«Туризм, меҳмонхона ва сервис» олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларим

Туризмни ривожлантириш учун Президентимиз томонидан кўп қарорлар чиқариляпти. Самарқанд, Хива, Бухоро шаҳарларини туристик фаолиятини яхшилаш учун дастурлар қабул қилиняпти. Хива ва Шаҳрисабз вилоят бўйсунувидаги шаҳарларга айлантирилди.

Фикримча, туризмни ривожлантиришда Сингапур тажрибаси бизга ўрнак бўла олади. Биз қачонгача қиммат-қиммат контракт пулларини тўлаб фарзандларимизни бошқа давлатнинг ОТМ муассаларида ўқитамиз? Менимча, ҳар бир соҳада мавжуд бўлганидай, туризм соҳасидаги кадрлар муаммосини ҳам ечиш вақти келди.

Тошкентда Сингапур менежментни ривожлантириш институти бор, аммо бунинг ўзига яраша муаммолари кўп.

1. Тўлов-контракт пули қиммат. Бу эса кучли қобилиятга эга ҳар қандай инсонни ўқий олиш имконини бермайди;

2. Бу ОТМни битказаётган бирорта кадрни шахсан мен ўз юртида на иқтисодиётни, на туризмни ривожлантириш учун ишлаётганини кўрмадим, уларнинг кўпчилиги четга чиқиб ишлаш хаваси билан ўқимоқда;

3. Сингапур Менежментни ривожлантириш институтининг Ўзбекистондаги филиали Туристик худудлардан анча узоқда жойлашган (амалиётни ўз ватанидаги туристик объектларда ўтказмайди, демакки, унда эртага ўз ватанини ривожлантиришдек ватанпарварлик туйғусига эга бўлмайди).

Ўзимизда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласи қандай?

Бизда туризм, меҳмонхона хўжалиги учун кадрлар, бу йўналиш очилгандан бери Тошентда иқтисодиёт университетида тайёрланади. Лекин, иқтисодиёт соҳасига туризмнинг нафақат йўналиши, балки билим соҳаси ҳам умуман тўғри келмайди. Мана масалан:

Туризм йўналишига тўғри келадиган билим соҳасининг номи-ХИЗМАТЛАР СОҲАСИ, таълим соҳаси эса, Хизмат кўрсатиш соҳаси, иқтисодий мутахассисликлар эса, ИЖТИМОИЙ СОҲА, ИҚТИСОД ВА ҲУҚУҚ билим соҳасига тегишлидир.

Яъни, туризмга таалуқли мутахассисликлар классификатори “56ххххх” кўринишида бўлса, иқтисодиёт соҳаси “52хххххх” кўринишда бўлади.

Оддий қилиб тушинтирадиган бўлсак, туристик мутахассисларни иқтисодчилар тайёрлаши ҳозирги замон талабига жавоб бермайди. Ваҳоланки, туризм ва меҳмонхона соҳасининг ўзи алоҳида тизим. Бир вақтлар, информатика, математика ихтиссослиги билан ёнма-ён бўлган, лекин ҳозирда бу соҳанинг ўзини яна бўлакларга бўлиб ташланганини кўриш мумкин. Чунки замон шуни талаб қилмоқда.

Таклифим шундан иборат:

1.  ТАТУ ва унинг филиаллари ташкил қилингани каби, Иқтисодиёт университетини, “Туризм, меҳмонхона ва сервис” олий таълим муассасасига айлантирилиши ва унинг Хива (Урганч эмас, айнан Хива, бунинг ўзига яраша сабаблари бор), Самарқанд ва Бухорода филиалларини ташкил қилинишини таклиф қиламиз.

Агар, Иқтисодиёт университети ўзгартирилса, у ҳолда иқтисод соҳасининг мутахассислари қаерда тайёрланади?

Биз биламизки, Республикада яна битта иқтисодчилар тайёрлайдиган ОТМ бор — бу молия институти. Иқтисодиёт ва молия соҳаси ихтисосликларини тайёрлаш учун, менимча, битта ОТМнинг ўзи етарли. Биринчидан, молия ва иқтисод битта билим соҳасига тегишли (ҳар иккаласи ҳам, “52хххххх” кўринишида). Иккинчидан, Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ИЖТИМОИЙ СОҲА, ИҚТИСОД ВА ҲУҚУҚ билим соҳасига қабулни босқичма-босқич камайтириш (8.6% гача) назарда тутилган (демак, мутахассис етарли). ХИЗМАТЛАР СОҲАСИни эса, аксинча, 39.7% гача ошириш назарда тутилган.

Энди кейинги савол: нима учун айнан Самарқанд, Бухоро ва Хивада?

Туристик ҳудудга яқин бўлса, ҳар томонлама яхши — талабаларнинг Ўқув амалиётлари, ишлаб чиқариш амалиётлари ҳамда БМИлари бемалол ўз соҳаси билан боғлана олади ва туристик объектларга бориб келиши осон кечади. Иккинчидан, ОТМ ўзини туристик объектларда илмий тадқиқот, ўқув ва бошқа лойиҳавий ишларни амалга ошириши билан, туристларга хизмат кўрсатиш эвазига бемалол ўзини ўзи таъминлаши мумкин бўлади. Учинчидан, эртага ҳақиқий кадр ва битказган кадрни ишга кириш муаммоси ечилади.

Шунинг учун, филиални Урганчда эмас, Хивада очиш мақсадга мувофиқ. Бу Президент Хивани туристик салоҳиятини ошириш, уни Вилоят бўйсунувидаги шаҳарга айлантириш қарорига ҳам мос келади.

“Туризм, мехмонхона ва сервис” бўйича мутахассис тайёрлаш ОТМи ва унинг филиалларини моддий-техник базасини таъминлаш, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфига берилса, ОТМ туризмдан тушган фойда эвазига таъминланиши мумкин.

Ойбек Алиев

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *