5 сентябрдан — 8100 сўм! Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 3889 сўм 65 тийинга ошди

Ўзбекистон Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги, 5 сентябрдан амал қиладиган қийматларини белгилади.

Унга кўра, 1 АҚШ доллари қиймати 8100 сўм этиб белгиланган. 29 августдаги курсга нисбатан доллар қиймати 3889 сўм 65 тийинга ошган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ, «юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаш» валюта бозорини янада либераллаштириш соҳасида давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб эълон қилинган эди.

Президент фармони билан мамлакат ҳудудида товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар фақат миллий валютада кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари 5 сентябрдан ўз тарифларини сўмга ўтказишини, лекин нархлар ошмаслигини эълон қилди.

Айни вақтда, ўз маҳсулотлари ва хизматлари учун нархларни АҚШ доллари ва бошқа хорижий валютада кўрсатиб келган GM Uzbekistan ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ҳам тарифларни тўлиқ сўмга ўтказиши, нархларни «музлатиши» ҳақида эълон қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи, таълим учун тўловни шу кунгача Марказий банк курси бўйича сўмда қабул қилиб келган олий таълим муассасаларидан Тошкентдаги Инҳа университети нархлар долларнинг 29 августдаги расмий курси бўйича белгиланиши ва ўқув йили давомида ўзгармаслигини эълон қилди, Сингапур менежментни ривожлантириш институти эса контракт асосида ўқишга кирганларга шартнома тарқатишни вақтинча тўхтатган.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.