Фарғона вилоят ҳокими халқдан узр сўраши шарт! (Петиция манзили)

Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниевнинг 2018 йил 23 январда ўтказилган селектор йиғилишида Ақтўбе қурбонлирини «ҳаромийлар» деб ҳақорат қилгани, уларнинг оилаларига берилган «беғараз» моддий ёрдамни миннат қилгани ва Тошлоқ туман аҳолисинининг ҳажга бориш ёки хорижга чиқишини чеклашга ҳаракати — пасткашликнинг энг пастки нуқтасидир.

2016 йилнинг 16 октябрида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев мактаб директорларини уриб ҳақоратлагани учун жавобгарликка тортилган эди. Суд томонидан Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) асосан энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган эди холос. (…)

Ўшанда, Дилмурод Раҳматуллаевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) бўйича эмас, балки «Мансабдор шахснинг Давлат томонидан берилган ваколатларни суистеъмол қилганлиги» бўйича жавобгарликка тортилиши ҳамда Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши унга нисбатан «ишончсизлик вотуми» масаласини кўриб чиқиши керак эди.

Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниев Дилмурод Раҳматуллаевдан эстафета таёқчасини олиб, ундан анча илгарилаб ҳам кетди.

Ҳокимлик ходимлардан бирининг айтишича, ҳоким сўзларини келгусида бу каби фожиали ҳолатлар такрорланмаслигининг олдини олишдаги уриниш деб қабул қилиш керак экан.

Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасовнинг маълумотига кўра, ҳоким буларни «алам устида гапирган» экан.

Алоҳида айтиб ўтиш жоизки, бу Шухрат Ғаниевнинг биринчи сўкиниши эмас. Унинг оддий одамларни «пешонангдан отаман», «чўчқа», «манга қолса ҳаммангнинг каллангни сапчадай узиб ташлайман», деб камситишлари ҳакида маълумотлар аввал ҳам эълон қилинган.

Ҳаттоки дунёнинг энг нуфузли давлати – АҚШда ҳам президент Дональд Трампнинг дискриминацион ва ирқий баёнотлари юзасидан бир гуруҳ АҚШ шифокорлари президентнинг руҳий соғлиғини текшириш талаби билан чиққанлиги — дунё демократиясининг ютуғидир. Шу каби, Шухрат Ғаниевнинг ҳам руҳий соғлиғи текширирилса ёмон бўлмас эди. Фарғона вилоят ҳокими оддий жарима билан қутилмаслиги керак.

 

Бундан ташқари, Ғаниев ўз айбига иқрор бўлиб, жамоатчилик олдида Ақтўбе курбонлари оилалари хамда Тошлоқ тумани аҳолисидан кечирим сўраши шарт!

 

Шу боис, Конституциявий ҳуқуқларимдан фойдаланган ҳолда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг руҳий соғлиғини текшириш ва хизмат ваколатини суистеъмол қилганлиги юзасидан унга нисбатан «ишончсизлик вотуми» эълон қилиниши масаласини муҳокама қилиш учун Олий Мажлис номига петиция йуллашни лозим деб ўйлайман.

Петиция манзили

Мирзо Субханов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *