қуйидагича кўриниш олган:

«Ҳурматли директорлар!
Вазирлар Маҳкамасининг 666-сон қарорини мактаб асосий ўкув бинолари фоесига ҳаммага кўринадиган жойига БУГУН рангли қилиб, печать қилиб, осиб қўйишингиз лозим.
Тартибли ва чиройли жойлаштиринг.

Хабарни тасдиқланг.
14, 6, 13, 27, 26, 23, 20, 16, 9, 25, 12-мактабларга раҳмат ВМ 666-сон қарорини мактаб асосий ўкув бинолари фоесига осгани учун. Топшириқни бажаргани учун.
Қолган мактаб раҳбарлари бугун соат 12:00 гача топшириқни бажариб, расмини Телеграммдаги группага ташланг».

Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорига эътибор жуда кучли эканлиги ҳақида Телеграмга келган навбатдаги хатдан билса бўлади:

«Ҳурматли директорлар!!!
Бугун соат 11:10 да Ёшлар телеканалида ҳижоб ўрайдиганлар тўғрисида кўрсатув бўлади. Шуни мактабда ҳижоб ёки рўмол ўрайдиган ўқитувчилар ва ўқувчи қизлар ҳамда уларнинг ота-оналари кўриши лозим. Ташкил қилинг.

Огоҳлантиринг ота-оналарни. Тез.

Кўрсатувни запис қилиш имконияти борлар запис қилдиринг. Илтимос.
Кейин ҳам керак бўлади.

Эртага ҳам соат 10:00 ва 14:00га бошлангич синф қизлари ота-оналари ва юқори синфдаги 1-3 сентябрда келмаган қизлар ота-оналари учун йиғилиш қиласиз.

Барча мактабдаги 1-11 синф синф раҳбарлари бугун, эртага синфидаги барча қизларни уйига боради, уйма-уй юради. Форма масаласида. «666-қарор» ижроси ва рўмол ўрамаслик тушунтирилади.

Ота-оналарга имзо куйдиради танишганлиги тўғрисида. «666-қарор» билан эртага соат 9:00 да Ҳокимият биносида йиғилиш бўлади. Шахсан директорлар қатнашади. Туман бош прокурори Э.Санақулов ўтказади йиғилишни.

Кечикмай протокол формада иштирок этинг. 15-мактабда «Ҳужрадаги суҳбат» мавзусида ота-оналар йиғилиши бўлиб ўтди».

«Булар янги ўқув йилига тайёрланадими ёки ўқувчиларни рўмолини ечадими?» — деб ҳақли савол билан бизга мурожаат этади хат муаллифи.

4 сентябр куни эса, муаллифдан навбатдаги хатни олдик:

«Бугун соат 9-да мактаб директорлари мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш ўрнига туман прокурори Санақулов мажлисида ўтирибди. Мавзу нималиги хаммага маълум»

Яна унинг қўшимча қилишича, биринчи қўнғироқ кунида Тошкент туманидаги барча мактабларда ДХХ ходимлари ўтирган. Тошкент туман ХТБ мудири Товбоев Зокир директорлар мажлисида: «Қайси мактабда битта ўқувчи ҳижобда келса, директори аризасини ёзади» деб айтган.

«Ўқув йилининг биринчи кунидаги директорларнинг ХТБга топширган ҳисоботи фақат ҳижоб тўғрисида булди», дейди хат муаллифи.

Кейинчалик исми сир қолишини сўраган манбанинг бизга юборган суратда ўқувчиларнинг жума намозига боришларини таъқиқлаш кампанияси бошланиб кетганлигини кўриш мумкин:

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Вазирлар маҳкамасининг «666 сонли қарори»га эътироз равишда Фейсбук ижтимоий тармоғида мақолалар ёзган бир қанча блоггерларга нисбатан тазйиқлар бўлганлиги ҳақида жамоатчилик хабар топган эди. Уйидан ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган Адҳам Олимов, Отабек Усмонов, Миразиз Аҳмедов ва Зиёвуддин Кабиров исмли блоггерлар кейинчалик бедарак йўқолган ва ҳалигача уларнинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

Маълумот учун, блогер Фейсбукда ёзган мақоласи учун қамалиши, тазйиққа учраши ёки изсиз йўқолиб кетиши Ўзбекистон тарихида аввал ҳеч қачон кузатилмаган эди. Қизиғи шундаки, бу жирканч ҳолатлар репрессиялар кучли бўлган аввалги сиёсат пайтида эмас, балки янги давр дея эътироф этилаётган бугунги кунларда содир бўлмоқда. Хусусан, яқиндагина ТВ эфирларига узатилган «Жаноб Президент» филми давомида «Бугунги кунларда биз «сўз эркинлиги»га эришдик, маҳаллий ОАВ ва журналистлар ҳам бемалол танқидли мақолалар ёзишяпти» деб айтган Президент Шавкат Мирзиёев ҳам бугунги ҳолатлар бўйича ҳеч қандай фикр билдирганича йўқ.

Дунё жамоатчилиги олдида эндигина ўз гавдамизни кўтараётган бир паллада, ушбу ишлар кўпроқ Ўзбекистон обрўсини туширишга хизмат қилади. Жумладан, АҚШ пойтахти Вашингтонда нашр этиладиган нуфузли The Diplomat сайти ўзбекистонлик блоггерлар ҳақида мақола ёзишга ҳам улгурди. Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистон имиджига жиддий таъсир ўтказиши аниқ. Шавкат Мирзиёев демократик давлат қуришни мақсад қилган бир пайтда, бу каби сўз эркинлигига қарши репрессиялар ортида қандай мақсадлар тургани, очиғи, тушунарсиз.

Умид қиламизки, тез орада бу тушунмовчиликларга барҳам берилади ва изсиз йўқолган блоггерлар ўз уйларига эсон-омон ҳолатда қайтадилар. Зеро, тўртта қамалган блоггерлар воқеаси ортидан биз дунё жамоатчилиги олдида ўз мавқеимизни тушириб бормоқдамиз ва юртимизга келиши кутилаётган инвесторларнинг кўнглини совутмоқдамиз. Бир неча миллиард долларли инвестицияларга қўлимиз етай деб турганда, тўртта блоггерни қаматиб, нимага эришмоқчимиз?!

Темурмалик Тожиддинзода

Биринчи изоҳ

  1. Карсак чалиб доимо бахтимиз ошкор этдик. Ликил ликил ликиллаб шодликни изхор этдик. Кетимизга тепса хам совга деб кабул килдик. Бизга зулм килганни мард дея ашъор битдик.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *