Иблисни туёқ ва шохсиз суратга олиш санъати ёхуд халқни захарлаётган ЕОИИ тарғиботи

Тажрибали тарғиботчининг кучи шунчалик улканки, у инсонга ҳар қандай исталган шаклни беришга қодир, ва ҳатто ўз нуқтаи назарида энг ривожланган, энг мустақил бўлган одамлар узоқ вақт давомида бошқа барча маълумот манбаларидан ажратилган бўлса, бу таъсирдан бутунлай қутула олмайди.

Фредерик Август фон Хейк

Тарғибот — бу иблисни туёқ ва шохсиз суратга ола билиш санъати.

Ханс Каспер

Ўзбекистон ЕОИИга кириши кутилаётганлиги ҳақида хабарингиз бўлса керак. Яқинда Россия Федерацияси Бош вазири Дмитрий Медведев юртимизга ташриф буюргани ҳам қайсидир маънода ушбу шубҳаларнинг ҳақиқатга айланишини мустаҳкамлашга эришди. Россия матбуотида тарқалган хабарларга қараганда, учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Улар ҳам ушбу учрашувдан бирор бир маълумотга эга эмас, бироқ мустақил экспертларнинг тахмин қилишларича, ушбу учрашувда Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши масаласи кўрилган ва бу борада узил-кесил бир тўхтамга келинган. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин — буни билмаймиз. Расмий ОАВ ҳам бу борада лом-мим дегани йўқ. Кутишдан бошқа чорамиз йўқ. Ҳозирча.

Яқинда мустақил журналист ва публицист Нозим Сафари ўз телеграм каналида қуйидагича хабар қолдирди:

“Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши узил-кесил аниқ бўлган, шекили. Кеча “Ўзбекистон24” телеканалининг “Қарама қарши” кўрсатувида қарийб барча бир овозда иттифоққа қўшилишни ёқлаб чиқди. Бу эса ЕОИИга қўшилишимиз ҳақида жиддий сигнал. Маълумки, МТРК орқали ҳукумат тез-тез сигналлар бериб боради.

Тўйлар ҳақидаги қарордан олдин ҳам “Муносабат” ток-шоусида тўйлардаги дабдабавозлик роса қораланган эди. Орадан бир ойча ўтар-ўтмас Сенатнинг бу тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинди. Тасодифлар тасодиф эмас”.

Менга давлатимиз иттифоққа кириш олдидан халқни бу хабарга тайёрлаш тараддудини кўраётганга ўхшаб туюлди. Гўёки кимлардир катта кампанияга старт бергандек. Эътибор беринг, Нозим Сафари “Қарама қарши” кўрсатувида Ўзбекистоннинг ЕОИИга киришини оқлангани ҳамда у ерда иттифоқнинг асосан ижобий томонларини санаб ўтилганини таъкидлаб турган бир вақтда, Телеграмдаги машҳур блогинг “Қўшни маҳалла” ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлагандек, қайсидир, иқтисодга ҳам, бугунги сиёсатимизга ҳам ҳеч қандай алоқаси бўлмаган собиқ амалдорнинг ушбу сўзларини эълон қиляпти:

“Ўзбекистоннинг Тожикистондаги собиқ элчиси Шоқосим Шоисломовнинг фикрича, Ўзбекистон албатта Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиши шарт! У Иттифоққа қўшилишнинг 10 та фойдали томонини санаб ўтди:

1. «Чекловларсиз савдо» — ЕОИИ мамлакатлари бозорига божхона тўловлари ва чекловларсиз кириш.

2. «Транспорт тўсиқларининг олиниши» — ЕОИИ га аъзо мамлакатлар орқали товар экспорт қилишда қулай шарт-шароит ва нархлар.

3. «Ягона меҳнат бозорини шакллантириш» — Россиядаги ўзбекистонлик мухожирларни «меҳнат патенти» тўловидан озод қилиш ва ЕОИИ мамлакатлари ҳудудида бошқа солиқ тўловларини бекор қилиш.

4. «Банк-молия бозоритнинг ривожланиши» — ЕОИИ мамлакатлари банклари ва Ўзбекистон банклари ўртасида имтиёзли шартларда ҳамкорлик қилиш имконияти.

5. «Макроиқтисодий барқарорликни сақлаш» — Ўзбекистонда бозорни тўлдириш ҳисобига нархларни пасайтириш ва инфляцияни енгиллаштириш.

6. «Инвестицияларни жалб қилишнинг янги имкониятлари» — ЕОИИ мамлакатлари томонидан Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича имтиёзли шартлари.

7. «Кооператив алоқаларни фаоллаштириш» — ноу-хау асосида қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш имконияти.

8. «Умумий энергия бозорига интеграциялашув» — ЕОИИ мамлакатларидан Ўзбекистонга энергия ресурсларини импорт қилишда имтиёзли шартлар ва нархлар.

9. «Сайёҳлик салоҳиятининг ўсиши».

10. «Фан ва таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик» — таълим услуби ва методикасини алмашлаш имконияти.

Санаб ўтилган афзалликларга қарамай, Шоисломов барча техник жиҳатларни синчковлик билан таҳлил қилиш ва Ўзбекистон бозорида рақобатга тайёрланиш зарурлигини таъкидлади. © Kun.uz”.

Эътиборлиси, бу иқтибос ўзбек интернет журналистикасида юқори поғоналарни эгаллаб турган KunUz сайтида эълон қилинмоқда. Ўзбекистонда бирор бир қарор имзоланиши кутилаётган бир пайтда, ОАВ, телевидение ва ижтимоий тармоқларда ўша қарорнинг фақатгина ижобий томонлари санаб ўтилишига ўрганиб ҳам қолдик. “Тарғибот машинаси” ҳаракатга тушдими, демак билингки, тез орада бирор бир расмий қарор қабул қилинади. Биз бунга биринчи маротаба гувоҳ бўлганимиз йўқ. Масалан, АЭС қурдириш олдидан ҳамма жойда унинг жамиятимизга тегиши мумкин бўлган фойдали томонлари ҳақида роса гапирилган эди. Бу ишлар кенг қўламли амалиёт тарзда олиб борилди ва якунда АЭС қурдириш ҳақидаги қарор қабул қилинди. Ваҳоланки, унинг минус томонлари ҳам етарли эди, аммо бу ҳақда ҳеч ким эслашни истамади ёки эслаганларнинг фикрлари қарши аргументлар остига кўмилиб кетди..

Бирор бир қарор имзоланиши олдидан жамоатчиликка унинг фойдали томонлари билан биргаликда зиёнлари ҳам ошкор этилиш тарафдориман. Халқ ҳаммасини билиб олсин, фикрласин, ўзига керакли маълумотларни кераксизларнинг чангалидан ажратиб олсин-да, ўзи учун керакли хулосалар чиқариб олсин. Давлат ўзи истаган нарсасини кенг қамровли пропаганда йўли орқали халққа тиқиштириши — бу заифлик белгисидир. Демак, у халқнинг фикрлаш ва ўзига керакли бўлган нарсани филтрлаб олиш салоҳиятидан қўрқади. Юқорида Ханс Каспернинг сўзларига мувофиқ иш кўрмай, бизга «иблисни» борича намоиш этиб беришсин.

Мен ЕОИИга киришга бутунлай қаршиман. Бунда биринчи ва энг муҳим фактор — РФ президенти Владимир Путиндир. Токи унинг империялистик ғоялари мавжуд экан, бу мамлакат билан масофа сақлаш лозим. Путиннинг «тили» дея эътироф этиладиган Россия Федерациясининг ЛДПР партияси раҳбари Владимир Жириновский Тожикистондаги ташрифи давомида, дунёдаги энг буюк мамлакат 300 миллионлик фуқароларга эга бўлиши кераклигини айтиб туриб, Ўрта Осиё мамлакатларини РФга қўшилишга очиқчасига даъват этган эди. Владимир Путин ҳам ўз навбатида, АҚШ ва ғарбдан «тарсаки» қабул қилгач ва улар билан яхши алоқаларни қайта тиклаб бўлмасликни англаб етгач, ўз эътиборини Ўрта Осиё, Хитой ва яқин шарқ давлатларига қаратиши табиий. Шунинг учун РФ улар билан алоқаларни мустаҳкамлашга бел боғлаяпти. Бу ишни бажариш учун Путиннинг умри етарлими, йўқми, буни билмайман, аммо Путиндек шахс ўз манфаатлари учун ҳеч нимадан тоймаслигини жуда яхши биламан. Шунингдек, Путин географик жиҳатдан мамлакатни кенгайтириш йўлида ҳар қандай ишга қўл уришга (ҳаттоки бунинг оқибатида молиявий инқирозга дуч келса ҳам) тайёр эканлигини бутун дунёга исботлади. Қримнинг аннексияси бунга ёрқин мисол.

Бундан ташқари ЕОИИга аъзо бўлиш қарори иқтисодий томондан ҳам давлатимизга етарлича ташвиш туғдириши мумкин. Ўзбекистон Россия Федерацияси учун тайёр маҳсулотлар истеъмоли бозорига айланади. Яъни, Ўзбекистоннинг эндигина униб келаётган ишлаб чиқарувчилари синади. Бунинг учун рус корпорациялари бир-икки йиллик демпинг (нархларни бозор даражасидан қуйига тушириш) билан маҳаллий бозорни синдиради. Ўзбекистонликлар эса Россияга фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва арзон иш кучини таклиф қила оладиган бўлиб қолади.

Қишлоқ хўжалик сектори учун кўп ишчи кучлар керак эмас. Бу дегани — Ўзбекистонда ишсизлик янада ортади. Ёшу-қари эркак ва аёлларнинг Россияга миграцияси янада ортиб кетади. Россияда меҳнат ҳақи янада арзонлашиб кетади ва маҳаллий рус аҳолисининг аксилмигрант ва ирқчилик кайфияти янада қўзғалиб кетади. Ўзи шундоғам ўз давлатидан норози россияликлар аламларини “ўзгалардан” олиш ҳолатлари авжига чиқади. Рус давалати эса, “ёмоннинг кучи япалоққа”, деб четда индамай қараб тураверади ва унинг устига мигрант бошига янгидан янги қийинчиликлар ва солиқлар солади. Билиб қўйинглар, рус ҳукумати ҳеч қачон ирқчилик ва мигрантафобияга қарши ташвиқот олиб бормаган ва олиб бормайди. Бу улар учун тинчликни сақлаш йўлида бажарилиши мумкин бўлган ягона ташвиқот саналади. Сабаби, улар норозилик кайфиятидаги аҳоли эътиборини миграция муаммосига қаратиш орқали, оз бўлса-да, минтақадаги нохуш аҳволни енгиллаштиришга эришишади. Яъни пропаганда ёрдамида халқ эътиборини бошқа томонга қаратишади.

Арзон ишчи кучи ва арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ватанимизга жуда оз фойда келтиради. Арзон маошга фақат арзон маҳсулотларни олиш мумкин. Бунинг оқибатида, Россия Федерацияси ва Белоруссия юртимизга энг сифатсиз ва зарарли товарларни сотади, чунки ундан яхшироғини олишга ўзбек аҳолининг қурби етмай қолади.

ЕОИИга киришнинг бошқа салбий оқибатлари ҳам бор. Мен фақат баъзиларини келтирдим, холос. Ўйлайманки, холис мутахассислар бундан-да кўпроқ маълумотга эгалар. Бу “иттифоқ” ватанимизни янада қашшоқлаштириши, давлатимизни заифлаштириши, халқимизни эса ночорликка итариши мумкин. Бу “иттифоқ” зўр бўлганида, унга аъзо мамлакатлар (Белоруссия, Арманистон, Қирғизистон) аллақачон оёққа тура олишарди. Афсуски, бугунги ҳолат ундай эмас.

Шунча жон куйдиришимиздан фойда йўққа ўхшаяпти, чунки биз кундан-кунга ЕОИИга яқинлашиб боряпмиз, назаримда. Мадомики, бу ташаббус, бу қарор юзасидан халқдан ҳеч қандай фикр олинмас экан, унда шу халқнинг ўзи раҳбарликка тайинлаган президентга ишонишдан ўзга чорамиз йўқ. Бу ҳам нормал ҳолат аслида. Яъни сиз ўзингиз овоз берган, қўллаб-қувватлаган давлат раҳбарига мамлакатни ишониб топширасиз ва унинг қарорларини ҳурмат қилиб, охиригача чидаб, вазиятни кузатасиз. Агарда бу қарор якунда бизга зафарлар олиб келса, унда президентнинг ўз вақтида танлаган тўғри йўлини мақтаймиз ва олқишлаймиз. Лекин, бунинг акси бўлиб, мен ва бир қанча мутахассисларимиз ҳайиқиш ҳис қилган мудҳиш ҳодисалар юз берса… Унда нима қиламиз? Ҳамма гап мана шунда. “Импичмент” (ишончсизлик вотуми) ҳақидаги қарорни кун тартибига киритиш вақти келди, шекилли.

Темур Малик

 

Биринчи изоҳ

  1. Fayzbog’jon, xuddi ozingiz, faqat PLUSLAR EMAS MINUSLAR HAM SANAB OTILSIN deganizgizdek, bunyerda ham FAQAT MINJSLAR EMAS PLUSLARNI HAM sanab otsayiz, adolatliii bolarmidi. Yoki sizdek XOLIS tahlilchining kozlari kormadimikin pluslarni

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.